ЎзА Ўзбек

29.11.2012 19:15 Чоп этиш версияси

Ҳукуматлараро қўшма комиссия мажлиси

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 29 ноябрь куни икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Қозоғистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, божхона, нефть-газ, транспорт ва транспорт коммуникациялари, кимё, қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият ва спорт, соғлиқни сақлаш, авиаташув каби соҳаларда фаолият кўрсатаётган қатор вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири, комиссия ҳамраиси Рустам Азимов мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон-Қозоғистон иқтисодий муносабатлари савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид қатор ҳужжатларга асосланади. Бу борада мамлакатларимиз ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тизими жорий этилган.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошмоқда. 2011 йили бу борадаги кўрсаткич 47 фоиз ўсиб, 2,7 миллиард АҚШ долларидан ошди. 2012 йилнинг январь-октябрь ойларида ушбу кўрсаткич 2,2 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилди.

Транспорт, транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади. Анжуманда икки мамлакатнинг транспорт коммуникациялари аниқ келишилган тартибда ишлайдиган ва экспорт-импорт операциялари ҳамда товарлар транзитини амалга ошириш учун барча қулай шарт-шароитлар яратадиган бир-бирига боғлиқ тизимга айланиши зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам изчил тараққий этмоқда. Қозоғистонда ўзбек рассомларининг кўргазмалари ташкил этилмоқда, халқ усталари ҳунармандлар ярмаркаларида қатнашмоқда, мусиқа ҳамда театр жамоаларининг гастроллари ўтказилмоқда. Қозоғистоннинг Остона, Олмаота шаҳарлари ва бошқа тўққиз ҳудудида ўзбек маданияти марказлари очилган. Улар томонидан ҳар йили “Ўзбек халқининг тили, маданияти ва маросимлари куни” ўтказилаётир.

Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Кримбек Кушербоев Қозоғистонда Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларни кенгайтириш устувор йўналиш саналишини, ушбу мажлис икки давлат ҳам ўзаро алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдорлигининг ифодаси эканини қайд этди.

– Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги азалий дўстлик ришталари бугунги кунда мустаҳкамланиб бораётгани бизни ғоят қувонтиради, – деди Кримбек Кушербоев. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил сентябрь ойида Қозоғистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган ҳужжатлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларимизни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо айланмаси йил сайин ошиб бораётир. Ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил ривожланиб бораверишига ишонаман.

Мажлисда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритилди. Савдо, сармоя, банк-молия, нефть-газ, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш, минтақада сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қўшма корхоналарни, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, биргаликда ўзаро фойдали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.


ЎзА, Нодира Манзурова
9 126