Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси
Шу йил 4 февраль куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.
Шу йил 4 февраль куни халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.Бугунги учрашувимиздан асосий мақсад – сизлар билан кўришиб, ҳол-аҳволингиздан хабардор бўлиш, ўз ечимини кутиб турган муаммолар, қийинчиликлар ҳақида фикр алмашиш ва олдимизда турган долзарб вазифаларни аниқлаб олишдан иборат. Энг муҳими, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, аввало бошқарув тизимидаги раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масаласини кўриб чиқсак, айни муддао бўлур эди, деди давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида ва қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлади.
Ҳаммамизга яхши маълум, Тошкент вилояти катта иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятга, улкан табиий ва инсоний ресурсларга эга бўлган марказий вилоят сифатида Ўзбекистонимиз ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаб, кўпгина соҳа ва йўналишлар бўйича етакчи бўлиб келади.
Шу борада айрим мисолларни олиб келадиган бўлсак, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг қарийб 15 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 12 фоиздан зиёди, иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг тахминан 10 фоизи, ялпи ички маҳсулотимизнинг эса 9,7 фоизи айни шу вилоят ҳиссасига тўғри келишининг ўзи кўп нарсадан далолат беради.
Бу заминда жойлашган Ўзбекистон металлургия комбинати, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, дунёга машҳур “Женерал моторс” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган, автомобиль двигателлари ишлаб чиқарадиган ноёб замонавий корхона, Янги Ангрен ҳамда Тошкент иссиқлик электр станциялари ва бошқа йирик саноат корхоналари республикамиз иқтисодиётининг локомотивлари, десак, адашмаган бўламиз.
Ҳеч шубҳасиз, бу корхоналар юртимиз бойлигига бойлик қўшаётган, нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё минтақасида кўзга кўринган ишлаб чиқариш мажмуалари ҳисобланади.
Айни вақтда Тошкент воҳасининг энг катта бойлиги – бу авваламбор кўпни кўрган, ўзининг меҳнати, интеллектуал салоҳияти, билим ва тажрибаси билан ўз юртини обод этиб келаётган ишчи ва муҳандислар, фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари, ўқитувчи ва шифокорлар, азму шижоатли ёшларимиз, бир сўз билан айтганда, вилоятнинг кўп миллатли, меҳнаткаш ва бағрикенг халқидир, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ўз юртига меҳр ва садоқат билан яшаётган бу элнинг муносиб фарзандлари, уларнинг фидокорона меҳнати давлатимиз, жамиятимиз томонидан юксак баҳоланиб келинаётгани сизларга яхши аён, албатта. Фақат кейинги уч йилда Тошкент вилояти бўйича 100 нафарга яқин ана шундай инсонлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангани мисолида бунинг яққол далилини кўриш мумкин.
Барчамизга маълумки, Тошкент вилояти – оддий вилоят эмас, у авваламбор пойтахт вилояти сифатида мамлакатимизда етакчи мавқени эгаллаб келади. Қайси соҳа ёки тармоқни олмайлик, бу замин катта имконият ва ресурсларга бой эканини кўрамиз. Шунинг учун ҳам Тошкент вилоятини мамлакатимиз ҳаётида янада юқори ўринга кўтариш, бу ерда яшаётган 2 миллион 770 мингдан зиёд аҳолининг тобора ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини муносиб даражада таъминлаш, айтиш керакки, бугун ҳам, эртага ҳам, ҳеч шубҳасиз, энг долзарб вазифамиз бўлиб қолади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Тошкент вилоятида ҳали-бери ечилмаган кўпгина муаммолар, қанча-қанча муҳим вазифалар олдимизда тургани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деди Ислом Каримов.
Бу воҳадаги ер ости ва ер усти бойликларидан тўла ва оқилона фойдаланиш, уларни аввало шу гўзал, бетакрор заминда яшаётган одамлар, бутун халқимиз манфаатлари йўлида ишлатиб, фаолиятимизни бугун замон талаб қилаётган даражада ташкил қилиш, вилоятнинг узоқ ва давомли режаларини амалга ошириш учун бу йўлда учрайдиган турли қийинчиликларни олдиндан кўриб, уларни бартараф этишга тайёр бўлишимиз зарур.
Бир сўз билан айтганда, нафақат бугунги, балки эртанги кун ҳақида бош қотириш, халқимизни, жамоатчиликни айни шу мақсадларга сафарбар этиш барчамизнинг, биринчи навбатда, ўзини раҳбар деган, одамлар унга ишонч билдирган шахсларнинг асосий бурчи, десам, ўйлайманки, ҳаммангиз бу фикрга қўшиласиз, деди Президентимиз.
Сизларга яхши маълум, яқинда Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг асосий устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Бу мажлисда ўтган йилда эришган натижаларимиз атрофлича муҳокама қилиниб, жорий йил ва истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифаларимиз аниқлаб олинди. Хусусан, 2030 йилгача мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 2 баробар ошириб, унинг таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказишни биз ўзимиз учун стратегик вазифа сифатида белгилаб олдик, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Бундай улкан ва ўта масъулиятли вазифаларни амалга ошириш ҳақида сўз юритар эканмиз, шу борада ҳаётимизни ҳар томонлама янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган дастурларни жорий этиш учун қай даражада етарли замин яратганимиз, жумладан, 2015 йилда Тошкент вилоятида эришган марраларимиз ҳақида тўхталиб ўтсак, ўринли бўлади.
Бу ҳақда сўз борар экан, аввало, ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 6,7 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 7 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси 13 фоиздан зиёд ўсгани, экспорт бўйича прогноз кўрсаткичи бажарилганини таъкидлаш лозим.
Тошкент вилоятининг саноат соҳасидаги салоҳиятини изчил ривожлантириш дастурига асосан кейинги уч йилда 1 минг 50 та лойиҳа амалга оширилди. Шу аснода 2 триллион 700 миллиард сўм ва 532 миллион доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиб, 30 мингга яқин янги иш ўрни яратилгани биз учун айниқса муҳимдир. Шулар қаторида Тошкент иссиқлик электр станциясида 370 мегаватт энергия ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган, табиий газни икки баробар кам сарфлайдиган буғ-газ қурилмаси барпо этилганини қайд этиш зарур.
Бу ишларимизнинг давоми сифатида ҳозирги вақтда тоғ-кон саноати, кимё ва нефть-кимё саноатида қиймати 2 миллиард 558 миллион долларлик 26 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, Чирчиқ шаҳридаги “Аммофос-Максам” корхонасида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш мақсадида умумий қиймати 136 миллион доллардан зиёд 3 та лойиҳани жорий йилда амалга ошириш мўлжалланмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Тошкент вилоятида саноат соҳасида эришилган бундай катта ютуқ ва кўрсаткичлар, 2016 йил учун белгиланган режалар барчамизга мамнуният етказади, деди Президентимиз.
Мажлисда бугун замон қандай тез ўзгараётгани, илгари дуч келмаган турли-туман муаммо ва қийинчиликлар олдимизда пайдо бўлаётгани бутун мамлакатимиз қатори Тошкент вилоятида ҳам ишимизни янгича ташкил этиб, унинг самарасини тубдан оширишни, эскича ёндашувлардан, ўз умрини ўтаб бўлган иш усулларидан бутунлай воз кечишни талаб этаётгани алоҳида қайд этилиб, Тошкент вилоятида олиб борилаётган ишларга айни шундай танқидий кўз билан қараб, кўпгина йўналишларда ҳали-бери ечилмаган муаммолар, камчилик ва нуқсонлар борлиги ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Аввало, вилоятдаги мавжуд 14 та туманнинг 7 тасида маҳаллий бюджет харажатлари субвенция, яъни, берилаётган молиявий ёрдам ҳисобидан қопланаётганига эътибор қаратилди. Қўпол бўлса ҳам айтишга мажбурмиз – бундай кайфиятлар тобора сурункали тус олиб, боқимандаликка айланиб бораётганига қачонгача чидаш мумкин, деб сўрашнинг вақти келмадими, деди Ислом Каримов.
Мисол учун, Бекобод туманида маҳаллий бюджет умумий харажатларининг 44,1 фоизи, Қуйичирчиқ туманида 43,2 фоизи, Оққўрғон туманида 42,2 фоизи, Бўка туманида 42,1 фоизи дотация ҳисобидан қопланаётганини қандай баҳолаш мумкин?
Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қуйичирчиқ, Паркент, Юқоричирчиқ, Чиноз туманларида саноат ривожига, янги иш ўринларини яратиш масаласига бепарволик билан қаралаётгани ва бу туманларнинг вилоят саноатидаги улуши 1 фоиздан ҳам паст бўлиб қолаётганини изоҳлашнинг ўзи қийин, деди Юртбошимиз.
Шунингдек, вилоят ҳудудидаги 20 та йирик саноат корхонасида ўтган йили ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетган, 2 та корхонада эса маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. Лекин маҳаллий раҳбарлар вазиятни ўнглаш ҳақида ўйлаётгани йўқ.
Қурилиш соҳасини оладиган бўлсак, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этишда жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда, улар кўпинча белгиланган муддатда ўз эгаларига топширилмаяпти. Умуман айтганда, бу уйларни қураётган пудратчи ташкилотларнинг моддий-техник базаси, уларни техника ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш талабга мутлақо жавоб бермаслиги бундай нохуш ҳолатга сабаб бўлмоқда ва топширилаётган уйларнинг сифатига, одамларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Сессияда иқтисодиётимиз тараққиётида муҳим ўрин тутадиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи ҳақида сўз юритилар экан, бу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши вилоят бўйича 56 фоиздан юқори экани ижобий натижа сифатида эътироф этилди. Бу мамлакатимиз миқёсидаги кўрсаткич билан деярли баробар бўлиб, меҳнат билан банд аҳолининг 76 фоиздан ортиғи ёки 980 минг киши шу соҳада ишлаб даромад топаётгани қайд этилди.
Бундай ижобий натижаларни тан олган ҳолда, бу ҳудудда кўпчилик вилоятларга тегишли бўлган бир камчилик тўғрисида айтмасдан ўтолмаймиз, деди Юртбошимиз. Яъни, Тошкент вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши асосан савдо-сотиқ ва қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори бўлиб қолмоқда. Саноат соҳасини оладиган бўлсак, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг бу тармоқдаги улуши 28,8 фоизни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, бу рақам мамлакатимиз миқёсида 38,9 фоизни ташкил этади.
Маълумки, бугунги кунда юртимизда ахборот-коммуникация технологиялари, банк-молия хизматлари, туризм, қурилиш ва транспорт соҳаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини кескин ошириш вазифаси қўйилган ва бу масалага Тошкент вилоятида алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Президентимиз ўз нутқида Тошкент вилоятининг азим пойтахтимиз Тошкент шаҳри билан ёнма-ён жойлашгани вилоятга катта имкониятлар бериши, айни вақтда алоҳида масъулият ҳам юклашига эътибор қаратди.
Шуни айтиш жоизки, вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш учун Тошкент шаҳри улкан, ҳар томонлама қулай бозор ҳисобланади. Бу ҳақда сўз юритганда, аввало пойтахтимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш борасида вилоят меҳнаткашлари катта ҳисса қўшаётганини таъкидлаш зарур.
Биргина ўтган 2015 йили вилоятда 2 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 400 минг тонна картошка, 200 минг тоннадан зиёд мева, қарийб 170 минг тонна узум етиштирилди. Ўз-ўзидан равшанки, бу рақамлар халқимизни озиқ-овқат билан таъминлашда, бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини сақлашда Тошкент вилоятининг нақадар беқиёс ўрин тутаётганидан далолат беради.
Вилоятда сўнгги уч йилда 74 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, 4 минг 500 гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилди, деҳқончиликка янги техника ва технологиялар, серҳосил экин навлари изчил жорий этилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятнинг деҳқон ва фермерларига, барча меҳнатчиларига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдириб, бу йил ҳам ҳосилингиз мўл бўлсин, омадингизни берсин, деб эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз, деди давлатимиз раҳбари.
Мажлисда бугунги кунда Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга кўтариш, пахта майдонлари ҳажмини камайтириш ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш, фермер хўжаликларини оптималлаштириш, қайта ишлаш соҳасидаги мавжуд резервларни ишга солиш муҳим вазифа бўлиб турганига урғу берилди.
Айни шу борада, умуман, ички ва ташқи бозоримизда талаб кучли бўлган маҳсулотларни юқори қўшимча қиймат билан ишлаб чиқаришда Тошкент вилоятининг ўрни ва роли, керак бўлса, масъулияти катта эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз, деди Юртбошимиз.
Ҳозирги кунда бу соҳада эътиборга молик ишлар қилинмоқда ва бунинг тасдиғини кўпгина мисолларда кўришимиз мумкин. Масалан, Ангрен махсус индустриал зонасида халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган мис қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Юқори қўшимча қийматга эга бўлган 52 турдаги ана шу маҳсулотлар жаҳоннинг кўплаб давлатларига экспорт қилинаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Бундан ташқари, бу ерда қиймати 214 миллион доллар бўлган, енгил автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун йилига 3 миллион 200 минг дона шина ва 100 минг погон метр конвейер лентаси ишлаб чиқариш бўйича яна бир йирик лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Бу лойиҳани амалга ошириш натижасида мамлакатимизга четдан олиб келинаётган 200 миллион долларлик маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш ва шу тариқа катта валюта маблағларини тежаш имконига эга бўламиз.
Сессияда бундай ютуқлар эътироф этилгани ҳолда, кўпгина соҳа ва тармоқларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги танқид қилинди. Бунинг тасдиғини вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг фақатгина 24 фоизи, гўштнинг 27 фоизи, сутнинг эса 20 фоизи қайта ишланаётгани мисолида кўриш мумкин.
Энг ачинарлиси, мева-сабзавот маҳсулотларининг 46 фоизи, гўшт маҳсулотларининг 39 фоизи, сут маҳсулотларининг 18 фоизи бирламчи қайта ишлаш даражасида сотилаётгани туфайли катта миқдорда қўшимча даромад олиш имкониятини бой бермоқдамиз, деди Ислом Каримов. Ҳолбуки, ярим фабрикат ҳолида сотиладиган мана шу маҳсулотларни қўшимча қайта ишлаш ҳисобидан оладиган даромадларимизни 2-3 карра кўпайтириш имконияти мавжуд.
Бунинг учун нима керак? Аввало, тараққий топган давлатлардан энг замонавий технологияларни олиб келиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, чиқараётган тайёр маҳсулотларимизнинг сифати ва рақобатдошлигини ошириш керак. Буларнинг барчаси бугунги кунда энг муҳим ва долзарб вазифаларимиз қаторидан ўрин олиши зарур.
Мажлисда бу масала бўйича қуйидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Такрор айтишга тўғри келади: айни мана шундай катта имкониятларни ишга солиш, экспортни, валюта ҳажмини кўпайтириш, бунинг учун биринчи навбатда ташаббус ва яна бир бор ташаббус кўрсатишимиз, тадбиркорлик ва изланувчанлик билан яшашимиз шарт, деди Юртбошимиз. Бу масала аввало барча раҳбар ва мутасаддиларга дахлдор эканини яхши англаб олишимиз даркор.
Чиндан ҳам, бугунги кунда жаҳон бозорларида рақобат тобора кучайиб, шафқатсиз тус олаётган бир пайтда фақат ғалла ва пахта ҳисобидан ривожланиб бўлмайди ва бундай калтабинлик билан, узоқни кўрмасдан яшашга бизнинг мутлақо ҳаққимиз йўқ.
Фақат хомашё ишлаб чиқариш ва уни бозорда сувтекин нархда бошқаларга сотиш билан юрадиган бўлсак, ўзгалар эса бу хомашёни қайта ишлаш ҳисобидан унинг ёғини, қаймоғини оладиган бўлса, бундай йўл фақатгина мустамлакага айланган давлатларнинг қисмати бўлганини яхши биламиз.
Биз ҳам бир вақтлар шундай тақдирни бошимиздан кечирганимиз, фақат пахта хомашёси етиштиришни, яъни, энг оғир меҳнатни бизнинг бўйнимизга юклаб, пахтадан олинадиган тайёр маҳсулотнинг фойдасини эса бошқалар кўрганини эсингизга солишни ўринли, деб биламан, деди Ислом Каримов.
Эски тузумдан қолган бундай оғир муаммоларни ҳал қилишнинг йўли битта: “олма пиш, оғзимга туш” деган қарашлардан бутунлай воз кечишимиз зарур. Буни замоннинг ўзи бугун бизга уқтиряпти. Содда қилиб айтганда, дунёқарашимизни, ишга, ҳаётга муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз лозим.
Бугунги кунда Ўзбекистонимизни дунёдаги ривожланган, эркин ва фаровон яшаётган давлатлар қаторига олиб чиқиш учун барча имкониятларга эгамиз. Юртимиз қандай ранг-баранг бойликларга эга бўлса – бу минерал хомашёлар бўладими, табиий ресурслар бўладими, иқтисодий ва инсоний салоҳият бўладими – буларнинг ҳаммаси Тошкент вилоятида мужассам эканини яққол кўриш мумкин. Бу замин шундай бебаҳо бойликларга эгаки, баъзан ўзимиз ҳам бунинг қадрига етмай қоляпмиз, десак, бу ҳам ҳақиқатдан узоқ гап эмас, деди Президентимиз.
Ўзингиз айтинг, энг унумдор ер, энг кўп сув манбалари қаерда? Шу ерда, Тошкент воҳасида эмасми? Бу вилоят ер майдонларининг балл бонитети энг юқори бўлган ҳудудларимиздан бири бўлиб, сув ресурсларининг етарли экани, шўрланган ерларнинг деярли йўқлигини кўриб, айтиш керакки, бошқалар бизларга ҳавас қилади, деди давлатимиз раҳбари.
Бундан ташқари, логистика, замонавий коммуникация тармоқлари дейсизми, ҳаво транспорти, автомобиль ва темир йўл тизимлари дейсизми, инфратузилма объектлари дейсизми – буларнинг барчаси Тошкент вилоятида мавжуд.
Ҳеч шубҳасиз, бундай ноёб имкониятлар ҳақида гапирганда, вилоятда энг катта бойлик, бизга берилган энг катта неъмат – бу заминнинг унумдор ери, десак, ўйлайманки, ҳақиқатни айтган бўламиз. Айнан шунинг учун ҳам барчамизни боқадиган ер билан тиллашиш, уни асраб-авайлаш, эъзозлаш, халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Сен ерни боқсанг, ер сени боқади” деган ҳикматни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимизни истардим, деб таъкидлади Юртбошимиз.
Минг афсуски, таҳлиллар шуни кўрсатмоқда – вилоятда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш режалари қўпол равишда бузилиб, 2 минг 500 гектар суғориладиган майдонларга бошқа экинлар экилган. Бундай ҳолатлар Бекобод, Янгийўл, Қибрай, Бўстонлиқ ва Чиноз туманларида мунтазам равишда такрорланиб келган.
Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва шароитларга қарамасдан, ўтган йили Тошкент вилоятида пахтачилик бўйича 97 та, ғаллачилик бўйича эса 149 та фермер хўжалиги шартнома мажбуриятини бажармаган. Ишга ана шундай масъулиятсиз ёндашув туфайли Бўка ва Бекобод туманларининг ҳар бирида 1 миллиард 200 миллион сўм, Оққўрғон ва Ўртачирчиқ туманларида эса 500 миллион сўмдан зарар кўрилгани айниқса ачинарлидир.
Бу ниманинг исботи? Бундай мисоллар вилоятда ер майдонлари, афсуски, ҳанузгача ҳақиқий эгасини топмаганидан далолат беради.
Тошкент вилоятида аҳоли зич жойлашган бўлиб, янги иш ўринларига талаб юқори бўлса-да, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида мингдан ортиқ фермер хўжалигига 100-120 гектарлаб ер ажратиб берилган. Шунинг учун бу масалада тартиб ва адолат ўрнатиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳозирги вақтда фермер хўжаликларининг ер майдонлари оптималлаштирилиб, 3 минг 146 та янги фермер хўжалиги ва 27 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.
Биз бугун иқтисодиёт соҳасида қўлга киритган ютуқлар билан бирга, кўзга яққол ташланаётган камчилик ва муаммоларга ҳам тўхталдик, деб фикрини давом эттирди Президентимиз. Айни вақтда ижтимоий тармоқлар бўйича ҳам – бу транспорт, коммунал ва маиший хизмат сифатини ошириш бўладими, тиббиёт соҳаси бўладими, аҳолини иш билан таъминлаш, унинг кундалик эҳтиёж ва талабларини қондириш бўладими, уй-жой фондидан оқилона фойдаланиш бўладими – бундай мисолларни кўплаб олиб келиш мумкин.
Шулар қаторида бизда энг катта ташвиш ва хавотир уйғотадиган масала – бу вилоятда ишни бугун замон талаб қилаётган даражада ташкил қилишда, фаоллар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат иш олиб боришда йўл қўйилаётган жиддий хато ва камчиликлар, энг ачинарлиси, айрим раҳбарлар томонидан ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларидир.
Мен бир фикрни кўп марта айтганман ва уни бугун ҳам такрорлашга мажбурман: қаердаки раҳбарлар ўз зиммасидаги масъулиятни унутса, қаердаки ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ўша ерда иш орқага кетади, бундан қанча-қанча одамлар зарар кўради, энг ёмони, аҳолининг жойлардаги ҳокимият идораларига ишончи йўқолади, деди Ислом Каримов.
Ҳар бир раҳбар – у қайси вазифада ишлаши, қайси бўғинни бошқаришидан қатъи назар, авваламбор ўзининг манфаати билан эмас, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаши, уларни қийнаётган муаммоларни ечиш ҳақида чуқурроқ ўйлаши, узоқроқни кўриши ва жамоатчиликни ўз ортидан эргаштириш учун уларнинг ишончини қозониши керак.
Бунинг учун раҳбар вилоятда мавжуд бўлган, ўзининг ечимини кутиб турган кўпгина муаммоларни, ўзи бошқараётган ҳудуд аҳолисининг ўзига хос ва ўзига мос дарду ташвишларини чуқур ўрганиши, уларни ҳал этиш учун фаоллар ва жамоатчиликни, бутун аҳолини сафарбар этиб, уларни бошқариб, улар билан тил топишиб ишлаши зарур.
Бу йўлда бутун борлиғини, бор билим ва тажрибасини ишга солиши, масъулиятни ўз зиммасига олиб, бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Айни шундай муносабатни, ишни айнан шундай ташкил этишни ҳудудга янги раҳбар этиб тайинланган шахсдан одамлар кутиши табиий, десам, ўйлайманки, ҳаммангиз бу фикрга қўшиласиз, деди Президентимиз.
Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги сессия кун тартибига қўйилган ташкилий масаланинг асосий мақсад-мазмуни ҳам айни шу муаммога қаратилганини тушуниш қийин эмас, деб фикрини давом эттирди давлатимиз раҳбари. Яъни, сўз Тошкент вилоятининг ҳокими бўлиб ишлаб келаётган А.Усмоновнинг фаолияти ва масъулияти ҳақида бормоқда.
Ҳаммангизга маълум, 2013 йилда барчамиз катта ишонч билдириб, Тошкент вилояти ҳокими вазифасига А.Усмоновни тасдиқлаган эдик.
Бу шахсни танлаш ва бу юксак лавозимга тайинлашда авваламбор унинг олдинги иш фаолияти, кўпгина масъулиятли вазифаларда хизмат қилгани, биринчи навбатда, Андижон вилоятида кўп йил биринчи раҳбар бўлиб ишлаган даврида – бу ҳам ҳақиқат – ушбу вилоятни ривожлантиришда, вилоят аҳлининг катта ютуқ ва марраларни қўлга киритишида анча тажриба орттириб, ўзи ҳам бунга ҳисса қўшгани инобатга олинган эди.
У Андижон вилоятида раҳбарлик қилган пайтда ишни ташкил қилишда – албатта, ҳар қайси ҳудуднинг ўзига яраша қийинчилик ва муаммолари бор – бу ерда кўпгина масалаларни ечиш учун замин туғдирилган эди. Қурилиш ва ободончилик соҳаси бўладими, қишлоқ хўжалигини бошқариш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш бўладими, Андижон вилояти мамлакатимизда кўзга кўринган ўринни эгаллагани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг негизида аввало мард ва матонатли Андижон халқининг меҳнати мужассам эканини ҳаммамиз яхши биламиз, деди Ислом Каримов.
Айтиш керакки, Тошкент вилоятида иш бошлагач, дастлабки пайтда А.Усмоновнинг фаолиятида вилоят олдида турган вазифаларни амалга ошириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун бирмунча ҳаракатлар кўзга ташланди. Лекин, минг афсуски, ҳаёт шундай мураккаб бир ҳолатларни олдимизга қўяди. Яъни, одамнинг, юқори лавозимга тавсия этилаётган шахсларнинг ички дунёсини, уларнинг асл инсоний фазилатларга эга бўлишини аниқлаш ўта оғир ва мураккаб вазифа, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бундай шахсларнинг иймони нақадар бутун, иродаси нечоғлиқ бақувватлиги асосан улар амалга ўтирганидан кейин билиниб қолишини, бундай синовда улар барибир ўзини йўқотиб қўйишини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб беради. Ва бундай шахсларнинг оёғи ердан узилиши, гердайиб кетиши шу даражага етиб борадики, улар учун гўё амал – лавозим ўзига умрбод мерос қилиб берилганидек бўлиб туюлади.
Мана, бугун бу аччиқ ҳақиқатнинг тасдиғини А.Усмонов мисолида кўриб турибмиз, деб таъкидлади Президентимиз.
Вақт ўтиши билан бу инсоннинг ишга қараши ва одамларга муносабатида манманлик, ўзига бино қўйиш, ён-атрофдагилардан ўзини юқори тутиш, қўполлик, қўл остида ишлаётганларни менсимаслик, уларнинг фикри билан ҳисоблашмаслик каби ҳолатлар “иш услуби”га айланиб қолди. Энг ёмони, бундай муносабатлар биринчи раҳбар билан вилоят фаоллари ўртасида катта жардек тушунмовчилик пайдо бўлишига олиб келди.
Ўзингиз айтинг, вилоят раҳбари томонидан ўзи билан бирга ишлайдиган етакчи ва мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, руҳини кўтариш ўрнига, уларнинг шахсига тегиш, кўнглини чўктириш ўзаро ҳурматга олиб келиши мумкинми, деди Юртбошимиз.
Шу борада бир ҳақиқатни яна бир бор айтишга тўғри келади: оддий одамларимиз, халқимиз ҳамма нарсани кузатиб туради, ён-атрофида юз бераётган воқеалардан хабардор бўлиб, ҳар қандай раҳбарнинг ҳам ишига албатта ўз баҳосини бериши муқаррар. Агарки кимдир хомхаёлда юриб, бошқача фикрлайдиган бўлса, катта хатога йўл қўяди. Шундай ўйлайдиган одам вақти келганида чексиз надомат ва пушаймонликда қолиши турган гап.
А.Усмоновнинг иш фаолиятидаги номақбул хусусиятлар ҳақида, ўз масъулиятини ошириши зарурлиги ҳақида унга кўп бор айтилиб, суҳбатлар ўтказилган бўлса-да, лекин оёғи ердан узилиб қолгани учун бу гаплардан у тегишли хулоса чиқариб олмади ва бу ўз навбатида унинг вилоят фаоллари ва жамоатчилиги ўртасида обрў-эътиборини йўқотишига олиб келди.
Табиийки, бундай ҳолат вилоятда ишни ташкил қилишда жиддий хатоларга сабаб бўлди.
Сессияда А.Усмонов кадрларни танлаш ва лавозимга қўйишда ғаразли мақсад билан иш кўриб, асосан ўзига шахсий садоқатда бўлган, лекин зарур билим ва тажрибага, маънавий фазилатларга эга бўлмаган шахсларни турли раҳбарлик вазифаларига тайинлагани, Тошкент вилоятининг ўзида юқори малакали кадрлар етарли бўлишига қарамасдан, баъзи бир лавозимларга ўзининг таниш-билишларини олиб келиш унинг одатига айланиб қолгани қайд этиб ўтилди.
Масалан, Тошкент вилояти ҳокимлигининг ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи лавозимига А.Ҳамдамов, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи вазифасига Б.Қораев тайинланган. Шунингдек, у вилоят ҳокимлигининг ишлар бошқарувчиси вазифасига, капитал қурилиш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибият мудири лавозимига, ҳуқуқ-тартибот, сафарбарлик ва фавқулодда ҳолатлар бўйича тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи гуруҳ бошлиғи вазифасига, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг бош муҳандиси лавозимига ўзига яқин одамларни ишга қўйган.
Ўз шахсий манфаатини кўзлайдиган бу шахслар амалдаги қонунчиликни бузиб, мансабни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ турли жиноятларни содир этишган. Ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли уларнинг айримлари (А.Темиров, А.Сатторов, О.Маҳмудов) жиноий жавобгарликка тортилган, айримлари (А.Эржигитов, А.Ҳамдамов, Б.Қораев, С.Самадов) ишдан бўшатилган.
А.Усмоновнинг яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахслар, жумладан, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси А.Умаров, вилоят ҳокимлигининг собиқ ишлар бошқарувчиси М.Икромов, вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бош муҳандиси Ш.Хўжамқулов, “Руббер траст шосс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Исмоилов порахўрликда айбланиб, уларга нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган.
Мажлисда А.Усмоновнинг бундай раҳбарлик “услуби” вилоятни бошқаришда кўпгина янги-янги муаммоларни туғдириб, вилоят олдида турган муҳим вазифаларнинг бажарилмай қолишига, энг ёмони, вилоят фаоллари ўртасида қарама-қаршилик, низо ва зиддиятлар пайдо бўлишига, муҳитнинг бузилишига олиб келгани таъкидланди.
Президентимиз раҳбарнинг бугунги кундаги ўрни ва масъулияти, раҳбарлик инсондан қандай фазилат ва хусусиятларни талаб қилиши ҳақида атрофлича тўхталиб, жумладан, қуйидагиларни баён этди.
Қандай оғир бўлмасин, бу гапларни айтишдан мақсад шуки, сиз, ҳурматли депутатлар ва фаоллар билан ўртамизда ҳеч қандай сир бўлмаслиги, ҳақиқатни очиқ айтишимиз керак, деди Юртбошимиз. Нега деганда, энг катта куч – бу ҳақиқатдир. Ҳақиқатга суянган одам ҳеч қачон пушаймон бўлмайди.
Бугун биз раҳбарлик, етакчилик вазифаси нақадар масъулиятли эканига, бунга ҳар кимнинг ҳам қурби етмаслигига, бу иш инсондан авваламбор мустаҳкам ирода ва иймон-эътиқод талаб қилишига яна бир бор гувоҳ бўлмоқдамиз.
Шу ўринда илгари ҳам айтган бир фикримни такрорлашни зарур деб биламан: раҳбарга лавозимни, обрўни эл-юрт беради, лекин унга ишониб топширилган лавозимни унинг ўзи йўқотади. Бу оддий, шу билан бирга, ҳар бир раҳбар учун олий ҳақиқатдир, деди давлатимиз раҳбари.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. А.Усмонов Тошкент вилояти ҳокими вазифасидан озод қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра, Зангиота тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Содиқ Абдуллаев Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.
Тошкент вилояти пойтахт вилоят сифатида доимо мамлакатимизнинг энг етакчи, салоҳияти улкан вилояти, таъбир жоиз бўлса, таянч тоғларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Ишончим комил, ҳаёт синовларида тобланган, меҳнаткаш, мард ва олижаноб Тошкент воҳаси аҳли янги раҳбар атрофида жипслашиб, вилоят олдида турган катта вазифаларни ҳал этишда ҳар томонлама ўзини кўрсатади ва эзгу мақсадларига албатта етади, деди Президентимиз ўз нутқининг якунида.
Сессияда сўзга чиққан “Нуроний” жамғармаси Паркент тумани бўлими раиси Ориф Пиримов, Бўка туманидаги “Ёқутхон-Саид” фермер хўжалиги раҳбари Саидислом Сайдуллаев, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси, бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори Баҳодир Жалолов, Зангиота туманидаги “Назарбек” қишлоқ врачлик пункти мудираси Мақсуда Варисова ва бошқалар Президентимизнинг нутқида Тошкент вилоятида кейинги йилларда қўлга киритилган ютуқ ва натижалар билан бирга, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ишни замон талаблари асосида ташкил этиш, мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиш борасида йўл қўйилган жиддий камчилик ва муаммолар ҳар томонлама таҳлил этилиб, уларни ҳал этиш йўллари, вилоят аҳли олдида турган долзарб вазифалар аниқ кўрсатиб берилгани, ана шу танқидий фикрлар, амалий кўрсатмалар асосида ишни ташкил этиб, ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилиш ва кўзланган марраларга эришиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.