ЎзА Ўзбек

05.11.2012 20:05 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқий маданият ва маърифат юксалмоқда

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 24 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма йиллик санасини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, аҳоли ўртасида маърифий учрашувлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Шу боис мамлакатимизда халқаро андозаларга мос миллий қонунчилик асосларини яратиш билан бирга уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашнинг ташкил этилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир. Ўтган вақт давомида кенгаш томонидан юридик таълимни ривожлантириш, малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни такомиллаштириш концепцияси, конференция, семинар ва давра суҳбатларини ўтказишга оид услубий қўлланмалар тайёрланди.

Lex.uz – Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш сифати ва қамровини янада кенгайтирди. Ўзбек ва рус тилларидаги 25 мингга яқин ҳужжат жамланган ушбу базадан фуқаролар бепул фойдаланмоқдалар.

Матбуот анжуманида ҳуқуқий таълим, ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, юридик адабиётларни нашр қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.


ЎзА, Н.Абдураимова
11 059