Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.09.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директорини қабул қилди

Нью-Йорк, 19 сентябрь. ЎзА махсус мухбири Анвар Самадов хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу учрашувдан мамнунлигини билдириб, Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг яхшиланишида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Жамғарма мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Жорий йил май ойида Ўзбекистон делегацияси Халқаро валюта жамғармасида валюта сиёсатини ислоҳ қилиш бўйича учрашув ўтказди. Июль ва сентябрь ойларида Жамғарма экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, вазирлик ва идораларда иқтисодий ислоҳотлар бўйича фикр алмашди.

Жамғарма фармойиш берувчи директори 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодий ва таркибий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётгани билан давлатимиз раҳбарини қутлади.

Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ валюта муомаласида бозор механизмлари жорий этилгани соҳадаги маъмурий тўсиқларни бартараф этди, бизнес вакиллари учун тенг шароитлар яратди.

Кристин Лагард Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор эканини таъкидлади.

Учрашувда валюта ислоҳоти жараёнида давлат органлари ва тижорат банкларини қўллаб-қувватлаш, савдодаги тарифларни камайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди. Давлат бюджетини профицит билан бажариш, солиқ маъмурчилиги ва давлат статистикаси соҳасини тубдан яхшилаш, банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш, ташқи савдо сиёсатини эркинлаштириш каби навбатдаги вазифаларга эътибор қаратилди.

Ўзбекистон билан Халқаро валюта жамғармаси ҳамкорлигини кенгайтириш, мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали Ўзбекистон молия тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

4 509






Все о погоде - Pogoda.uz