Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.10.2017 11:05 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти Хоразмга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида 14 октябрь куни Хоразм вилоятига келди.

Хоразм йирик саноат корхоналари, транспорт ва коммуникация тизимлари, кичик бизнес салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали, “UzXMG” экскаватор заводи, “Ўзтекс Шовот”, “Хоразм маиший техника” корхоналари, “Хоразм шакар” қўшма корхонасида ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мураккаб иқлим шароитига қарамай вилоят деҳқонлари қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразмга ташрифи чоғида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, ижтимоий объектлар барпо этиш ва инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди.

Шунга мувофиқ, ўтган даврда ҳудудда кўплаб янги корхоналар, кичик бизнес субъектлари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилди. Туризм, тўқимачилик, балиқчилик, паррандачилик, ирригация ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Уй-жойлар, шифохоналар, мактаб ва санъат даргоҳлари қурилди. Яна қатор лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Президентимизнинг Хоразм вилоятига сафари давомида аввалги ташрифда белгиланган режалар қандай амалга оширилаётгани билан танишиши, ҳудуд тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича истиқболдаги долзарб вазифалар белгиланиши режалаштирилган.

Анвар Самадов, Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
5 811






Все о погоде - Pogoda.uz