Ўзбекистон ғаллакорларига
Қадрли дўстлар!
Қадрли дўстлар!Она Ўзбекистонимизнинг равнақига улкан ҳисса қўшадиган, ҳар қайси оиланинг, эл-юртимизнинг ризқ-рўзини, дастурхонини тўкин қиладиган, одамларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган, миришкор деҳқонларимиз фидокорона меҳнатининг натижаси бўлмиш ғалла хирмонининг йилдан-йилга ошиб бораётгани барчамизни қувонтиради ва ғурур-ифтихор бағишлайди, десам, сиз, азизларнинг, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан.
Бугун деҳқон ва фермерларимиз, барча дала меҳнаткашларининг пешона тери, оғир ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли меҳнати эвазига қўлга киритилган ғалаба билан – мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида илк бор 8 миллион 50 минг тонналик юксак ғалла хирмони бунёд этганингиз билан сизларни чин қалбимдан самимий муборакбод этиш – мен учун катта бахт.
Мана шу қувончли айёмда бу мисли кўрилмаган ютуқнинг моҳияти ва қадр-қимматини ҳар томонлама чуқур англаш учун бир вақтлар, яъни, эндигина мустақилликка эришган биринчи кунларда давлатимиз омборларида халқимизни боқиш учун фақатгина бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун қолганини, айтиш мумкинки, юртимиз очарчилик остонасида, жар ёқасида турганини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, биз қандай таҳликали ва хатарли замонни бошимиздан кечирганимиз ва бугунги қўлга киритган, ҳақиқатан ҳам буюк марраларнинг баҳоси ва аҳамияти яққол аён бўлади.
Бу ҳақда гапирганда, аввало, мана шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганимизга минг бора шукроналар айтишни ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.
Шу ўринда бу тарихий ютуқнинг туб моҳиятини очиб берадиган баъзи бир рақамларни эсга олишимиз табиийдир.
Бундан 23 йил олдин биз 21 миллиондан зиёд аҳолимизнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган 5 миллион тонна ғаллани четдан, катта-катта маблағлар эвазига, кимларгадир муҳтож бўлиб, ялиниб-ёлвориб олиб келишга мажбур эдик.
Бугунги кунда эса биз 31 миллиондан ортиқ аҳолимизни ўз донимиз, ўз беминнат нонимиз билан тўла таъминлабгина қолмасдан, балки чет элга ғалла экспорт қиладиган мамлакатга айландик. Ўтган давр мобайнида ўлкамизда ғалла етиштиришнинг умумий ҳажми 940 минг тоннадан 8 миллион тоннага етгани, ўртача ҳосилдорлик гектарига 17 центнердан 55 центнерга ўсгани бизнинг бу соҳада илгари фараз қилиш ҳам қийин бўлган, қандай улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганимиздан далолат беради.
Айнан мана шу ҳолатларни қиёслаганда, юрагимиздан ўтказганда, ўйлайманки, ҳар қайси одам “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатнинг чуқур маъносини такрор ва такрор англайди, мустақил тараққиётнинг тўғри йўлини танлаб олганимиз, халқимизнинг фидокорона меҳнати Ўзбекистонимизни бугунги кунда ўзгалар ҳавас қиладиган босқичга кўтариш учун ҳар томонлама асос бўлаётганига ишонч ҳосил қилади.
Муҳтарам юртдошлар!
Бу йилги мавсум ҳақида гапирганда, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳот ва ўзгаришлар, биринчи навбатда фермерлик ҳаракатига кенг йўл очиб, унинг ривожи учун барча шароитларни яратиб берганимиз, бу ҳаракатнинг қишлоқда чиндан ҳам асосий куч бўлиб майдонга чиқаётгани, фермерлар, таъбир жоиз бўлса, жамиятимизнинг таянч устунига айланиб, деҳқонларимиз ўзини ернинг, мулкнинг ҳақиқий эгаси деб ҳис қилаётгани, ўз меҳнатидан манфаатдорлик туйғуси ортиб бораётгани биз қўлга киритган улкан ютуқнинг ҳал қилувчи омили бўлганини таъкидлаш лозим.
Ҳаммамиз шунга гувоҳмиз – жорий мавсум ўтган йилларга нисбатан осон бўлмади. Табиат ва иқлим қийинчиликлари ғаллакорларимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди. Қиш фаслида совуқ ва аёзли кунлар меъёридан ортиқ бўлгани, март-апрель ойларининг биринчи ярмида ҳароратнинг одатдагидан кўра пасайиб кетгани, айрим ҳудудларда кучли жала ва дўл ёққани, сув тақчиллиги, шамол ва бўронларнинг салбий оқибатлари, турли касаллик ва ҳашаротларга қарши курашишга тўғри келгани – буларнинг барчаси деҳқонларимиз учун жиддий ташвиш ва муаммолар туғдирмасдан қолмади.
Ана шундай мураккаб шароитда дала меҳнаткашлари аввало ишни тўғри ташкил этиш, замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш, ота-боболаримизнинг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ғаллазорларни маҳаллий ўғит билан озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳисобидан ҳосилни сақлаб қолишга ва белгиланган марраларни эгаллашга муваффақ бўлгани ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
Мавсум давомида ғаллазорларга жами 12 миллион 700 минг тонна, ҳар гектар майдонга ўртача 11 тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит берилгани, деҳқонларимизнинг ҳар туп кўчат устида парвона бўлиб, ўзини аямасдан меҳнат қилгани, ҳеч шубҳасиз, сара дон етиштиришда муҳим роль ўйнади.
Сўнгги йилларда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, селекция ишларини тўғри йўлга қўйиш, ғалла навларини ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитини, сув билан таъминланиш даражасини инобатга олган ҳолда жойлаштириш, замонавий техника, янги комбайнлар, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материалларини ўз вақтида етказиб бериш, фермер хўжаликларини молиявий ресурслар, авваламбор имтиёзли кредитлар билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш бўйича шаклланган аниқ тизим асосида самарали олиб борилган ишлар бугунги муваффақиятга пухта замин бўлганини алоҳида қайд этиш ўринлидир.
Ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли барча вилоятлар, жумладан, нисбатан оғир иқлим шароитида бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти деҳқонлари ҳам ғалла тайёрлаш бўйича шартнома мажбуриятини муваффақиятли бажаришга эришдилар. Фарғона ва Андижон вилоятларида ўртача ҳосилдорлик 62 центнерни, Самарқанд вилоятида 61 центнер, Бухоро ва Наманган вилоятларида 60 центнер, Қашқадарё вилоятида 58 центнер, Тошкент вилоятида 57 центнер, Навоий вилоятида 55 центнер, Сурхондарё вилоятида 51 центнерни ташкил этганини бу йилги мавсумнинг энг муҳим натижаси сифатида баҳолаш лозим.
Бу борада бошқаларга ўрнак ва намуна бўлган Тошлоқ, Олтиариқ, Учкўприк, Вобкент, Поп, Учқўрғон, Иштихон, Ғиждувон, Уйчи, Пешку, Нарпай, Пастдарғом, Пахтаобод, Қўрғонтепа, Шаҳрисабз, Хатирчи, Олтинкўл, Дўстлик, Кармана, Мирзачўл, Яккабоғ, Пахтакор, Навбаҳор, Юқоричирчиқ, Китоб, Ўртачирчиқ, Чиноз, Боёвут, Сирдарё, Денов туманларида ҳосилдорлик 60-70 центнердан ошганини таъкидлаш жоиз.
Юртимиздаги ўнлаб фермер хўжаликларида гектаридан 90-100 центнердан ҳосил олингани деҳқонларимизнинг қандай улкан ишларга қодир эканини кўрсатади. Шулар қаторида биз бугун Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил”, Фурқат туманидаги “Ортиқали Ғаниев”, Учкўприк туманидаги “Фаровон ҳаёт сари”, Олтиариқ туманидаги “Хайрулла Баҳром Бойматов”, Иштихон туманидаги “Асалчи Элдор”, Қува туманидаги “Олтин диёр”, Бувайда туманидаги “Ёқубжон ота”, “Ўзбекистон”, Навбаҳор туманидаги “Очилова Инобат”, Пахтаобод туманидаги “Абдулазиз”, Кармана туманидаги “Амир Ғолиб келажак”, “Саволтепа равнақи”, Янгийўл туманидаги “Ситорахон”, Олтинкўл туманидаги “Гулгун диёр имкони”, Жондор туманидаги “Мурод Рустам”, Қўштепа туманидаги “Абдулҳофиз Халилов”, Ғиждувон туманидаги “Файз” каби фермер хўжаликларининг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин, мана шундай жонбозлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрганда, эшитганда, илгари ҳам айтган бир фикримни яна такрорлашни жоиз деб биламан: дунёда меҳнаткаш инсонлар жуда кўп, лекин оғир синовларда тобланган, ўз фидойилиги ва матонати, чидамлиги ва олижаноблиги билан ажралиб турадиган ўзбек деҳқонларига етадиган, уларга тенг келадиган одамлар кам, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Ана шундай инсонлар меҳнатини ҳар қанча қадрлаб, уларнинг дарду ташвишлари ва эҳтиёжларига яқин бўлиб, уларни доимо рағбатлантириб, хурсанд қилиб, рози қилиб юрсак, очиқ айтаман, шахсан мен ўзимни беармон, бахтли одам деб ҳис қиламан, десам, бу ҳам ҳақиқат бўлади.
Шулар ҳақида гапирганда, бу йил етиштирилган мўл ғалла ҳосилининг 5 миллион 117 минг тоннаси, яъни 60 фоизи деҳқон ва фермерларимиз, аҳолимиз ихтиёрида қолдирилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хонадонларимизга қут-барака, фаровонлик олиб кирадиган бундай қувончли ҳолатни барчамиз дала меҳнатчиларининг ўз ишидан манфаатдорлиги ортиб, машаққатли меҳнати муносиб қадр топаётганининг яна бир тасдиғи сифатида қабул қиламиз.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора ўткир муаммога айланиб бораётгани, маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда ер юзида 840 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланмаётгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Мана шундай мураккаб бир вазиятда мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган, чуқур ўйланган ислоҳотлар ҳамда сиз, ҳурматли деҳқон ва фермерларимизнинг самарали меҳнати ҳисобидан биз халқимизни асосий озиқ-овқат, аввало, дон маҳсулотлари билан тўла ва ишончли тарзда таъминлашга эришганимиз халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилаётгани айниқса эътиборлидир.
Бу ҳақиқатнинг амалий ифодасини яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, энг ривожланган давлатлардан келган кўзга кўринган олим ва мутахассислар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари жойларда бўлиб, сизларнинг фаолиятингиз билан яқиндан танишиб билдирган фикрлари мисолида яққол кўриш мумкин. Конференция иштирокчиларининг фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш учун уларга давлат томонидан имтиёз ва преференциялар бериш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини кенг ўрганишга тавсия этгани албатта ҳаммамизга катта мамнуният етказади.
Айни вақтда барчамиз яхши тушунамизки, замон талаби тобора ўсиб бораётган ҳозирги шароитда фақатгина эришган ютуқлар билан чекланиб, кифояланиб қолишимиз мумкин эмас. Юртимизда ғаллачилик билан бирга бутун қишлоқ хўжалиги тармоғини барқарор ва изчил ривожлантириш, бу борадаги ишларимизни янги, юксак босқичга кўтариш бўйича ҳаётнинг ўзи олдимизга янги-янги вазифалар қўймоқда. Шулар қаторида аграр соҳа самарадорлигини янада ошириш, бугунги фермерларимиз бошлаган ижобий ишларни муносиб давом эттира оладиган янги фермерлар авлодини, фермер хўжаликларини замонавий асосда бошқаришга қодир бўлган фермер-менежерларни шакллантириш каби долзарб масалалар доимий эътиборимиз марказида туриши даркор.
Қадрли ва муҳтарам дўстларим!
Бугунги шодиёна кунда сиз, азиз ғаллакорларимиз, деҳқон ва фермерларимизни чин юракдан қутлар эканмиз, улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг олам аҳлининг тўқлиги ҳам, хурсандчилиги ҳам аввало ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонларнинг меҳнатидандир, деган ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз.
Шу нуқтаи назардан қараганда, сиз, лафзи ҳалол бободеҳқонлар бунёд этган юксак ғалла хирмони – бу аввало тинч ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, эзгу орзу-интилишларимизнинг мустаҳкам пойдевори, десак, янглишмаган бўламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, омилкор деҳқон ва фермерларни, механизатор ва комбайнчиларни, қишлоқ хўжалиги мутахассисларини, бугунги улкан ҳосилга муносиб ҳисса қўшган барча юртдошларимизни бағримга босиб, яна бир бор самимий табриклайман.
Сизларга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан раҳматлар айтиб, барча-барчангизга таъзим қиламан.
Эл-юртимизни, оила ва хонадонларимизни турли бало-қазолардан Яратганимизнинг ўзи асрасин!
Ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, доимо нондек азиз бўлинг, қадрдонларим!
Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти