Ўзаро ишонч – мустаҳкам ҳамкорликнинг асосий омилидир
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан 27-29 май кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлди.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан 27-29 май кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлди.Ташрифнинг асосий расмий тадбирлари 28 май куни бўлиб ўтди.
Президентлар аввал тор доирада, сўнгра кенгайтирилган таркибда очиқлик, ўзаро ишонч ва амалий руҳда ўтган музокаралар чоғида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама этдилар.
Корея Республикаси томони Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб қайта сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Жанубий Кореяга келгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги серқирра ҳамкорлик кўлами ва уни янада кенгайтириш истиқболларидан, шунингдек, Ўзбекистон кўп томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганидан далолатдир.
Томонлар ушбу ташриф олий даражадаги анъанавий мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлганини ва ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича ўзаро ҳамжиҳатликка янада катта аҳамият бериш борасида икки мамлакатнинг сиёсий хоҳиш-иродасини намоён қилганини, бу халқларимиз манфаатларига мос эканини таъкидлади.
Президентлар ўзаро ишонч – мустаҳкам ҳамкорликнинг энг муҳим омили эканини алоҳида қайд этдилар.
Самарали ва амалий руҳда ўтган музокаралар ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишлари, шунингдек, муҳокама этилган минтақавий ва халқаро сиёсий муаммолар бўйича позиция ва ёндашувлар яқинлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон Республикаси Корея Республикасининг Корея яримороли ва умуман, минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳар томонлама чуқур ўйланган, тинчликпарвар ва вазмин ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон Корея Республикаси Президенти томонидан ўтган йили Дрезден шаҳрида илгари сурилган икки Корея давлати ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳамда Корея яриморолининг ядро қуролидан холи мақомини таъминлашга қаратилган изчил ва прагматик «Тинчлик йўли билан бирлашиш ташаббуси»ни маъқуллайди.
Глобаллашув асрида барча давлатларнинг бир-бирига боғлиқлиги инобатга олинган ҳолда, томонлар Жанубий Корея раҳбарияти илгари сурган “Евроосиё ташаббуси” долзарблигини қайд этди ва ушбу ташаббусни қадимий Буюк ипак йўлини замонавий шароитларда қайта тиклашга қўшилган муҳим ҳисса сифатида эътироф этди.
Томонлар мазкур лойиҳани иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантиришнинг мавжуд ва муваффақиятли амалга оширилаётган халқаро ва минтақавий дастурлар билан узвий боғлаш зарурлигини қайд этди.
Президентлар Марказий Осиёда сув ресурсларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш масаласини минтақадаги барча давлатлар манфаатларидан келиб чиқиб, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ маслаҳатлар ўтказиш орқали ҳал этиш кераклигини таъкидлади.
Корея Республикаси раҳбарияти Ўзбекистон Республикасига «Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форумини ривожлантириш ва унинг доимий ишловчи котибиятини таъсис этиш масаласини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Томонлар парламентлараро, жумладан, қонунчилик органларида фаолият олиб бораётган ассоциациялар ва дўстлик гуруҳлари орқали амалга оширилаётган ҳамкорлик муносабатларини юксак баҳолади.
2014 йилда икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли соҳалари белгиланган Стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзолангани муҳим воқеа бўлди.
Савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий соҳалардаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиш доирасида Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги энг йирик шериги экани ва Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ўтган 20 йилдан ортиқ вақт давомида барқарор ва изчил ривожланиб, улкан муваффақиятларни қўлга киритаётганини таъкидлади.
Жанубий Корея томони Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликка эришилгани, қулай инвестиция муҳити яратилгани, таълим соҳаси, инфратузилмани ривожлантириш, саноатни модернизация қилиш, замонавий қишлоқ хўжалигини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва чуқур таркибий ўзгаришларни юксак баҳолади. Корея Республикаси раҳбарининг таъкидлашича, глобал иқтисодиётда мураккаб вазият юзага келганига қарамасдан, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатлари кейинги ўн йилда 8 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани таҳсинга лойиқдир.
Жанубий Корея Президенти мамлакатларимиз иқтисодиёт тармоқлари, хусусан, машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, ахборот-коммуникация технологиялари, тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга эканини таъкидлади.
Пак Кин Хэ Корея Республикаси ҳукумати Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда Жанубий Корея компаниялари иштирокини ҳар томонлама рағбатлантиришини қайд этди.
Томонлар товар айирбошлаш ҳажми барқарор юксалиб бораётгани ва сўнгги йилларда бу кўрсаткич мунтазам 2 миллиард АҚШ долларидан ошаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Жанубий Корея томони Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида Корея Республикаси бизнесининг йирик савдо-инвестиция шериги ҳисобланишини қайд этди. Ўзбекистон томони, аввало, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий юқори технологияларни жалб этиш тарафдори эканини алоҳида таъкидлади.
Музокаралар якунида Президентлар барча йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари белгилаб берилган Қўшма декларацияни имзоладилар.
Умуман, ташриф доирасида ва бўлиб ўтган Ўзбекистон – Корея бизнес-форуми якунлари бўйича 60 битим ва шартнома имзоланди. Уларнинг 55 таси савдо-иқтисодий, инвестиция ва молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига тааллуқлидир. Инвестициявий ҳамкорлик соҳасида 34 битим, жумладан, нефть-кимё ва кимё соҳасида 5 лойиҳа, автомобиль саноатида 9, электротехника соҳасида 5 лойиҳа имзоланди. Ушбу битимлар углеводородларни чуқур қайта ишлаш, метанол ва олефин олиш учун табиий газни қайта ишлаш бўйича энг замонавий технологияларни жорий қилиш, азот кислотасини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, уч русумдаги машҳур янги замонавий автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги авлод автомобиль двигателлари, трансмиссиялари ва бутловчи қисмлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, замонавий маиший электротехника буюмлари ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳаларни қамраб олган.
Фармацевтика соҳасида имзоланган 7 лойиҳада онкологик, эндокрин, офтальмология, нафас олиш органлари ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликларини даволаш учун препаратлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Молиявий ҳамкорлик Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларининг устувор йўналиши ҳисобланади. Ташриф доирасида бу борада Жанубий Кореянинг имтиёзли кредит ресурсларини жалб этиш бўйича 7 битим имзоланди. Саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш дастурлари доирасида устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун Корея Республикаси банкларининг умумий қиймати 2,9 миллиард долларлик узоқ муддатли инвестиция кредитларини жалб этиш бўйича 6 битим, “EDCF” фондининг 33 миллион долларга тенг имтиёзли кредитини жалб қилган ҳолда, “Мактаб таълимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш” лойиҳасини молиялаштириш бўйича заём битими ҳам имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида “EDCF” фонди линияси бўйича имзоланган 2015-2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурида қиймати 415 миллион долларлик узоқ муддатли имтиёзли кредитларни жалб этиш орқали 6 лойиҳа, шу жумладан, Тошкент шаҳрида IV даражали замонавий кўп тармоқли, юқори даражада ихтисослаштирилган тиббиёт марказини, “электрон ҳукумат” тизими маълумотларини қайта ишлайдиган давлат марказини ташкил этиш, ахборот-коммуникация технологиялари асосида сув ресурсларини бошқариш тизимини жорий қилиш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан 2015-2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури қиймати 58 миллион доллар бўлган грантларни жалб этиш орқали 11 лойиҳани амалга оширишни назарда тутган. Тошкент аэропортини модернизация қилиш ва янги халқаро терминал барпо этиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, қуриладиган IV даражали замонавий кўп тармоқли клиникалар учун юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва тиббиёт ускуналарига хизмат кўрсатиш марказларини, Хоразм ва Фарғона вилоятларида техник мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, замонавий ахборот-ресурс марказини қуриш ва жиҳозлаш, электрон ўқитиш тизимини жорий этиш ҳамда ўқув-илмий лабораторияларни жиҳозлаш орқали Тошкент ахборот технологиялари университетини ривожлантириш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистондан Жанубий Кореяга пахта толаси, рангли металлар, автомобиль кабеллари, минерал ўғит, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича йирик экспорт шартномалари имзоланди.
Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади ва Ўзбекистон учун янги, биринчи навбатда, қайта ишлаш саноати соҳасидаги устувор лойиҳалар рўйхатини тузиш ҳамда уларни биргаликда амалга ошириш масалаларини кўриб чиқишни таклиф этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти яқинда тасдиқлаган саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, давлат корхоналарини корпоратив бошқариш ва хусусийлаштириш тизимини такомиллаштириш дастурлари бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида 26 май куни Сеулда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форумида Жанубий Кореядан 300 нафардан зиёд киши, жумладан, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, етакчи компаниялар, молия институтлари, олий ўқув юртлари, эксперт-таҳлил марказлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда Бош вазир вазифасини бажарувчи Чой Кёнг Хван сўзга чиқиб, “Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи ҳамкоримиз ҳисобланади ва бу мамлакатга инвестиция киритиш мумкин ва керак. Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликни, авваламбор, мамлакатда амалга оширилаётган саноатни янада модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш бўйича стратегик дастурлар, хусусийлаштириш, ишбилармонлик муҳити ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, корпоратив бошқарувни тубдан такомиллаштириш дастурини қўллаб-қувватлаш орқали ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қатъий аҳд қилганмиз”, деди.
Бизнес-форумда “Лотте Кемикал” компанияси президенти Ху Су Ёнг, “Кореан Эйр” компанияси президенти Чи Чанг Хун, “Жи Эм Корея” компанияси президенти Сержио Роча, “Самсунг Электроникс” компаниясининг катта вице-президенти Ку Ин Чой, Эксимбанк вице-президенти Ким Ёнг Ки ва бошқалар Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият кўрсатиш тажрибаси ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида маъруза қилди.
Ташриф давомида маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш доирасида Тошкент шаҳрида Жанубий Корея маданият ва санъат уйини қуриш ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди. Бу Ўзбекистон – Жанубий Корея дўстлигининг янги рамзи, халқларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилишнинг тимсолига айланади.
Пак Кин Хэ Ўзбекистонда яшаётган корейс миллати вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Жанубий Корея халқи номидан миннатдорлик изҳор этди.
«Ханжин» компанияси билан Инха университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида янги Логистика факультетини очиш тўғрисида келишувга эришилди.
Президентлар ушбу ташриф давомида давлат, ҳукумат ва идоралараро имзоланган салмоқли ҳужжатлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шериклик асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Президент Ислом Каримов ташриф доирасида 29 май куни Корея Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи Чой Кёнг Хван, Жанубий Корея газ корпорацияси президенти Ли Жонг Хо, “Лотте групп” компанияси раиси Шин Донг Бин, “Лотте Кемикал” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Ху Су Ёнг, “Ханжин групп” ва “Кореан Эйр” компанияси раиси Чо Янг Хо, Корея Республикаси Экспорт-импорт банки президенти Ли Дук Хун ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти Ким Ёнг Мокни қабул қилди. Музокаралар чоғида иқтисодий ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Корея Республикаси Миллий ассамблеяси спикери Чон Ий Хва ва депутатлар билан ҳам учрашди. Учрашувда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда тарихий воқеа бўлиб, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариши шубҳасиздир.