Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифига доир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон 2018 йил 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон 2018 йил 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.Давлат раҳбарлари мунтазамлик касб этган олий даражадаги Ўзбекистон-Тожикистон мулоқотининг давоми сифатида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилиб, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг, унга узоқ муддатли ва кенг кўламли тус беришнинг устувор йўналишларини белгилаб оладилар.
Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашадилар.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани, турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги анъанавий қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилмоқда.
Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувлар ўтказиш, Самарқанд шаҳрини зиёрат қилиш ҳам жой олган.