ЎзА Ўзбек

05.10.2019 Чоп этиш версияси

“Туркий элим, сен азалдан буюк элдирсан!”


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ва Инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдат Амреевни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари учрашув чоғида Ўзбекистон ва Туркий кенгаш ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Учрашувда Туркий кенгашнинг биринчи навбатда савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, туризм, маданий-гуманитар алмашинувлар каби долзарб йўналишларда амалий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали минтақавий тузилма сифатидаги салоҳиятига юксак баҳо берилди.

Туркий кенгаш бош котиби Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз Кенгашга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кириши билан табриклади.

Бу, албатта, мамлакатимиз тарихидаги янги саҳифа, таъбир жоиз бўлса, тарих зарварақларидан жой олган мустаҳкам анъаналарнинг мантиқий давомидир.

“ТАРИХИНГДУР МИНГ АСРЛАР...”

Дунё тарихида, инсоният тараққиётида турли даврларда юзага келган цивилизациялар, салтанатларнинг ўрни ва аҳамияти катта бўлган. Улар орасида туркий халқлар томонидан асос солинган қадимий давлатлар, уларнинг заминида ривож топган маданият ва тамаддунлар алоҳида ўрин тутади.

Олиб борилаётган тадқиқотлар ўтмишда туркий халқлар дунё тарихида мислсиз ўзгаришларга сабаб бўлганини кўрсатмоқда.

Туркий халқларнинг муштарак ёдгорлиги саналган Ўрхун-Энасой обидалари, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асари ва бошқа кўплаб обидалар аждодларимизнинг нақадар юксак ақл-заковат, салоҳият ва идрок соҳиби бўлишганидан дарак беради. Халқларимиз даҳоси тимсоли бўлган Гўрўғли, Алпомиш, Дада Қўрқут, Манас, Эдигей сингари қаҳрамонлик эпослари асрлар оша инсониятни мардликка, ватанпарварликка, олижанобликка ундаб келмоқда.

Тарихга назар ташласак, турк ҳоқонлиги, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар, усмонийлар, бобурийлар, сафавийлар сингари буюк сулолалар ўз ҳукмронлиги даврида давлатни ҳақ ва адолат билан бошқаришга, илм-фан, меъморчилик, маданият ва санъатни ривожлантиришга ҳаракат қилишди. Култегин, Ҳасан Буғрохон, Султон Санжар, Алп Арслон, Эртўғрул, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Шоҳ Исмоил Сафавий, Султон Сулаймон Қонуний, Абилайхон сингари ҳукмдорлар ва саркардалар туркий халқларнинг бирдамлиги, туркий элларнинг куч-қудрати ва озодлик учун улкан қаҳрамонликлар кўрсатиб келишган.

Бу туркий давлатлардан то шу кунга қадар жуда кўп тарихий ва маданий ёдгорликлар етиб келди. Туркий кенгликлардан етишиб чиққан ал-Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Имодиддин Насимий, Муҳаммад Фузулий, Насириддин Тусий сингари олим ва мутафаккирлар нафақат турк дунёси, балки жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшиб кетдилар.

ТУРКИЙЛАР ҚЎЛНИ ҚЎЛГА БЕРГАНДА...

Бугун сайёрамизда яшаётган туркий тилли халқларнинг умумий сони 250 миллион кишидан ошади. Уларнинг асосий қисми олтита мустақил туркий тилли республика – Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон. Қирғизистон ва Қозоғистонда истиқомат қилади. Ушбу давлатларнинг умумий майдони салкам 5 миллион квадрат километрни ташкил қилади. Бугунги кунда мазкур давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб келмоқда.

Маълумки, ўтган асрнинг бошларида усмонийлар салтанати ўрнида Туркия Республикаси қад ростлади. Кавказ ва Ўрта Осиёдаги туркийзабон давлатлар ўрнида совет ҳукуматига тобе республикалар ташкил топди. Уларнинг ўзаро муносабатлари коммунистик мафкура нуқтаи назаридан белгиланар, нисбатан узоқроқ маконда жойлашган Туркия билан алоқалар ҳам расмий Москва ва Анқара музокаралари доирасидан четга чиқмасди.

Туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқалар совет ҳукумати тарқалганидан кейин, унинг таркибидаги қардош республикалар (Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон) ҳамда Туркия ўртасидаги қисқа муддат ичида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. 1992 йилдан бошлаб, туркий тилли давлат раҳбарлари саммити ўтказила бошланди. Мазкур давлатлар раҳбарлари ташаббуси билан 1993 йилда Туркий тилли халқлар маданияти ташкилоти (Турксой) таъсис этилди.Айни пайтда туркий тилли давлатлар ҳамкорлигида ТуркПА (Туркий тилли давлатлар парламентар ассамблеяси) Туркий маданият ва мерос жамғармаси, илмий тадқиқотлар учун мўлжалланган Туркий академия сингари қатор тузилмалар фаолият кўрсатиб келмоқда.


БУНДАН РОППА-РОСА ЎН ЙИЛ ИЛГАРИ...

2009 йил 3 октябрь куни Озарбойжон Республикасининг Нахичеван шаҳрида мазкур саммит негизида туркий тилли республикалар ҳамкорлиги кенгашини (Туркий кенгаш) тузиш тўғрисида Озарбойжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида битим имзоланган эди. Битимга асосан Туркий кенгаш халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади, унинг мақсад ва вазифалари эса туркий тилли мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яқин қўшничиликни мустаҳкамлаш, минтақада, умуман дунёда тинчликни қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

2012 йил 25 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий тилли давлат раҳбарлари Туркий Кенгашнинг байроғини тасдиқладилар. Унда ўша пайтда ушбу ташкилотга аъзо бўлган тўрт давлат (Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон) байроқларидан маълум тимсоллар саралаб олинганди. Жумладан, Қозоғистон байроғидан мовий ранг, Қирғизистон байроғидан қуёш рамзи, Туркиянинг байроғидан ҳилол ва Озарбайжон байроғидан саккиз қиррали юлдуз олинган.

Айни пайтда Туркманистон ва Венгрия Туркий кенгашнинг кузатувчи давлатлари мақомига эга. Кенгашнинг котибияти Истанбул шаҳрида жойлашган. Ташкилотга 2018 йил 3 сентябрдан қозоғистонлик сиёсат арбоби Бағдат Амреев раҳбарлик қилиб келмоқда.

ЎЗАНИНИ ТОПГАН ДАРЁЛАР

Маълумки, туркий тилли давлат раҳбарлари саммитига 1996 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон охирги марта мезбонлик қилган, кейинчалик Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ушбу ташкилот доирасидаги фаолияти сезилмай қолганди.

Кейинги уч йил ичида Ўзбекистоннинг ички ва ва ташқи сиёсатида жуда катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти вакиллари, халқаро экспертлар, турли давлатларнинг сиёсий арбоблари ҳам эътироф этиб келишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар қатори қардош туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда.

14 сентябрида Ўзбекистон Президенти томонидан Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлисида маъқулланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.

Бу ҳодиса Ўзбекистонда ва бошқа қардош мамлакатлар томонидан катта қувонч билан қарши олинди. Мутахассисларнинг айтишича, Туркий кенгаш унга аъзо давлатларнинг мулоқоти ва ҳамкорлигини илгари суриш мақсадида тузилган йирик минтақавий бирлашма ҳисобланади. Ушбу ташкилотнинг шаклланишига қадар Ўзбекистон туркий тиллар давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш ва янада ривожлантиришда фаол иштирокчи ва ташаббускорлардан бири бўлган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштироки ушбу ташкилотнинг аъзо давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот, табиатни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техникавий, таълим, энергетика, транспорт, кредит-молия ва ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга кўмак кўрсатади.

Бундан ташқари, мазкур тузилмага аъзо бўлиш савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш, товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида божхона ва транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда банк ва молиявий операцияларни енгиллаштириш имконини беради.

ДИПЛОМАТЛАР НУҚТАИ НАЗАРИДАН

Ўзбекистоннинг Туркий Кенгашга қўшилиши юртимиздаги дипломатик корпус вакиллари, жумладан, туркий тилли давлатларнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари томонидан алоҳида эътибор ва қувонч билан қаршиланди.

– Ўзбекистоннинг Нахичеван Битимини ратификация қилиши Кенгаш салоҳиятини сезиларли даражада оширади ва бутун дунёда унинг аҳамияти ҳамда салмоғини мустаҳкамлайди, – дейди Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Қулиев. – Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий давлатлардан бири ҳисобланади. Минтақадаги бирор масала унинг иштирокисиз ҳал этилмайди. Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон барча қўшни мамлакатлар билан яқин алоқаларни ўрнатиб, уларни қўллаб-қувватлаб келяпти. Зеро, Ўзбекистон тарихий ва географик нуқтаи назардан минтақа ҳаёти фаолиятининг барча соҳасини бир-бирига боғлайдиган ҳалқадир.

– Ўзбекистоннинг Кенгашга кириши барқарорлик, яхши қўшничилик ва қардош туркий халқларнинг биргаликда иқтисодий ривожланиши учун платформа яратиш йўлида мамлакат раҳбарияти томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг тадрижий давоми саналади, – дейди Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди. – Ўзбекистон фақат минтақавий даража билан чекланиб қолмай, дунёнинг илғор мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантириш учун имконият дарчаларини очяпти. Албатта, бу Ўзбекистоннинг Туркий Кенгаш ва бошқа бирлашмалар бўйича ҳамкорлари фойдасига хизмат қилади.

– Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши, энг аввало, ушбу тузилмани ҳам минтақавий, ҳам глобал даражада янги босқичга олиб чиқди, – дейди Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр. – Ўзбекистон иштирокида Туркий Кенгаш янада кучаяди. Шу сабабли ташкилот минтақавий ва глобал тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият ва мавқега эришди. Биз Ўзбекистон ва бошқа туркийзабон давлатлар ўртасидаги асрий мустаҳкам қардошлик ришталари Туркий Кенгашнинг жипслаштирувчи байроғи остида янада мустаҳкамланишини кутмоқдамиз.

“ЎЗЛИГИНГНИ АНГЛАСАНГ, ЮКСАЛАСАН!”

Буюк турк ҳукмдорларидан бири Билга Ҳоқон (717-734) келгуси авлодлар учун ёзиб қолдирган машҳур битиктошида шундай жумлаларни битиб қолдирган эди: “Эй туркий элим, сен ўзлигингга қайт, ўзингни англа, шундайгина сен янада юксаласан!”

Бу сўзлар айтилганида 13 асрга яқин вақт ўтганига қарамай, бугун дунёда юз бераётган турли эврилишлар, сиёсий жараёнлар барча халқлар қатори туркий тилли халқлар ва мамлакат учун ҳам кучларни бирлаштириш, тарихий ўзакларни англаган ҳолда келажак сари қадам ташлаш заруратини олдимизга вазифа қилиб қўймоқда.

Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг келажаги ҳам бевосита ҳамжиҳатликни, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилишни тақозо этмоқда.

Бинобарин, мамлакатимизнинг ушбу нуфузли кенгашга аъзо бўлиши, юртимизда Нахичеван Битимининг ратификация қилиниши, Ўзбекистоннинг октябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган еттинчи саммитида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши кутилаётгани оламшумул ҳодиса сифатида турк дунёси тарихи саҳифаларида муҳрланиб қолажак.


7 842
Рустам Жабборов, сиёсий шарҳловчи, ЎзА