ЎзА Ўзбек

02.05.2019 20:28 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти Россия ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Россия ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-мажлисида қатнашиш доирасида мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон –Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юқори суръатларда ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўз навбатида, Сергей Лавров Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. 
 
1.jpg

Томонларнинг сиёсий иродаси ва олий даражадаги фаол мулоқот ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, уни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда савдо, инвестиция, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳалар, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа йўналишларда қўшма дастурлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро алоқалар салоҳияти рўёбга чиқмоқда.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

2.jpg

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Сергей Лавров Россия Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда барқарорлаштиришга кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериши ва уларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашув якунида томонларнинг халқларимиз фаровонлиги, минтақанинг тинчлиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти йўлида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида интилишлари қатъий экани таъкидланди.

ЎзА
7 520