Владимир Норов: Ўзбекистон ташаббуслари ШҲТ фаолиятида янги имкониятлар очади
Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида билдирилган таклифлар
ШҲТ Бош котиби Владимир Норов масъулиятли янги лавозимидаги фаолияти, Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилажак саъй-ҳаракатлар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида билдирилган таклифлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби сифатидаги келгуси уч йиллик фаолиятим учун жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари мен Ўзбекистоннинг ШҲТдек нуфузли ташкилотнинг масъулиятли лавозимига тайинланган биринчи вакили эканимни алоҳида таъкидлади. Бу ишонч менга Циндаода ШҲТга аъзо бошқа давлатлар раҳбарлари томонидан ҳам билдирилди. Келгусида ўз билим ва тажрибамни ушбу ишончни оқлашга, аъзо давлатлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратаман.
Бош котиб сифатида ШҲТ фаолиятида эришилган анъаналарга, ташкилот Хартияси ва Шанхай руҳига риоя қилиш, аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган концептуал ҳужжатларни ҳаётга жорий этиш фаолиятимнинг асосий тамойилига айланади.
2018 йилдан Ҳиндистон ва Покистон ШҲТда тенг ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок эта бошлади. Ушбу давлатларга қабул қилинган ҳужжатлар ва ШҲТнинг 30 га яқин ишчи органи фаолиятига қўшилишга кўмаклашиш Котибиятнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Чунки ушбу янги аъзолар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг нуфузини янада оширишда катта роль ўйнайди.
Бугунги кунда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш нафақат ШҲТ маконида, балки Марказий Осиёда хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашда муҳим омиллардан. Президентимиз шу боис “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолиятини ривожлаштириш, бу борада аъзо давлатлар билан махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Пекинга борганимдан сўнг ШҲТ котибияти ва аъзо давлатлар мувофиқлаштирувчилари билан бирга ушбу ҳужжатни ишлаб чиқамиз.
Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаатини рўёбга чиқариш, хавфсизлик соҳасида Тошкентда жойлашган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси билан мувофиқлаштирилган тадбирларни ўтказишга эътибор қаратамиз.
Бугунги кунда ШҲТ маконида икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик ривожланмоқда, аммо кўп томонлама инвестициявий дастурлар ҳанузгача амалга оширилмаган. Президентимиз Циндао саммитида бу масалага ҳам эътибор қаратган эди. Ушбу таклиф давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди. Эндиликда уни амалга ошириш учун зарур молиявий механизмларни шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш талаб этилади.
Учрашувда транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, логистика марказлари тузиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликка тўсқинлик қиладиган ортиқча тариф ва стандартларни енгиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Аъзо давлатлар минтақалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма кластерлар ташкил этиш, фитосанитар соҳасида умумий стандартларни қабул қилиш ва “яшил коридор”ларни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Ўйлайманки, бу борадаги ташаббусларнинг рўёбга чиқиши ШҲТ фаолиятида янада янги имкониятларни очади.