ЎзА Ўзбек

16.10.2020 Чоп этиш версияси

“Темурбеклар мактаби”да ватанпарвар ёшлар тарбияланади

“Темурбеклар мактаби”да ватанпарвар ёшлар тарбияланади

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда барпо этилаётган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ва Давлат хавфсизлик хизмати академиясининг янги бинолари билан танишди.

Мамлакатимизда юксак интеллектуал салоҳиятга, замонавий фикрлаш қобилияти ва дунёқарашга эга, давлатимиз манфаатлари ҳамда суверенитетини фидокорона ҳимоя қилишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш хамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳарбий соҳадаги вазирлик ва идоралар таркибида “Темурбеклар мактаблари”ни ташкил этиш белгиланган эди.

“Темурбеклар мактаби” чинакам ватанпарвар авлодларни камол топтирувчи ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади. Мазкур даргоҳда халқимизнинг маънавий-маърифий қадриятларига содиқ, ҳалол, ватанпарвар, миллий ғурур туйғуси асосида камол топган, буюк аждодларимиз, аввало, Амир Темурнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганган, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга ўқувчилар тарбияланади.

Қарорга мувофиқ, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларини ташкил этиш ва уларнинг ўқув-тарбиявий жараёнини такомиллаштириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. 2020/2021 ўқув йилидан мазкур таълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилинди.

Пойтахтимиздаги «Темурбеклар мактаби»га ҳам танлов асосида 100 нафар, шунингдек, имтиёз асосида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, вафот этган ҳарбий хизматчилар ва кўмакка муҳтож оилаларнинг 10 нафар фарзанди, жами 110 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Ўқув даргоҳининг шахсий таркиби ҳам танлов орқали шакллантирилди. Яъни, 660 нафар ўқувчилар орасидан 21 нафар юқори билимли ва малакали педагог кадрлар танлаб олинди.

Қарордаги устувор вазифаларни амалга ошириш учун илгариги ҳарбий-академик лицейлар ва «Темурбеклар мактаблари» фаолияти ўрганилди. Натижада «Темурбеклар мактаби»га хос ўқув муассасасининг аниқ дастури ишлаб чиқилди. Бунда фанлараро интеграция ва интенсив таълим инобатга олинган бўлиб, бир-бирига узвий боғлиқ фанлар интеграция асосида ўқитилади. Натижада икки йиллик таълим стандартини бир йилда ўзлаштириш кўзда тутилган.

Мактаб икки йиллик бўлиб, она тили ва хорижий тиллар чуқур ўргатилади. Ўқувчилар иккинчи йили мустақил фанларга йўналтирилади.

Давлатимиз раҳбарига «Темурбеклар мактаби» фаолияти, ўқув жараёни, қурилаётган янги бино ва иншоотлар ҳақида маълумот берилди.

Мактаб учун ўқув корпуси, ётоқхона, ошхона барпо этилмоқда, академиянинг мавжуд бинолари реконструкция қилинмоқда. Мажмуада, шунингдек, жисмоний-ҳарбий машғулотлар майдони, стадион, автодром, плац ва бошқа объектлар бўлади.

Президентимиз мактабда она тили ва тарих фанларидан ташқари, хорижий тилларни мукаммал ўқитиш зарурлигини таъкидлади.

– Бу даргоҳда ҳақиқий ватанпарвар, халқини, Ватанини севадиган авлод тарбияланиши зарур. Мактабда шундай шароит яратиш керакки, бу ерда таълим олган ёшлар ҳарбий соҳалар кадрлар захирасини тўлдириши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўқувчиларга юртимиз тарихи ва миллий қадриятларимизни чуқур ўргатиш, дарсларга ҳар бир фан бўйича етакчи педагогларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат хавфсизлик хизмати академиясида бугунги замонавий таҳдидларга қарши тура оладиган мутахассис кадрлар тайёрлаш юзасидан тавсиялар берилди.

6 129
Матназар Элмуродов, ЎзА