ЎзА Ўзбек

17.08.2018 13:28 Чоп этиш версияси

Ўзаро савдо айланмаси йилига 1 миллиард долларга етказилади

Ўзаро савдо айланмаси йилига 1 миллиард долларга етказилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Унда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, инвестиция,қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз ўртасида қабул қилинган аниқ чора-тадбирлар туфайли товар айланмаси жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо ҳажми 35,1 фоиз ортди. 2018 йилда қиймати 300 миллион доллардан ортиқ савдо шартнома ва келишувлари имзоланиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Президентимиз ўзаро савдо айланмаси мамлакатларимиз салоҳиятига мос эмаслиги, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун фойдаланилмаган улкан захиралар мавжудлигини таъкидлади.

Автомобиль, темир йўл ва авиақатновлар йўлга қўйилгани савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Жорий йил апрель ойидан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш тикланди. Тожикистондан электр энергияси сотиб олиш ҳажми ортмоқда. Мамлакатларимиз бундан буён ҳам транспорт ва халқаро транзит коридорларини ривожлантириш соҳасида янада самарали ҳамкорлик қилиш учун амалий саъй-ҳаракатларни бажаришга тайёрлиги таъкидланди.

2018 йил икки томонлама муносабатлар тарихида ғоят муваффақиятли бўлди. Йил бошидан буён турли даражаларда элликдан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртта мажлиси ўтказилди.

Тожикистон раҳбарининг мазкур ташрифи мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги салоҳиятини оширишга кенг имконият яратади. Энг муҳими, халқларимиз фаровонлиги ва бутун Марказий Осиё минтақасида изчил тараққиётни таъминлашда мамлакатларимизнинг дўстона алоқалари муҳим омил бўлади.

Музокарада икки мамлакат бизнес тузилмалари ва чегараолди ҳудудлари ўртасида кооперацияни кенгайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни тезлаштиришга келишиб олинди.

Томонлар терроризм, диний экстремизм, наркотрафик, трансмиллий жиноятлар, халқаро хавфсизликка бошқа хатар ва таҳдидларга қарши курашни чуқурлаштириш, йирик гидроэнергетик лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро англашув ва конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирдилар.


Матназар Элмуродов, ЎзА
5 672