ЎзА Ўзбек

01.05.2018 15:32 Чоп этиш версияси

Туркия – Ўзбекистон : туризм соҳаси ҳамкорликнинг муҳим тармоғи

Туркия – Ўзбекистон : туризм соҳаси ҳамкорликнинг муҳим тармоғи
Давлатимиз Раҳбарияти томонидан белгилаб берилган Стратегия ва “Йўл харитаси” доирасида Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ўз фаолиятида сиёсий-дипломатик диалог билан биргаликда, юртимизга сармояларни, илғор технологияларни ва хорижий туристларни жалб қилиш бўйича манзилли тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу мақсадда, жумладан, жорий йил бошидан буён Туркиянинг 7 минтақасида, хусусан, Истанбул, Измир, Бурса, Шанлиурфа, Адана, Оқсарой ва Нийде шаҳарлари ҳокимиятларида, Савдо-саноат палаталарида “Ўзбекистон кунлари” ўтказилди, мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур ҳамда кенг қамровли ислоҳотлар, хорижий сармоядорлар ва сайёҳлар учун яратилаётган жозибадор шарт-шароитлар Туркия жамоатчилигига, жойлардаги тадбиркор доираларга таништирилди.
Мана шундай тадбирлар силсиласидан яна бири Элчихонамиз томонидан куни кеча Анқара шаҳрида ташкил этилди.

“Ўзбекистон хазиналари юзага чиқмоқда” деб номланган ушбу анжуманда юртимизда Жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортадиган бой тарихий-маданий мерос, диққатга сазовор жойлар, инсоният тамаддунида ўзига хос ўринга эга бўлган шоҳ асарлар, кўп замонлар ёпиқ холда қолиб, эндигина дунёга очилаётган зиёратгоҳлар, меъморий обидалар, тарихий ёдгорликлар ҳақида, уларни бориб-кўриш, яқиндан ҳис этиш учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида гап борди.

Туркиянинг сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари, хусусан, парламент аъзолари, ҳукуматдаги Адолат ва тараққиёт партияси, Бош вазир ҳузуридаги Диёнат ишлари бошқармаси, Маданият ва туризм вазирлиги мутасаддилари, етакчи туристик компаниялари ҳамда Ўзбекистондан келган сайёҳлик ташкилотлари ходимлари иштирок этган ушбу тадбир кўтаринки рух ва ишчан кайфиятда ўтди. Иштирокчилар тақдим этилган маърузаларни, намойиш этилган видео-фото лавҳаларни, ранг-баранг тарқатма материалларни катта қизиқиш билан қабул қилдилар. Соҳа мутахассислари аниқ фактлар ва режалар асосида ўзаро фойдали таклифларни илгари сурдилар, тегишли келишувларга эришдилар.

Тадбир очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алишер Агзамҳўжаев Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширилган тарихий ташрифи икки томонлама муносабатларда “бурилиш нуқтаси” бўлганини таъкидлаб, мазкур ташриф доирасидаги самарали учрашув ва музокаралар кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни стратегик шериклик даражаси кўтарганини айтиб ўтди. Шунинг билан биргаликда, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг яқин кунларда Ўзбекистонга амалга оширадиган давлат ташрифи икки қардош мамлакат ва халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилиши эътироф этилди.

Элчи ўз сўзида асосий урғуни анжуман мавзусига қаратар экан, юртимизнинг туризм соҳасида кун сайин ўсиб бораётган салоҳияти, бугунги имкониятлари ва истиқболдаги тараққиёт йўналишлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарларининг мазкур соҳадаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан буткул янги – юксак даражага кўтаришга қаратилган саъйи-ҳаракатларини таъкидлаган Элчимиз, туризм сектори ҳар икки мамлакат учун ҳам стратегик аҳамиятга эга эканлигини ва бу борада изчил ва муштарак асосланган ҳамкорлик икки томоннинг манфаатларга бирдай жавоб беришини эътироф этди.

Ўзбекистон жаҳон туризм бозорида янги, ҳали кенг кашф этилмаган зиёратгоҳлари, меҳмондўст халқи ва ҳавфсиз-осойишта муҳити билан сайёҳларни жалб этаётганни тилга олган Элчи, мамлакатимизнинг, айниқса, Туркия аҳли учун алоҳида жозибадорлигини таъкидлади. Бунда, биринчидан, Туркиялик кўпчилик Ўрта Осиёни Ота юрт деб қабул қилиши, ва иккинчидан турк халқининг диний эътиқоди асосини ташкил қилган тасаввуф илмининг улуғ уламолари айнан Ўзбекистон ҳудуди униб, улғайгани ва абадий қўним топгани катта аҳамият касб этиши эътироф этилди. Жумладан, Туркия фуқароларига улар учун Имом Буҳорий, Имом Ат-Термизий каби Ислом оламининг ёрқин намоёндалари каби муҳим саналган Имом Мотурудий, Шоҳ Нақшбанд, Ғиждувоний ва “Етти пир” силсиласига кирувчи бошқа қатор таниқли уламоларнинг мақбараларини зиёрат қилиш имконияти яратилгани турк халқи учун катта совға бўлгани айтиб ўтилди.

Элчимиз ўз нутқида яратилган шароитлар кутилган натижаларни ҳам бераётганини таъкидлар экан, Туркиядан юртимизга келаётган туристлар сони қисқа муддатда бир неча баробарга ошгани ва жорий 2018 йилнинг илк уч ойидаги маълумотларга кўра, узоқ ўлкалар орасида Туркия мамлакатимизга келаётган сайёҳлар сони жиҳатидан биринчи ўринга кўтарилганини эътироф этди. Мисол учун, ўтган 2017 йил март ойида Ўзбекистонга келган туркиялик сайёҳлар сони 2 минг киши атрофида бўлган бўлса, бу йил ушбу рақам 6 минга етгани айтиб ўтилди.

Шунинг билан биргаликда, Ўзбекистон нафақат қўшни республикаларга, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун кенг очилаётгани, қатор мамлакатлар, шу жумладан Туркия фуқаролари учун ҳам бир ойлик муддатга кириш визалари бекор қилинганлиги, хаво йўлларида янги ва қўшимча қатнов йўналишлари очилаётгани, ҳорижий сайёҳлар ҳамда сармоядорларга мисли кўрилмаган имкониятлар яратилаётгани Юртимизнинг дунё туризм бозорида порлоқ истиқбол марказларидан бирига айлантираётгани таъкидланди. Шу муносабат билан. Элчи Туркиялик сармоядорларни Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларда янада фаол иштирок этишга, замонавий меҳмонхоналар, сайёҳлик марказлари, қулай транспорт хизмати ташкилотлари, таниқли кафе ва ресторанлар, кўнгилочар марказлар очишга даъват қилди, сармояларнинг сақланишига ва ўз эгаларига фойда келтиришига кафолат берди.

Бундай имкониятларни юқори баҳолаган тадбир иштирокчилари Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар, ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Хусусан, Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламент) аъзоси Метин Гюндогду туризм икки қардош ўзбек ва турк халқларининг азалий орзулари ушалишида, яъни бир-бирини яқиндан танишида, иқтисодий ва маданий соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни рўёбга чиқаришида, тарихий ва замонавий тажрибаларини алмашишида, бир-бирини қўллаб-қувватлашида муҳим роль ўйнашини ҳақида тўхталиб, қуйидагиларни эътироф этди:

- Яқин замонларга қадар туризм соҳасида “Ўзбекистон” бренди асосан “Буюк Ипак Йўлининг чорраҳаси” ёки Буюк Амир Темурнинг пойтахти бўлган Самарқанддаги “Регистон майдони” тимсолида ўз аксини топар эди. Бугунги кунда бу тушунча қисқа муддатларда сезиларли тарзда бойиди, эндиликда Ўзбекистон ўзининг бу соҳадаги “миллий бренди” кўпқиррали эканлигини исботламоқда. Мисол учун, Сизнинг юртингиз биз турклар учун “Отаюрт” тимсоли, кенг Ислом дунёси учун “Иккинчи ҳижоз” маскани, олимлар ва турли соҳа вакиллари нуқтаи-назаридан учун “Анжуманлар туризми”га қулай тинч-осойишта мамлакат, фаол ҳордиқ тарафдорлар учун махсус майдон ва бошқа қатор сайёҳлик йўналишларни таклиф эта оладиган жозибадор бир диёр сифатида қад ростламоқда.

Айни вақтда, туризм воситаси орқали “халқ дипломатияси” ривожланмоқда, халқлар ўртасидаги дўстлик-ҳамкорлик алоқалари равнақ топмоқда. Ўзбекистон қадимда бўлгани каби тамаддунлар чорраҳасига, тинчликнинг бешигига, дунёни таниган ва ўзини жаҳонга танитган муҳим бир марказга айланмоқда. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта.

Ушбу мақсад ва марраларга етишишда мамлакат раҳбарияти, энг аввало муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан намойиш қилинаётган қатъий сиёсий ирода, аниқ стратегик ёндашув, тинимсиз изланишлар ва фаол саъйи-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Туркия парламенти вакили сифатида турк халқи номидан қардош Ўзбекистонда юз бераётган ва бизни кундан-кунга лол қолдираётган бундай ижобий ўзгаришларни сидқидилдан олқишлайман, мамлакат Раҳбариятига, барча ўзбек биродарларимизга бу Янги ҳамда шарафли йўлда омад ва муваффақиятлар тилайман! Ўзбекистоннинг ютуқлари Туркиянинг ҳам ютуқларидир! Туркия Республикаси Бош вазири ҳузуридаги Диёнат ишлари бошқармасининг Халқаро алоқалар департаменти бошлиғи Эрдал Аталай: Ўзбекистон бутун ислом олами учун муҳаддислар, олиму уламолар етиштириб берган муқаддас юрт сифатида дунёда шуҳрат қозонган. Ислом дини гарчи Арабистонда қарор топган бўлса-да, у ўзбек заминидан қувват олганини дунё мусулмонлари якдил эътироф этишади. Қадимдан Самарқанду Бухоро шаҳарларидаги мадрасаларда диний ҳамда дунёвий фанлардан бирдек сабоқ берилгани боис бу ерга келиб ўқишни ислом олами ёшлари орзу қилишган. Тошкент, Термиз, Насаф каби шаҳарларда ҳам илм-фан, маънавият ва маърифат, адабиёт, санъат илоҳиётшуносликка йўғрилган ҳолда гуркураб ривожлангани ҳақида тарихий маълумотлар гувоҳлик беради. Бугунги кунга келиб Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотурудий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, каби буюк зотларнинг бой мероси халқ онгидан қайтадан жой олиши уларнинг ўчмас асарлари Ўзбекистон заминига илоҳий нурларини ёғдирмоқдадир. Ўтмишдаги юксак маънавий-маърифий нуфузини бугунги кунда қайта тиклаган Ўзбекистонда ислом динига муносабат масаласида узоқ сўзлаш мумкин. Бу ерда ислом уламолари, авлиё-анбиёларнинг қисқа фурсат ичида обод қилинган мақбаралари аҳоли учун зиёратгоҳ, ёшлар учун тарбия мактаби, чет эллик сайёҳлар учун осори-атиқа сифатида янаям қадрли бўлиб бормоқда. Теварак-атрофи боғ-роғлар билан қуршалиб, замонавий меҳмонхоналар, ошхоналар барпо этилган мазкур муқаддас қадамжолар Ўзбекистонда нафақат сайёҳлик соҳасининг янада ривожланишига, балки ислом маданияти тарғиботига хизмат қилади.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида сўзлаган нутқида Имом Бухорийнинг номини тилга олди, ислом динининг дунё миқёсидаги ўрнига юксак баҳо берди ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббусини кўтариб чиқди. Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда мазкур йўналишда аниқ мақсадга йўналтирилган савобли ишлар амалга оширилмоқда. Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Ўзбекистон томонидан илгари
сурилган, илмнинг ҳамма учун очиқлигини таъминлаш, дин масаласидаги жаҳолатга барҳам беришни кўзда тутувчи “Жаҳолатга қарши маърифат” принципиал ёндашуви ўрнак олса арзигулик.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Туркия мусулмонлари учун Ўзбекистон тупроқлари алохида аҳамиятга эга. Бу заминда етишган ва абадий қўним топган буюк шахслар, эътиқодимиз асосчиларини зиёрат қилиш учун мисли кўрилмаган имкониятлар очилаётганидан ғоят мамнунмиз, чексиз миннатдормиз. Бизнинг идора қошида диний туризм билан машғул бўлган алоҳида Сайёҳлик ширкати фаолият кўрсатади. Биз учун иккинчи Ҳижоз каби бўлган Ўзбекистонга диний туризм сафарларини тизимли тарзда амалга ошириш идорамиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Бу борада ҳамкорликка тайёр турган Ўзбекистон Ҳукуматига, Элчихона раҳбариятига такрор-такрор ташаккур айтаман, савобли ишларингизда Яратгандан муваффақиятлар тилаб дуо қиламан. 

Туркия Маданият ва туризм вазирлигининг Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Рамзон Чокчевик: Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этиш бўйича қарор қабул қилинганини туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликка сезиларли туртки берган тарихий қадам бўлди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Бундай қарорнинг қабул қилиниши савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларида янги имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда ва энг асосийси, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, турк фуқароларининг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун кенг йўл очиб берди.

Биз Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Туркияда бир неча йиллардан буён тарғиб қилиб, сизнинг мафтункор диёрингизга туристлар саёҳатини ташкил этиб келмоқдамиз. Аммо сўнг бир йил ичида юртингизда юз бераётган оламшумул ислоҳотлар натижасида юртингизга бориш истагини билдирган фуқаролар сонининг кескин кўпайтириш имконини яратмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонда хорижий сайёҳларнинг қайд этиш тизимининг енгиллаштирилиши, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Туркия ҳаво йўллари” рейсларининг кўпайтирилиши, авиачипталар нархлари эркинлаштирилаётгани Туркиялик туристлар томонидан олқишланмоқда.

Ўзбек-турк компаниялари Туркия учун мўлжалланган махсус сайёҳлик пакетларини ишлаб чиқишса, биз учун катта ёрдам бўлар эди. Бу борада биз Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан яқиндан алоқа ўрнатганмиз, хатто мазкур ташкилотнинг бош маслаҳатчиларидан бири Туркиядан бўлиб, ўзининг тегишли тавсияларини бериб келмоқда.

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш ва малакали мутахассислар билан бойитиш устида ҳам ҳамкорликда сезиларли ишлар амалга оширилаётгани бизни қувонтиради. Шу ўринда Ўзбекистонлик ёшларни Туркияга таклиф қилишга ва уларга замонавий билим ва кўникмалар беришга тайёр эканимизни билдирмоқчиман. Шунингдек, Ўзбекистоннинг етакчи олийгоҳлари билан Туркиядаги университетларимиз ўртасида туризм соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилиш, ўқитувчи ва профессорлар алмашинувини йўлга қўйиш икки томон учун манфаатли деб ҳисоблайман.

Ўтказилган тадбирда етарли даражада қизиқарли маълумотларни олдим. Менинг энг катта орзуим – мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ришталар ривожланишига ўз ҳиссамни қўшиш, икки томонлама алоқаларимиз ўзаро манфаатли, юксак савияга кўтарилишидир. Албатта бу борада, ўзаро туризмнинг аҳамияти беқиёс.

ЎзА
17 788