Ўзбекистон халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясининг Пленумлари
2016 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги VI Пленуми бўлиб ўтди.
2016 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги VI Пленуми бўлиб ўтди.Пленум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги вазифалар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод кўрсатиш, Ўзбекистон ХДПнинг X Қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби, партия қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилди.
Пленумда сиёсий партиялар учун яратиб берилган кенг ҳуқуқ ва имкониятлардан тўла фойдаланиб, партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари ҳамда унинг электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон халқ демократик партиясининг муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги асосий масала – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Бу борада партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Хотамжон Абдураҳмонович Кетмонов партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатилди.
Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон ХДПнинг X Қурултойини жорий йилнинг 14 октябрь куни чақириш ва унинг кун тартиби ҳамда партия Қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар томонидан сайловолди тарғиботи даврида партия ташкилотлари ва фаолларининг самарали иш юритиши, қонун билан белгиланган ваколатларни тўла ишга солган ҳолда, биринчи навбатда юртимиздаги мазкур муҳим сиёсий жараёнлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларининг сифати ва самарадорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда, муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан ЎзХДП Марказий Кенгаши VI Пленуми тегишли қарорларни қабул қилди.
* * *
2016 йил 17 cентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг VI Пленуми бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу жараёнда партиянинг муносиб иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Партия Сиёсий Кенгаши аъзолари Президент сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шакли эканини қайд этди.
Ўз навбатида “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифалари ўзида аҳоли манфаатларини ифода этиши ҳамда бўлажак сайлов партия ғояларини яна бир бор сайловчилар орасида кенг тарғиб қилиш, партиядан кўрсатиладиган Президентликка номзоднинг сайловолди дастури орқали электорат манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини бериши таъкидланди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши мақсадга мувофиқ, деб топилди. Мазкур масалада, партия электорати ва тарафдорларининг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, Сиёсий Кенгаш раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Маджитович Умаров номзодини партиянинг навбатдаги VIII Қурултойида кўрсатиш таклифи қўллаб қувватланди.
Партиянинг ушбу сайловда иштироки билан боғлиқ масалалар унинг олий органи – Қурултойида ҳал қилинишидан келиб чиққан ҳолда мажлис қатнашчилари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг навбатдаги VIII Қурултойини 2016 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида чақирилишини белгилаб олди.
Пленум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қатнашиш мақсадида тайёргарлик ишларини кучайтириш, Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш каби масалаларга тўхталиб ўтди.