Ўзбекистон – АҚШ бизнес форуми муваффақиятли ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Ўзбекистон – АҚШ бизнес форуми бўлиб ўтди.
Нью-Йорк, 20 сентябрь. ЎзА махсус мухбири Анвар Самадов хабар қилади.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Ўзбекистон – АҚШ бизнес форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Америка – Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компанияси раҳбарлари иштирок этди. «General Electric», «Honeywell», «ExxonMobil», «CNH Industrial», «John Deere», «Coca-Cola», «Boeing», «Caterpillar», «City Group», «Visa», «AGCO», «Gilead Sciences» каби йирик корпорациялар шулар жумласидан.
Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси К.Лэмм, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.Аҳмадхўжаев ва бошқалар миқёси ва кун тартибига кўра йирик бўлган ушбу бизнес форум мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришга интилишининг тасдиғи эканини таъкидлади. Ўзбекистон – АҚШ иқтисодий шериклигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, унинг изчил ва барқарор ривожланишида томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Форум шўъбаларидаги музокараларда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш ҳамда саноат, инфратузилма, туризм, фан ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.
Америкалик иштирокчилар Ўзбекистонда валютани тартибга солиш тизимига бозор механизмларини жорий қилиш, банк-молия тизимини мустаҳкамлаш, бизнеснинг солиқ юкини қисқартириш, инвесторлар учун, жумладан, мамлакатимизда ташкил этилган янги эркин иқтисодий зоналар доирасида қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳоладилар.
Бизнес форум иштирокчилари томонларни қизиқтирган аниқ инвестиция ва савдо лойиҳаларини муҳокама қилдилар, уларни амалга ошириш бўйича қўшма тадбирларни белгилаб олдилар.
Тадбир якунида АҚШ компаниялари билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами, жумладан, «General Electric» ва «Honeywell» корпорациялари билан нефть-газ ва нефть-кимё соҳаларида, «CNH Industrial», «John Deere» ва «Caterpillar» компаниялари билан машинасозлик соҳасида, «OSI Systems» ва «Lutron» компаниялари билан электротехника соҳасида, «Boeing» компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишув имзоланди. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади.