ЎзА Ўзбек

15.10.2012 14:33 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Озарбойжон: Серқирра ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11-12 октябрь кунлари расмий ташриф билан Озарбойжон Республикасида бўлди.

Ўзбекистон делегациясининг Озарбойжонга ташрифининг илк дақиқалариданоқ қадим озарбойжон заминига хос бўлган анъанавий меҳмондўстлик, самимийлик, дўстона муносабат туйғулари ҳамда мамлакатимизга катта ҳурмат-эҳтиром намоён бўлди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ташқи сиёсий конъюнктура қандай бўлишидан қатъи назар чуқур тарихий илдизлар, ўхшаш ва яқин миллий анъаналар, урф-одатлар, тил, маданият ва динга асосланади, ҳамкорлигимиз аниқ белгиланган йўналишларга эга. Дўстона алоқаларимизнинг янги тарихида мамлакатларимиз турли даражаларда ўзаро самимий ёрдам қўлини чўзиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Озарбойжонга расмий ташрифи авваламбор мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, илгари эришилган келишувларни тўла амалга ошириш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли устувор йўналишларини белгилаб олишга қаратилди.

Ўзбекистон Озарбойжон билан кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамиша алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Мустақиллик йилларида ўзаро ишончга асосланган муносабатлар қарор топди, мамлакатларимиз ўртасида ҳеч қандай муаммолар йўқ.

Томонлар ўртасида ана шундай самимийлик ва ўзаро ишонч муҳитида, конструктив ва амалий мулоқот руҳида ўтган музокараларда Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро хавфсизликка доир долзарб муаммолар муҳокама қилинди. Бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Президентимизнинг ташрифи асносида эришилган аниқ натижалар икки томонлама муносабатларни стратегик ҳамкорликнинг сифат жиҳатдан янги босқичига олиб чиқиш имконини берди.

Минтақавий хавфсизлик муаммоларини муҳокама қилар экан, томонлар давом этаётган можаролар ва кескинлик ўчоқларини давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилига қатъий риоя қилиш асосида тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидладилар.

Жанубий Кавказда қарама-қаршиликлар давом этаётган бугунги мураккаб вазиятда ҳам Озарбойжон мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга доир дастурларни амалга ошириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, мамлакатнинг бой ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида салмоқли натижаларга эришмоқда. Мамлакатда замонавий технологияларга, экспортни кенгайтириш ва жаҳон бозорларига интеграциялашишга асосланган саноат базаси яратилган. Озарбойжон ўзининг қулай географик ва геостратегик ўрнидан самарали фойдаланиб, ушбу улкан минтақадаги муҳим логистик марказлардан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлади.

Ўзбекистон ва Озарбойжон чегарадош бўлмаса-да, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёнинг геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан ўзаро боғлиқлиги тобора кучайиб бораётганини эътиборга оладиган бўлсак, мамлакатларимизни кўп жиҳатлар бирлаштириб туради.

Сўнгги йиллардаги воқеалар шуни яққол кўрсатмоқдаки, улкан минерал-хомашё ва углеводород ресурслари, бой маданий-тарихий ва инсон салоҳиятига эга бўлган, жаҳон сиёсатидаги энг муҳим минтақалардан бўлган дунёнинг мазкур икки минтақасида турли ташқи кучлар ва қудратли давлатларнинг манфаатлари ўзаро дуч келмоқда ва баъзида очиқдан-очиқ тўқнашмоқда.

Мазкур минтақалар, табиийки, ўзига хос хусусиятларга, шу билан бирга умумий жиҳатларга ҳам эгадир.

Бу, табиийки, мамлакатларимиз ва минтақаларимиз хавфсизлигини ҳамда уларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш йўлида қулай ташқи шароитлар яратиш учун давлатларимиз фаолиятини ва мамлакатларимизнинг ўзаро алоқаларини мувофиқлаштириш заруратини тақозо этади.

Минтақаларимизда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар эҳтимоли кучайиб бораётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг вазиятни барқарорлаштириш борасидаги ўрни ғоят муҳимдир ва мамлакатларимиз бундай таҳдидларга нисбатан адекват муносабатда бўлиши даркор.

Музокараларда, шунингдек, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Давлатларимиз раҳбарлари икки томонлама савдонинг ҳозирги ҳолати Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг иқтисодий салоҳиятига мос эмаслигини таъкидладилар. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада юксак даражага кўтариш учун амалий чора-тадбирлар кўриш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Озарбойжоннинг нефть-газ саноатидаги салоҳиятини инобатга олиб, ушбу мамлакатдан узоқ муддатли асосда нефть-газ саноатида қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва улар учун эҳтиёт қисмлар, нефть-кимё саноати маҳсулотлари, шунингдек, Озарбойжон корхоналарида ишлаб чиқарилаётган бошқа маҳсулотларни сотиб олишга тайёр.

Айни пайтда Ўзбекистон корхоналари Озарбойжонга замонавий енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, кенг турдаги электротехника маҳсулотлари, кимё саноати, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, цемент ва қурилиш материаллари, минерал ўғитлар ва бошқа товарларни етказиб беришга тайёр.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Озарбойжонга ташрифи доирасида ўтказилган бир қатор тадбирлар, озарбойжонлик ҳамкорлар билан ташкил этилган икки томонлама учрашувлар чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга доир кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Озарбойжон ҳукуматлараро комиссиясининг ўнинчи мажлисида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун мавжуд катта захиралар ва имкониятларни ишга солишдан, шунингдек, транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришдан, шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

11 октябрь куни Ўзбекистон – Озарбойжон бизнес-форуми ўтказилди. Озарбойжоннинг етакчи компанияларидан юздан ортиқ вакиллар иштирок этган мазкур анжуманда томонлар мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли савдо алоқаларини кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд эканини таъкидладилар ва кенг турдаги маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш бўйича аниқ таклифларни муҳокама қилдилар.

Мисол учун, Озарбойжонда “GM Ўзбекистон” корхонасида “Шевроле” бренди остида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларга талаб катта. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги беш йилда Озарбойжонга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қарийб 4,5 минг автомобиль етказиб берилди ва яқин йилларда яна 3,3 минг автомобиль етказиб бериш тўғрисида келишувга эришилди.

Озарбойжонга автомобиллар етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришни янада рағбатлантириш мақсадида Боку шаҳрида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган “Кобальт” русумли янги автомобиль тақдимотини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Озарбойжонга Ўзбекистондаги “МАН” ва “Исузу” корхоналари базасида ишлаб чиқарилаётган автобуслар, оғир юк автомобиллари, махсус техника, шаҳар коммунал хўжалиги техникаси, шу жумладан, ўт ўчириш машиналари, сув сепиш ва суғоришга мўлжалланган машиналар, юк кўтаргичлар ва бошқа техника воситаларини етказиб беришни йўлга қўйиш ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидандир.

Мисол учун, ҳозирги кунда “СамАвто” корхонасида ишлаб чиқарилган 400 дан ортиқ автобус Озарбойжон йўловчи ташиш тизимида хизмат қилмоқда. Ушбу машиналар ўзининг юқори сифати ва қулайлиги билан ишончга сазовор бўлди ва 2013 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган яна 150 автобусни етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Озарбойжонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича давлат дастурлари амалга оширилаётганини эътиборга оладиган бўлсак, ушбу мамлакат бозорига “ЎзКлассАгро” қўшма корхонаси ва “Тошкент трактор заводи” очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган комбайн ва тракторларни, шунингдек, минерал ўғитлар етказиб беришни йўлга қўйиш яхши истиқболга эга.

Ўзбекистон буғдойини Озарбойжон бозорига етказиб бериш борасида муайян тажриба тўпланган ва мазкур мамлакат компаниялари бундай ҳамкорликни Озарбойжонга йилига 50 минг тоннагача дон етказиб беришни ташкил этиш билан давом эттиришдан манфаатдор.

Умуман, озарбойжонлик шериклар билан ўтказилган тадбирлар ва икки томонлама музокаралар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қизиқиш юқори эканлигини кўрсатди. Озарбойжонга автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар, қишлоқ хўжалиги техникаси, буғдой, минерал ўғитлар, кабель-ўтказгич маҳсулотлари ва бошқа товарларни етказиб бериш бўйича имзоланган ҳужжатлар бунинг далилидир.

Олий даражадаги музокаралар чоғида Марказий Осиё ва Кавказ минтақалари ўртасидаги транспорт йўлакларини ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу йўлаклар Қора денгиздаги Поти ва Ўртаер денгизидаги Мерсин (Туркия) бандаргоҳлари орқали Европа мамлакатларига чиқиш имконини беради.

Бу йўналишда Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбойжон ва Грузия темир йўлларини Туркия темир йўллари тизими билан боғлайдиган ва Мерсин бандаргоҳи орқали Ўртаер денгизига чиқиш имконини берувчи Навоий – Туркманбоши – Боку – Тбилиси – Карс (Туркия) темир йўл транспорт йўлагидан фойдаланишга мамлакатимизда ҳар томонлама манфаатли лойиҳа сифатида қаралмоқда.

Бу хусусда сўз кетганда, томонлар Боку – Тбилиси – Карс темир йўли лойиҳасини амалга ошириш транспорт ва коммуникацияга оид лойиҳалар учун тамомила янги шароит яратишини, бу анча қисқа ва иқтисодий нуқтаи-назардан самарали янги транспорт йўналишини барпо этиш имконини беришини таъкидладилар.

Музокаралар якунида қабул қилинган Қўшма баёнотда савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш учун иқтисодий кооперацияни фаоллаштириш ва мавжуд юксак салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажмини ошириш зарурлигига, Президент Ислом Каримовнинг ташрифи асносида имзоланган ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг аниқ тадбирлари ва йўналишлари белгилаб берилган 2012-2015 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини сўзсиз бажариш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Томонлар Ҳукуматлараро комиссиянинг изчил фаолияти бу масалада асосий мувофиқлаштиришувчи механизмга айланиши лозимлигини таъкидладилар.

Шу билан бирга, томонлар сўнгги йилларда Боку ва Тошкент шаҳарларида мамлакатларимизнинг миллий кўргазмалари ўтказилганини, мазкур анжуманлар Ўзбекистон ва Озарбойжон ишбилармон доиралари ҳамкорлик суръатларини оширишга, айниқса, давлатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши мумкин бўлган соҳаларда шерикликни янада ривожлантиришга катта қизиқиш билдираётганини намоён этганлигини қайд этдилар.

Томонлар, шунингдек, мамлакатларимизнинг мавжуд улкан транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятидан янада самарали ва ўзаро манфаатли асосда фойдаланиш учун ҳамкорликни икки ва кўп томонлама даражада давом эттиришга келишиб олдилар.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам ўзаро муносабатларни ривожлантиришдаги асосий устувор йўналишлардандир. Бу халқларимизнинг азалий маданий алоқалари, маънавий яқинлиги, анъана ва маданиятининг муштараклиги билан изоҳланади.
Боку шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали, Тошкент шаҳрида Низомий Ганжавий ҳайкали ўрнатилган. Озарбойжон пойтахтидаги кўчалардан бирига буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбек номи берилган. Ўзбекистон пойтахтидаги кўчалардан бири озарбойжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев номи билан аталади.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги қирқ минглик озарбойжон диаспораси вакиллари юртимиздаги кўплаб миллат ва элатлар билан бирга тинч-тотув яшаб, мустақил ва суверен Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Сўнгги йилларда озарбойжон миллатига мансуб 27 нафар Ўзбекистон фуқароси, улар орасида машҳур олим ва ўқитувчилар, қурувчи ва ҳарбий хизматчилар, эл севган маданият ва санъат намояндалари бор, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани улар жамиятимизда ўзининг муносиб ўрнига эга эканлигидан яққол далолат беради.

Озарбойжонлик санъат усталари Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

Қўшма илмий-техник ишланмаларни ташкил этиш, икки мамлакат Фанлар академиялари ва олий таълим муассасалари ўртасида бевосита алоқаларни ривожлантириш, маданият соҳасида турли тадбирларни ўтказиш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир.

Ўзининг бетакрорлиги ва бунёдкорлик ишлари суръатининг юқорилиги билан кишида катта таассурот қолдирувчи Боку шаҳрининг бугунги қиёфаси изчил ривожланиб бораётган Озарбойжон эришаётган ютуқларни яққол намоён этади. Бугун мамлакат пойтахти жадал ривожланаётган мегаполисдир. Боку бир томондан Шарқона шаҳар бўлса, бошқа томондан Ғарб цивилизациясидан асло қолишмайдиган замонавий шаҳардир.

Шаҳарда деярли барча магистрал коммуникациялар бутунлай янгиланган. Боку ўзига хос, эҳтимол Шарқ мамлакатларига унчалик хос бўлмаган архитектура асосида барпо этилган кўплаб иншоотларга эга шаҳардир. Буларнинг барчаси бугун Озарбойжон нафақат Шарқнинг марказларидан бири, балки илғор меъморий ечимлар асосида барпо этилган замонавий мамлакат эканлигидан яна бир бор далолат беради.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Озарбойжонга амалга оширган мазмунли ва самарали ташрифи натижаларидан хулоса қилиб шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур ташриф кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришда, стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашда, халқаро ҳаётнинг долзарб муаммолари бўйича ўзаро манфаатли муносабатларнинг кенг кўламли масалаларини ўз ичига олган дастурни шакллантиришда муҳим янги босқич бўлди.


ЎзА, Анвар Бобоев, Сарвар Ўрмонов (сурат)
17 497