ЎзА Ўзбек

19.10.2012 17:36 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига

Муҳтарам дўстлар!

Мамлакатимиз олдида турган эзгу мақсадларни амалга ошириш, кўптармоқли иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсишини таъминлаш, унинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, эл-юртимиз фаровонлигини ошириш йўлида қўлга киритаётган ютуқ ва марраларимиз барчамизни албатта қувонтиради ва эртанги кунга бўлган ишончимизни янада кучайтиради.

Шулар қаторида пахтачилик соҳасида жорий йилда 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этиб, катта меҳнат ғалабасига эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ҳаммамизга чуқур мамнуният етказади.

Бу ғалабанинг осонлик билан эмас, ўта оғир шароитда, машаққатли меҳнат ва фидойилик ҳисобидан қўлга киритилгани унинг моҳияти ва аҳамиятини, қадр-қимматини янада оширади ва барчамизни руҳлантиради.

Бу ҳақда гапирганда, айтиш керакки, ўтган йил кузда – янги мавсумга тайёргарлик пайтида бошланган ёғингарчилик, қорли ва аёзли кунларнинг февраль ойига қадар чўзилиб кетгани, бунинг натижасида ерларнинг шўрини ювиш, экишга тайёрлаш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келгани, ёз ойларида эса ҳаво ҳароратининг кескин даражада юқори бўлгани, турли қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва касалликлар кўпайгани деҳқонларимиз учун жиддий ташвиш ва муаммолар туғдирмасдан қолмади.

Буларнинг барчаси дала меҳнаткашларидан ҳақиқатан ҳам катта мардлик, мустаҳкам ирода ва қатъиятни талаб қилди ва мўл ҳосил яратиш йўлида бутун имконият, бор куч-ғайратни сафарбар қилишга тўғри келди.

Мана шундай мураккаб бир шароитда эришган ютуқларимиз, яъни мамлакатимиз бўйича пахта ҳосилдорлиги ўртача 26,5 центнерни ташкил этиб, 5 йиллик ўртача кўрсаткичга нисбатан 1,6 центнерга ошгани, етиштирилган ҳосилнинг ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, ғоят қисқа муддатда – 35 иш кунида йиғиб-териб олингани, унинг 90 фоизи юксак сифат билан юқори сортларга топширилгани ҳар қайси деҳқон, ҳар қайси фермер, ҳар қайси мутахассисдан ҳақиқий матонат ва жасорат намунасини, уюшқоқлик ва сафарбарлик кўрсатишни талаб қилганини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, сиз, азиз пахтакорларимизнинг ҳар бирингизни бағримга босиб, ўз зиммангизга олган шартнома мажбуриятларини шараф билан адо этганингиз билан чин қалбимдан табриклашни ўзим учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.

Қадрли юртдошлар!

Бугун, мана шу қувончли айёмда пахта тайёрлаш бўйича бошқаларга ўрнак ва намуна бўлиб, мамлакатимизнинг улкан хирмонига муносиб ҳисса қўшган вилоят ва туманлар, фермер хўжаликларининг номларини ҳурмат билан тилга олишимиз ўринлидир.

Бу ҳақда сўз юритганда, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларининг пахтакорлари биринчилардан бўлиб юксак маррага етиб келганлари, гектаридан ўртача 30-35 центнердан ҳосил олишга эришганларини алоҳида таъкидлаш лозим.

Амударё, Кегейли, Чимбой, Пахтаобод, Шаҳрихон, Мингбулоқ, Олтинкўл, Поп, Дўстлик, Оқолтин, Бўка, Бувайда, Ўзбекистон, Навбаҳор, Вобкент, Нарпай, Иштихон, Шеробод, Косон, Гурлан туманларида ҳосилдорлик ўртача 35-40 центнерга етгани айниқса эътиборлидир.

Беруний туманидаги “Акром”, Амударё туманидаги “Ғайрат”, Шаҳрихон туманидаги “Азиз”, Пешку туманидаги “Фаттоев”, Навбаҳор туманидаги “Диёрбек Сулаймонов”, Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил”, Оқолтин туманидаги “Нурафшон орзу”, Данғара туманидаги “Ёқубжон Дадамирза”, Хонқа туманидаги “Исмоил ота” фермер хўжаликларининг гектаридан 45-50 центнерга етказиб ҳосил олишга эришгани фермерлик ҳаракатининг имкониятлари нақадар катта эканини яна бир бор намоён этди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Ана шундай ўта оғир, шу билан бирга, шарафли меҳнат эвазига етиштирилган мўл ҳосил мамлакатимизнинг қайта ишлаш корхоналарини юқори сифатли хомашё билан таъминлаши ва ундан пахта толаси, ип-калава, текстиль маҳсулотлари, ёғ, совун, кунжара каби 25 дан зиёд турдаги маҳсулот олинишини, пахта толасини экспорт қилиш ҳисобидан келадиган валюта маблағларини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, деҳқонларимизнинг қадоқ қўллари билан яратилган бу юксак хирмоннинг нақадар бебаҳо бойлик эканини катта миннатдорлик билан қайд этиш албатта ўринли бўлади.

Бу йилги ҳосилнинг асосий омил ва мезонлари ҳақида гапирганда, авваламбор, ишни тўғри ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини чуқур ислоҳ қилиш ва уни самарали бошқаришни замонавий даражага кўтариш, далада ишлаётган инсонларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш бу борада энг муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш лозим.

Қўлга киритилган бу ютуқ замирида яна бир асосий мезон сифатида тараққий топган давлатлар тажрибасида ўзини ҳар томонлама оқлаган фермерлик ҳаракатига ўтиш, бу соҳанинг ривожи учун барча ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий шарт-шароитларни яратиб бериш бўйича амалга оширган катта-катта ишларимиз мужассам эканини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз.

Шулар қаторида яна бир муҳим омил борки, бу қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларининг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги, уларнинг ерга, мулкка, ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотга эгалик ҳиссиёти тобора кучайиб, онгу тафаккури, дунёқараши юксалиб бораётгани билан боғлиқ, десак, муболаға бўлмайди.

Ҳурматли дўстлар!

Барчамизга аёнки, халқимизнинг “Сен ерни боқсанг – ер сени боқади”, деган ҳикматли гапида чуқур маъно бор ва бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим.

Биз бундан беш йил олдин бошлаган суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастури доирасида ўтган давр мобайнида давлат бюджетидан 800 миллиард сўм, жумладан, шу йилнинг ўзида 210 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 1 миллион 200 минг гектардан ортиқ экин майдонининг мелиоратив ҳолати яхшилангани ҳосилдорлик даражасини оширишга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилгани ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди, албатта.

Миқёси ва аҳамиятини тасаввур қилишнинг ўзи қийин бўлган бу ишларимиз нафақат тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни кўтариш, умуман олганда, табиатимизни, атроф-муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдек устувор вазифаларни амалга оширишда самарали замин бўлмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шу билан бирга, жорий мавсумда селекция масаласига, ҳар қайси ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос бўлган янги навларни танлаб экишга алоҳида эътибор қаратилгани, ғўза парваришида замонавий илм-фан ютуқлари, илғор агротехнологиялар, турли касалликларга қарши биологик кураш усуллари кенг жорий этилгани, энг муҳими, дефолиациянинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилгани эришилган ютуқни таъминлашда алоҳида ўрин тутганини қайд этиш лозим.

Юқорида зикр этилган ана шундай тадбир ва ислоҳотларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшган барча олим ва агрономлар, иқтисодчилар, турли соҳа мутахассисларига миннатдорлик билдирган ҳолда, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп, десак, бу ҳам тўғри бўлади.

Аввало, қўлга киритган марраларимизни янада мустаҳкамлаш, келгуси йил ҳосили ҳақида, жумладан, янги мавсумга тайёргарлик кўриш, экин майдонларини сифатли шудгорлаш, ирригация тармоқларини тартибга келтириш каби масалалар устида ўйлашимиз табиий, албатта.

Бу борада фермерлик ҳаракатининг самарадорлигини янада ошириш, уни замон талаб қилаётган янги, юксак босқичга кўтариш, бу соҳа олдида турган муаммоларни ҳал қилиш энг муҳим вазифаларимиз қаторига киради.

Айниқса, фермер хўжаликларининг илғор хорижий агротехнологиялар, илм-фан ютуқларини ҳар томонлама пухта ўзлаштириши, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратиш, ёшларни фермерлик ишига кенг жалб этиш мақсадида олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, фермерларимизнинг касб маҳоратини, хўжалик юритиш, ташкилотчилик салоҳиятини ошириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиши зарур.

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Мана шундай шукуҳли дамларда биздан марҳаматини аямасдан, ўз паноҳида асраб келаётгани, доимо йўлимизни очиб бераётгани учун Яратганимизга шукроналар айтамиз.

Барчангизни бугунги юксак меҳнат ғалабаси билан яна бир бор табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Ҳеч қачон кам бўлманг, ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азизларим, қадрдонларим!

Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти


11 605