ЎзА Ўзбек

29.05.2020 Чоп этиш версияси

Тошкент шаҳрида кичик туман ташкил этиш таклиф қилинди

Тошкент шаҳрида кичик туман ташкил этиш таклиф қилинди

Шавкат Мирзиёев 2016 йили сентябрда беш йил давомида Сергели туманида 500 та кўп қаватли уй қурилишини айтганида кўпчилик ҳайрон бўлган эди. Давлатимиз раҳбари 2018 йил декабрда бу борадаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирганди.

Бугун бу ерда катта, замонавий мавзе пайдо бўлди. Охирги 3 йилда туманда 19 минг 522 хонадонли 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.

26 та намунавий типдаги маҳалла гузарлари барпо этилди. Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошган.

Президент Шавкат Мирзиёев шунча одамнинг фаровонлигини таъминлаш, бошқарувни самарали ташкил этиш мақсадида ушбу ҳудудда Тошкент шаҳар ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган алоҳида “Янги ҳаёт” кичик туманини ташкил этиш таклифини билдирди.

Пойтахт аҳолисига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини воситачиларсиз, арзон нархда етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Биринчи босқичда деҳқон бозорларида 256 та махсус раста ташкил этилди. Иккинчи босқичга мувофиқ, шаҳар бўйлаб 514 маҳаллада 2316 та кўчма савдо ярмаркаси ҳамда 634 турғун савдо дўкони ташкил этилди.

Сергели туманига Қашқадарё вилояти бириктирилиб, вилоят фермерлари ўз маҳсулотини олиб келиб сотадиган савдо жойи очилди.

Давлатимиз раҳбари «Ташаббус» маҳалласи ҳудудидаги ана шундай савдо шохобчасини кўздан кечирди.

- Фермерларнинг маҳсулот олиб келишига ёрдам бериб, эмин-эркин сотишига шароит яратилса, Тошкентда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини 15-20 фоиз тушириш мумкин. Маҳсулотлар арзон ва сифатлилиги халқимизга, доимий мижозлар борлиги деҳқонларга ҳам қулай бўлади. Энди бошқа туманларга ҳам муайян вилоятларни бириктириб, маҳаллаларда шундай ихчам, совутгичли шохобчаларни ташкил этиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Сергели-5А мавзесидаги “MADENA СOLLECTION” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу тикувчилик корхонасида тиббиёт ходимлари учун йилига 150 минг дона махсус кийимлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада шу атрофда яшовчи 100 нафар хотин-қиз ишли бўлди.

Президент ишчи аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг оилавий ва меҳнат шароитлари билан қизиқди.


8 643
ЎзА