ЎзА Ўзбек

14.05.2019 15:09 Чоп этиш версияси

Қурилиш материаллари нархини арзонлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди

Қурилиш материаллари нархини арзонлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами янада кенгайиб, юзлаб уй-жойлар, йирик саноат корхоналари, маданият ва спорт масканлари, йўл ва кўприклар барпо этилди. 

Рақамлар билан айтганда, кейинги икки йилда қурилиш ишлари ҳажми 1,7 баробар ошган. Уларда асосан юртимизда ишлаб чиқарилган материаллардан фойдаланилмоқда. Шу билан бирга, керамик ва ёғоч-қипиқ плиталар, ойна, гулқоғоз ва бошқа материаллар импорт қилинмоқда. Аслида Ўзбекистонда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, импорт ўрнини қоплаш учун катта имкониятлар мавжуд. 

Мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари тобора ортиб бораётган бугунги кунда қурилиш материаллари иқтисодиётнинг етакчи тармоғига, ўсиш нуқталаридан бирига айланиши керак. Корхоналарда энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали табиий бойликларимизни тежаш, материаллар нархини тушириш мумкин, деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда қурилиш материаллари соҳасида ишлаб чиқаришни келгуси беш йилда камида икки баробар ошириш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди. 

Норуда конлар захираларини ошириш, саноат усулида қайта ишлашни кенгайтириш, қурилиш материаллари соҳасини диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди. 

Президентимиз соҳа корхоналарини барқарор ва камхарж энергия билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Кўмир ишлатиладиган биргина ғишт заводи мисолида маҳсулот нархини 50 фоизгача тушириш мумкинлиги қайд этилди. Шу каби замонавий технологияларни қўллаш катта миқдорда табиий газни тежаш, маҳсулотларни арзонлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Бу ҳам тадбиркорга, ҳам халққа, ҳам давлатга фойда келтиради. 

Шу боис қурилиш материаллари тармоғида энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш орқали таннархни камайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Мамлакатимиз қурилиш материаллари саноатининг экспорт салоҳияти ҳам юқори. Лекин автотранспорт харажатлари кўплиги уларнинг нархига таъсир кўрсатмоқда. Шу боис экспорт товарларини ташиш харажатларини субсидиялаш таклифи билдирилди. 

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон ва Навоий вилоятларида ҳар бири 2 миллион тонна қувватга эга 4 та цемент корхонаси ишга туширилди.

Йил якунига қадар 3,5 миллион тонна қувватли янги заводлар фойдаланишга топширилиб, йиллик салоҳият 15 миллион тоннага етказилади. Бу цементга бўлган ички талабни таъминлаб, нархини арзонлаштириш имконини бериши қайд этилди. 

2019-2020 йилларда соҳада 17 триллион сўмлик мингдан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар учун тижорат банклари кредитини ажратиш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, паст рентабелли корхоналарни салоҳиятли инвесторларга сотиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш учун юқори малакали мутахассислар керак. Лекин олий ўқув юртларида мавжуд ўринлар ишлаб чиқаришда ўсиб бораётган талабга мос эмас. Таълим жараёни амалиёт билан боғланмаган.

Шу боис йиғилишда соҳа ихтисосликларига бюджет квотасини ошириш, корхоналарда ўқув амалиётини ташкил этишни такомиллаштириш, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда янги технологиялар асосида малака ошириш марказлари ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ҳисобот берди.

ЎзА
4 299