Ўзбекистон Президенти Беларусь Президенти билан учрашди
Сочи шаҳрида ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг учрашуви бўлиб ўтди.
Сочи, 11 октябрь. ЎзА махсус мухбири Анвар Самадов хабар қилади.Сочи шаҳрида ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг учрашуви бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарларининг 2016 йил Самарқандда ўтган учрашувидан кейин Ўзбекистон ва Беларусь муносабатлари фаоллашгани, ўзаро савдо айланмаси сезиларли ошганини таъкидлади. Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Александр Лукашенко Беларусь Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Беларусь Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий шерик сифатида қарайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда.
Қўшма корхоналар ташкил этиш, савдо уйларини кенгайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Беларусь Президенти Александр Лукашенкони Ўзбекистонга таклиф этди.