ЎзА Ўзбек

02.05.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – БАА: аниқ йўналишлар бўйича амалий ҳамкорлик кенгаймоқда

Ўзбекистон – БАА: аниқ йўналишлар бўйича амалий ҳамкорлик кенгаймоқда

Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва саноат вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий бошчилигидаги делегация ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари 2 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – БАА меҳнат форумида иштирок этди. Делегация таркибидан БААнинг қатор вазирликлар ва идоралари, Савдо-саноат палатаси, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси ва “MASDAR”, “EMAAR Properties” компаниялари вакиллари ўрин олган.

Жорий йилнинг 19 март куни меҳнат ресурслари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги ўртасида ҳукуматлараро ҳужжат имзоланган эди. Ўзбекистон фуқаролари учун БААда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишда янги имкониятлар ва меҳнат шароитлари яратишни кўзда тутувчи ушбу ҳужжатга кўра, Бирлашган Араб Амирликлари ўз ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини ташкил этишга кўмак беради.

Шу каби кенг кўламли вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор ташкил этилган Ўзбекистон – БАА меҳнат форумида меҳнат соҳаси бўйича ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Соҳада ўзаро самарали фаолиятни ташкил этиш, кадрлар малакасини ошириш, касбга ўқитиш марказларини ташкил этиш сингари долзарб вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

4.JPG

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг қайд этишича, Ўзбекистонда БАА меҳнат бозори учун юқори салоҳият ва касбий маҳоратга эга фуқаролар ҳамда сифатли меҳнат ресурсларини етказиб бериш имконияти мавжуд. Мазкур форум меҳнат соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган фаолиятни янада ривожлантириш имконини бергани билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги ҳамда хусусий бандлик агентликлари ўртасида ҳамкорликка оид ҳужжат имзоланди.

Шу куни делегация аъзолари мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан ҳам учрашди. Унда энергетика, савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳалар бўйича амалий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар икки мамлакат Савдо-саноат палаталари негизида Ўзбекистон – БАА ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Мазкур кенгаш икки мамлакат тадбиркорлари ташаббуслари ва қўшма лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолиятига кўмак беришни кўзда тутади.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Шаржа амирлиги Савдо-саноат палатаси тузилмалари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлди.

Мулоқот чоғида иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бугунги кунда юртимизда БАА инвестициялари иштирокида 100 дан зиёд корхона фаолият юритиб келмоқда. Улар асосан тўқимачилик, қурилиш материаллари, мева маҳсулотларини қадоқлаш, полиграфия, улгуржи савдо, умумий овқатланиш тармоқлари, хизмат кўрсатиш йўналишларида иш олиб бормоқда.

Учрашувда таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг март ойида БААга амалга оширган расмий ташрифи доирасида имзоланган умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд инвестиция келишувлари мамлакатларимизнинг савдо, иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги амалий алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Тадбирда мазкур келишувларни амалга оширишнинг янги имкониятлари кўриб чиқилди.

17.JPG

22.JPG

33.JPG

6 943
Нурилло Насриев, Малоҳат Ҳусанова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА