Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бошланди
Пойтахтимиз фуқаролари тарихий аҳамиятли кунни қарши олмоқда. Бугун Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.
Пойтахтимиз фуқаролари тарихий аҳамиятли кунни қарши олмоқда. Бугун Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.Жорий йил 22 декабрь санаси Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тарихида илк бор Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди. Унда 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топди.
Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида ислоҳотларимиз самарасини оширишда парламент, депутат, сенаторларнинг ўрнига алоҳида тўхталди. Халқ вакиллари, хусусан, маҳаллий Кенгашлар фаолияти танқидий баҳоланди.
Ҳисоботларга эътибор берсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида гўёки ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади, лекин улар фақат рақамларда акс этмоқда, холос. Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак, деди Президентимиз. Таъкидландики, қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади.
Маълумки, Президентимиз таклифи билан Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари таъсис этилди. Шу вақтгача пойтахт туманларининг фуқаролари бундай имкониятга эга эмас эди. Бу борада адолат тикланиб, Конституциямизга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам ўзлари сайлаган вакиллари орқали туманларни бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик жараёни сайлов тўғрисидаги миллий қонунчиликка, демократик принциплар ва халқаро стандартларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олиб борилди.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига муносиб номзодлар сараланди. 11 туманнинг ҳар бирига 30 депутат сайланиши белгиланган. Пойтахтимизда 330 сайлов округи ташкил этилган бўлиб, 885 сайлов участкаси сайлов қонунчилигида назарда тутилган замонавий ахборот-коммуникация воситалари, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Айни пайтда мазкур сайлов участкалари сайловчилар билан гавжум бўлиб бормоқда.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига 1 минг 650 номзод рўйхатга олинган. Жараёнда мамлакатимизда фаолият юритаётган 4 сиёсий партия, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз номзодлари билан фаол иштирок этмоқда.
Маълумки, ҳар бир туман, маҳалладаги муаммоларни шу ҳудудда яшаган фуқарогина яхши билади. Шу маънода, Тошкент шаҳар туманларида халқ депутатлари Кенгашларига сайланган депутатлар ҳудудни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.
Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ-2 мавзесидаги 248-умумтаълим мактабида жойлашган 187-сайлов участкасига эрта тонгда биринчилардан бўлиб Дилдора Абдуллаева етиб келди.
– Конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, ўзим танлаган номзодга овоз бердим, – дейди Д.Абдуллаева. – Мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлардан руҳланиб яшаяпмиз. Жамиятда фаоллигимиз ошиб, юртимиз келажагига ишончимиз юксалмоқда. Бугун ҳар биримизнинг овозимиз оиламиз, фарзандларимиз бахти учун муҳим аҳамиятга эга эканини чин юракдан англаб турибмиз.
Сайлов участкаларида жараён қизғин. Сайловчилар фаоллиги кузатилмоқда.