ЎзА Ўзбек

29.06.2019 02:21 Чоп этиш версияси

Янги саноат қувватлари ва инфратузилма имкониятлари халқимиз фаровонлигига хизмат қилади

Янги саноат қувватлари ва инфратузилма имкониятлари халқимиз фаровонлигига хизмат қилади


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни Яшнобод ва Қибрай туманларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Тошкент механика заводига ташриф буюрди.

Тошкентнинг саноат, транзит-логистика, инфратузилма борасидаги имкониятларидан унумли фойдаланиб, юқори қўшимча қийматга эга бўлган илғор технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг экспортини кенгайтириш пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, улкан майдон, бўш бино ва иншоотлар, зарур инфратузилмага эга бўлган Тошкент механика заводида хорижий инвестиция жалб қилиш ва ишлаб чиқариш турларини кўпайтириш учун барча имкониятлар мавжуд. Ҳозирги вақтда завод ҳудудида ўндан зиёд корхона фаолият юритиб, уларда икки ярим мингдан ортиқ киши меҳнат қилади. Завод ҳудудида ташкил этилган технопаркда 2019-2020 йилларда умумий қиймати 385 миллион доллардан зиёд бўлган 16 корхонани ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Ушбу корхоналарда йилига 1 миллион донадан зиёд кир ювиш машинаси, 1 миллионта ошхона плитаси, яна шунча маиший совуткич, савдо расталари учун 75 минг дона совуткич ва музлаткич, 700 мингта электр сув иситкич, 550 мингта сув насоси, 80 минг дона саноат кондиционери, 2 мингта лифт ва эскалатор, шунингдек, алюминь ва биметалл радиаторлар, эшик-ром фурнитуралари, сэндвич-панеллар, линолиум ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш мўлжалланган. 9 мингга яқин иш ўрни яратиш, йилига қарийб 185 миллион долларлик товарни экспорт қилиш кўзда тутилган.

Президентимиз корхоналар барқарор ишлаши учун доимий харидор кераклигини, чет эллардаги корхоналар билан келишиб, уларга зарур маҳсулот ва эҳтиёт қисмлар тайёрлаб бериш мумкинлигини таъкидлади. Янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, уларни аҳолининг ишга талаби ва мавжуд ресурслардан келиб чиқиб, оқилона жойлаштириш бўйича топшириқлар берди.

Тошкент механика заводини икки босқичда ривожлантириш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига мувофиқ, ушбу ҳудудга биринчи босқичда 500 миллион доллар, иккинчи босқичда яна 500 миллион доллар, жами 1 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади. Бунинг натижасида 20-25 мингта иш ўрни яратиш мўлжалланаяпти.

Шу ерда Тошкент шаҳри туманларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш ва ҳудудий экспорт ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

2019 йилги Тошкент шаҳар инвестиция дастурига умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик лойиҳалар киритилган бўлиб, уларнинг ижроси доирасида 1,8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинади. Дастурга мувофиқ, жорий йил биринчи ярмида қарийб 1 миллиард доллар маблағ ўзлаштирилиб, саноат, хизмат кўрсатиш, уй-жой қурилиши каби соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарига дастурнинг туманлар кесимидаги ижроси, шунингдек, унга қўшимча лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Жами 35 миллион долларлик ушбу лойиҳалар эвазига Сергели туманида полимер меъёрлагич ва пластификаторлари, безакли плита ва мозаикалар, Бектемир туманида LED ёритгичлари, тўқимачилик буюмлари, Мирзо Улуғбек туманида қурилиш материаллари, Яшнобод ва Олмазор туманларида қандолат маҳсулотлари, Яккасарой туманида спорт гиламлари, резинали плиткалар ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади. Бу каби истиқболли лойиҳалар бошқа туманларда ҳам ишга туширилади.

Шавкат Мирзиёев 2020 йилги инвестиция дастурини ҳозирдан шакллантириш, унда замонавий технологияларни олиб келиш ҳисобига экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг талаб ва эҳтиёжи, пойтахтимизнинг келгуси ривожланишини инобатга олган ҳолда, Тошкент шаҳри атрофида ер усти халқа метро линияси, Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасида уч қаватли замонавий кўприк қурилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача юртимизда уч қаватли кўприк қурилмаган. Мутахассислар фикрича, пойтахтимизнинг энг гавжум чорраҳаларидан бирида қад ростлаётган бу кўприк тирбандликни анча камайтиради. Айни пайтда янги транспорт боғламаси Тошкент шаҳридан Чорвоққа олиб борувчи йўлни 22 километргача қисқартириб, шу тариқа Чорвоқ ва Чимён ҳудудларини ривожлантиришга замин яратади.

Кўприк лойиҳасини “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари ишлаб чиққан. Қурилиш ишларини “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси ишчилари бажармоқда.

Лойиҳага кўра, биринчи босқичда Паркент ва Оҳангарон шоссесига ўтувчи қисмда узунлиги 502 метр, кенглиги 26,7 метрли туннель қурилмоқда. Туннель баландлиги жаҳон стандартларига мос равишда 5,5 метр бўлиб, икки йўналишда автомобиллар 3 қаторда ҳаракатланади.

Иккинчи босқич доирасида Қорасув даҳасидан Махтумқули кўчасига чиқувчи йўлнинг мазкур туннель устидан ўтган қисмида айланма кўприк қуриш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу кўприк орқали тўрт йўналишда ҳаракатланиш мумкин бўлади.

Кейинги босқичда кўприкнинг учинчи қавати барпо этилиб, у Махтумқули ва Темур Малик кўчаларини туташтиради. Бугун унинг пойдевори қурилмоқда. Йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 593, кенглиги 30 метрни ташкил этади, автомобиллар 6 қаторда ҳаракатланади.

Шунингдек, Тошкент механика заводида таъмирланган самолётларни ишбилармонлик аэропортига олиб бориш учун йўл ўтказгич қурилмоқда. Бунёдкорлик ишларига 190 дан ортиқ махсус техника ва автотранспорт воситаси, 220 дан ортиқ қурувчи сафарбар этилган. Иншоотни 2019 йил якунига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Шу ерда Президентимизга ер усти халқа метро линияси ҳамда Тошкент метрополитени Юнусобод линияси ва Сергели йўналишидаги қурилиш жараёни ҳақида маълумот берилди.

Узунлиги 52,1 километр бўлган 35 бекатли Тошкент ер усти халқа метро линияси лойиҳасининг қиймати 422,3 милион долларга тенг.

Лойиҳа беш босқичда амалга оширилаяпти. Дастлаб "Дўстлик" бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисм қурилади. 11 километрлик масофада 8 бекат бунёд этиш мўлжалланган. Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан "Олмазор" бекати боғланади. Сўнг "Беруний" бекатигача қатновлар йўлга қўйилади. Ундан кейин "Бодомзор" бекатигача бўлган қисм қурилади. Кейинги босқичда эса халқа метро линияси яна "Дўстлик" бекатига уланади.

Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 317,3 миллиард сўмлик капитал қўйилмаларни ўзлаштириш, жумладан, 257,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажариш режалаштирилган.

Бугунги кунда “Дўстлик" – "Қўйлиқ" йўналишида қурилиш жадал давом этмоқда. "Дўстлик" бекати билан Роҳат айлана йўли оралиғида 91 ҳандақ қазилган, 191 бетон қоплама тайёрланган. 190 та биринчи поғона ва 189 та иккинчи поғона темир-бетон пойдевори қурилган, 173 таянч устуни, 57 ригель, 191 балка ўрнатилган. Электропоездларнинг “Ўзбекистон” депосига ўтиши учун 850 метрли ер ости йўлининг 158 метри қурилган, 223 метрли таянч деворни монтаж қилиш ишлари тўлиқ якунланган.

Шу билан бирга, Роҳат айлана йўлидан "Қўйлик" бекатигача бўлган оралиқда 150 ҳандақ қазилган, 150 бетон қоплама тайёрланган. 150 та биринчи поғона ва 150 та иккинчи поғона темир-бетон пойдевор қурилган. 150 таянч устуни, 104 ригель, 104 балка ўрнатилган, 157 метрли таянч деворни монтаж қилиш ишлари ниҳоясига етказилган.

“Дўстлик" – "Қўйлиқ" йўналишини жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бунёдкорлик ишларига 1000 нафар ишчи-муҳандис, 300 дан ортиқ техника воситаси жалб қилинган. Метро қурилиши “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.

Кейинги вақтлар қанча-қанча уйлар қурилаяпти, шаҳар ривожланаяпти. Шуни инобатга олиб, жамоат транспортини аҳолига янада қулай, арзон, хавфсиз қилиб беришимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ушбу ер усти линиясини автобуслар йўналишлари билан ўзаро боғлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Президентимиз Яшнобод туманининг Махтумқули кўчасида замонавий тиббиёт ва илм-фан ютуқлари асосида барпо этилаётган Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилишини бориб кўрди. 280 ўринга мўлжалланган бу муассасада кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, гемодиализ, умумий хирургия, онкология, офтальмология, педиатрия, реанимация каби бўлимлар фаолияти йўлга қўйилади.

Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан биргаликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг қиймати 130,58 миллион долларни ташкил этади. Марказ лойиҳаси жаҳон тиббиётининг ноёб андозалари асосида ишлаб чиқилган. Ҳозир 4 қаватли асосий даволаш корпуси ва 3 ёрдамчи хўжалик биноси қурилаяпти. Асосий бинонинг 1-2 қаватларида пардозлаш, электромонтаж, сантехника, вентиляция, ёрдамчи хўжалик биноларида ички ва ташқи пардозлаш ишлари бажарилмоқда.

Янги тиббиёт муассасасида йилига 1500 дан кўпроқ мураккаб операция ўтказилади. 42,3 миллион долларлик 381 турдаги энг замонавий тиббий ускуналар келтирилиши кўзда тутилган. Бу болалар касалликларига 100 фоиз ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради.

Диагностикадаги хатоликлар, шифокорлар малакаси етишмагани туфайли бемор болалар, уларнинг ота-оналари кўп қийналарди, оғирроқ касал бўлса, нуқсонли бўлиб ҳам қоларди. Бу марказнинг энг муҳим томони шундаки, у мамлакатимиздаги ҳамма муассасалар учун базавий бўлади. Телемедицина орқали узоқ ҳудудларимиздаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилади, деди Президент.

Тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш билан бирга, бу ерда ишлайдиган кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунгача 19 шифокор Жанубий Кореянинг Пусан университетида малака ошириб келди. Жорий йилнинг август ойида 30 ҳамшира, сентябрь ойида 24 тиббий техника ва ахборот технологиялари бўйича мутахассис, ноябрь ойида 21 шифокор юборилади.

Шунингдек, ушбу муассаса ёнида EDCF билан биргаликда IV даражадаги катталар кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари шу лойиҳа билан танишди.

Лойиҳа қиймати 150 миллион доллар бўлган 300 ўринли марказда кардиохирургия, нейрохирургия, рентгеноэндоваскуляр хирургия, ангионеврология ва ортопедия бўлимлари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Йилига 8 мингдан ортиқ технологик операция ўтказиш имконияти яратилади, 764 янги иш ўрни очилади.

Шавкат Мирзиёев "Тошкент-Шарқий" аэродроми негизида барпо этилаётган аэропортни кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили мазкур лойиҳа билан танишиб, фуқаро авиацияси тизимини такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берган, мамлакатимизда ишбилармонлик авиациясини жонлантириш кераклигини таъкидлаган эди.

Бугунги кунда аэропорт ҳудудида 4 километр узунликдаги 2 учиш-қўниш йўлаги, 20 самолёт учун перрон қурилмоқда. Аэропорт иккита терминалдан иборат бўлади. Биринчи терминалда давлат раҳбарлари ва ҳукумат делегацияларига, иккинчи терминалда соатига мингта VIP-йўловчига хизмат кўрсатадиган бино ва иншоотлар барпо этилади. Кунига 100 тонна юкни қайта ишлаш, “Боинг-787”, “А-320” самолётлари ва “МИ-8” русумдаги вертолётга техник хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилади.

Қурилиш ишлари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ буюртмаси асосида “Транс йўл қурилиш махсус пудрат” МЧЖ, “Қурилиш-монтаж трести” ва “Тошкент кўприклардан фойдаланиш” унитар корхоналари томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича комплекс ишларни бажариш учун Швейцариянинг “B and Contractors S.A.” ва “IT Engineering S.A.” компаниялари билан шартнома имзоланган.

Лойиҳанинг биринчи босқичини 2020 йилда якунлаш режалаштирилган.

Президентимиз бу ердаги қурилиш жараёни билан танишиб, чет эллик мутахассислар билан суҳбатлашди. Аэропортни узоқни ўйлаб, сифатли ва хавфсиз қилиб қуриш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятининг Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳудудида қурилган янги автомобиль йўлини бориб кўрди. Чирчиқ дарёси устига қурилган кўприк билан танишди.

19,2 километр узунликдаги янги қурилаётган автомобиль йўли “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида "Тошкент кўприклардан фойдаланиш" унитар корхонаси томонидан барпо этилмоқда.

Уч босқичда амалга оширилиши белгиланган мазкур лойиҳа давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. 1-2-босқичга 306 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Биринчи босқичда автомобиль йўлининг 12,1 километр масофасида ер ишлари, қум-шағал аралашмасидан ва М-75 маркали бетондан асос қуриш, сунъий иншоотлар қуриш ва 2 та жойда кўприк қуриш ишлари якунланган. Автомобиль йўли устига 9 сантиметр қалинликда йирик донали асфальтбетон ва 6 сантиметр қалинликда майда донали асфальтбетон қоришмасини ётқизиш, автомобиль йўлининг ёритиш тизимини ҳамда пиёдалар йўлагини қуриш ишлари давом этаётир.

Йўл 6 полосали бўлиб, замонавий андозалар асосида қурилган. Икки четида пиёдалар учун махсус йўлаклар барпо этилган.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида 6,5 километр узунликдаги автомобиль йўлини қуриш белгиланган бўлиб ҳозирги кунда ер ишлари, қум-шағал аралашмасидан асос ва сунъий иншоотларни қуриш ишлари бажарилмоқда.

Биринчи ва иккинчи босқичда белгиланган ишлар жорий йилнинг тўртинчи чорагида якунланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Президентимиз йўллар қурилишини изчил давом эттириш, бу соҳада сифатни таъминлаш учун малакали кадрлар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади. Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтида Германиянинг ўқитиш тизимини жорий қилиш, шу соҳада ўрта мутахассислар тайёрлайдиган минтақавий коллежлар ташкил этиш бўйича тавсиялар берди.


ЎзА