Владимир Тюрденев: Россия ва Ўзбекистон ўзаро ишончли ва манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев билан суҳбатлашди.
Ўзбекистон ва Россия стратегик шериклардир. Олий даражадаги мунтазамлик касб этган учрашувлар давлатлараро муносабатлар юксаклигидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев билан суҳбатлашди.
– Жаноб элчи, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси бугун мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида намоён бўлмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил февраль ойида тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни янада ривожлантиришнинг истиқболлари белгиланди. Маълумки, ушбу ҳужжатни амалга ошириш мақсадида ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни рағбатлантириш ва бизнес муҳитни такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Жорий йил Ўзбекистонда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Мамлакат Президентининг, вазирлик ва идораларнинг виртуал қабулхоналари ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташриф буюриб, аҳоли билан мулоқот қилмоқда, жойлардаги долзарб масалалардан хабардор бўлмоқда.
Ташқи сиёсат ҳақида сўз юритилар экан, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қўшни мамлакатлар билан муносабатларни янада ривожлантириш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш ўринлидир. Бу, шубҳасиз, Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш ва фаровонликни юксалтиришга хизмат қилади.
– Жорий йилда Ўзбекистон билан Россия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Мамлакатларимиз ҳамкорлиги натижалари ҳақида сўзлаб берсангиз. Сизнингча, ҳамкорлик қайси соҳаларда жадал ривожланмоқда?
– Россия ва Ўзбекистон 25 йилдан буён ўзаро ишончли ва манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқда. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва илмий-техник соҳалардаги алоқалар дўстлик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш анъаналари асосида йўлга қўйилган.
Ўтган даврда Россия – Ўзбекистон муносабатларига ҳуқуқий замин бўлган давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари (1992 йил), стратегик шериклик (2004 йил), иттифоқчилик муносабатлари (2005 йил) тўғрисидаги шартномалар, хавфсизлик, савдо, маданият, миграция, жиноятчиликка қарши курашиш ва бошқа соҳаларда икки юздан зиёд икки томонлама ҳужжат имзоланган. Халқаро майдонларда, жумладан, БМТ, ШҲТ, МДҲ доирасида амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Олий даражадаги мулоқотлар, вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқалар мунтазамлик касб этган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи ўзаро муносабатларда улкан воқеа бўлди. Ташриф чоғида умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, жумладан, минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат қилишга уюшган ҳолда жалб этиш, миграция соҳасида мутасадди органлар ваколатхоналарини таъсис этиш, соғлиқни сақлаш, тиббий таълим ва фан, туризм соҳаларида ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди.
Ҳамкорликнинг муҳим элементларидан бири бўлган савдо-иқтисодий алоқалар ҳам жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида Россия статистикаси маълумотларига кўра, товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизни ташкил қилди. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия – Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ва унинг 18-мажлиси шу йил 15 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтди. Ўзбекистонда Россия инвестициялари иштирокида ташкил этилган 900 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Россияда Ўзбекистон резидентлари иштирокида 500 корхона ишлаб турибди, янги қўшма корхоналар ташкил қилинмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Россия инвестициялари 6 миллиард доллардан ошди.
Икки мамлакатнинг маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. 2016 йил Ўзбекистонда Россия кунлари муваффақиятли ўтказилди, айни пайтда Россияда Ўзбекистон кунларини ташкил қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Россиянинг таниқли санъаткорлари ва бадиий жамоаларининг концертлари, Россия маданияти ва тарихининг буюк намояндаларига бағишланган кечалар мунтазам ўтказилмоқда. А.Пушкин номидаги тасвирий санъат давлат музейида ўтказилган И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи фондининг «Нукус дурдонаси» кўргазмаси Россия маданий ҳаётида ёрқин воқеа бўлди. Таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Россияда ўзбекистонлик 20 мингдан зиёд талаба таълим олмоқда. Ўзбекистонлик ёшларнинг Россия олий ўқув юртларининг Тошкентдаги филиалларида ўқишга қизиқиши катта.
– Сизнингча, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ҳамкорлигида қандай янги йўналишлар пайдо бўлди?
– Ўзбекистон Президентининг Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар самарасида кўплаб йўналишлардаги ҳамкорлик янада фаоллашди.
Ўзаро савдо ва инвестициявий ҳамкорлигини диверсификациялаш, ёқилғи-энергетика соҳасида кўплаб йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Автомобилсозлик, дастгоҳсозлик, фуқаро авиацияси ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ишлаб чиқилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар ҳам мустаҳкамланмоқда. Россия ва Ўзбекистоннинг йирик тиббиёт марказлари ўртасида, жумладан, А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги миллий илмий-амалий маркази, Н.Бурденко номидаги нейрожарроҳлик миллий илмий-амалий маркази, Н.Склифософский номидаги тез ёрдам илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликка оид ўнга яқин ҳужжат имзоланди.
Ҳудудлараро ҳамкорликка кўмаклашиш тўғрисида ҳукуматлараро битимга мувофиқ Россия субъектлари ва Ўзбекистоннинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилди. Жорий йилда Тошкент вилояти делегацияси Ленинград вилояти ва Санкт-Петербург шаҳри, Андижон вилояти вакиллари Новосибирск вилояти ва Красноярск ўлкаси, Наманган вилояти делегацияси Свердловск ва Челябинск вилоятлари, Самарқанд вилояти вакиллари Татаристон Республикаси ва Бошқирдистон Республикасида бўлди. Новосибирск вилояти губернатори В.Городецкий раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга келди. Бу борада яна қатор тадбирлар режалаштирилган.
– Тошкентда шу йил сентябрь ойида II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ўтказилади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати салоҳиятини, ушбу соҳада мамлакатларимиз ҳамкорлигини кенгайтириш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россияга етказиб бериш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Жорий йил январь-апрель ойларида Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ўсди. Умумий қиймати 612 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича йигирмадан ортиқ шартнома тузилган.
Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида товар айирбошлаш ва транспорт воситалари ҳаракатида божхона операцияларини амалга ошириш тартиби, фитосанитария назорати («яшил йўлак») тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган битимлар имзоланган.
Айни пайтда II халқаро мева-сабзавот ярмаркасида қатнашиш учун Россиянинг йирик ритейлерларидан иборат бизнес миссияни ташкил қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан самимий табриклайман. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик янада мустаҳкамланишини тилайман.