ЎзА Ўзбек

19.05.2018 21:03 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев: Обод қишлоқларимиз халқимиз ҳаётига мазмун олиб кирмоқда

Шавкат Мирзиёев: Обод қишлоқларимиз халқимиз ҳаётига мазмун олиб кирмоқда

Президентимиз Улуғнор туманидаги Шаҳриобод маҳалласида бўлиб, бу ерда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

Бугун Шаҳриобод маҳалласи бутунлай янгича қиёфа касб этган. 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган маҳалладаги 22 кўп қаватли уйнинг томлари янгиланиб, атрофида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 7,3 минг квадрат метр майдонга брусчатка ётқизилди, ёритиш чироқлари, ўриндиқлар, 1 минг 570 метр масофага лотоклар ўрнатилди. Уйлар ёнидаги майдонларга тандирхоналар қурилди. Бундан ташқари, маҳалла идораси, тўйхона, ҳаммом, мини-маркетлар барпо этилди.

Маҳалладаги туман “Баркамол авлод” маркази, 20-умумтаълим мактаби, 3-мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланиб, ёш авлоднинг таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилди.
Давлатимиз раҳбари оқсоқоллар билан суҳбатда мамлакатимизда кенг кўламда бошланган қишлоқларни ободонлаштириш дастури одамлар ҳаётига янги мазмун олиб кираётгани, бундан қишлоқ одамларининг кўнгли тоғдай кўтарилиб, эртанги кунга ишончи ортаётганини таъкидлади.

– Муборак Рамазон ойи кириб келган фараҳли кунларда Андижон вилоятига ташриф буюриб, тадбиркорлар ва аҳоли билан учрашаётганимиз, вилоят келажаги учун катта-катта режалар қилаётганимиз замирида чуқур маъно бор, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу улуғ кунларда амалга ошираётган ишларимиз андижонликлар ва бутун халқимизга хайр-барокат, фаровонлик олиб келсин, обод қишлоқларимиз бизга ярашсин.

Шу ерда вилоятда “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга оширилаётган ишлар, қишлоқ аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш борасидаги лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Президентимиз қишлоқларни обод этиш билан бирга уларда тозалик-озодаликни, барпо этилган инфратузилмани сақлаш, мевали дарахтларни кўпайтириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.


Матназар Элмуродов, Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
8 540