ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 август куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Банк мамлакатимизда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқда. Бугунги кунда Бухоро вилоятида сув таъминоти ва сувоқова тизимларини ривожлантириш, автомобиль йўлларини реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 1,3 миллиард доллардан зиёд бўлган илк инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ишлари якунига етмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда ижтимоий, коммунал ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, саноат корхоналари ва кичик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, минтақавий савдони ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг молиявий ресурсларини жалб қилган ҳолда янги дастурларни илгари суриш масалаларига бағишланган бугунги давра суҳбати муваффақиятли бўлгани алоҳида қайд этилди.

Самарали ҳамкорлик бўйича ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек, шериклик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган икки томонлама тадбирлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

ОИИБ президенти давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда мамлакатимизда устувор лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш йўлида аниқ чоралар кўриш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Цзинь Лицюнь мамлакатимиз ва бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида банкнинг Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини таъкидлади.

1цу.jpg


2.jpg

7 748
ЎзА