ЎзА Ўзбек

20.08.2019 Чоп этиш версияси

Президентимиз Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия комплексини қуриш лойиҳаси билан танишди

Президентимиз Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия комплексини қуриш лойиҳаси билан танишди


Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 январдаги қарорида ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чоралари белгиланган.

Мажмуада йилига 900 минг тонна арматура, 225 минг тонна сим, 375 минг тонна уголок, швеллер, 22 минг тонна ваннадий шлаги ва бошқа металл материаллар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 35 фоизини экспорт қилиш режалаштирилган. Кондаги мавжуд резервлар 1,1 миллиард тоннани ташкил этади.

Лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишга Германиянинг ““DMT-Group Consulting” ва Австриянинг “Horst Wiesinger Consulting” корхоналари жалб этилган.

Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа тўлиқ ишга тушганидан кейин йилига 33 миллион тонна руда қазиб олиниб, ундан 1,5 миллион тонна темир моддаси олиш кўзда тутилган.

Бу йўналишдаги ишларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибида махсус дирекция ташкил этилди. У “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Лойиҳани амалга ошириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ишчи комиссия тузилган. Унинг зиммасига лойиҳани амалга ошириш, қурилиш ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан мансабдор вазирликлар билан муассасалар фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг ўтказиш юклатилган.

Президентимизга мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва истиқболи ҳақида батафсил маълумот берилди. Соҳа мутасаддилари ва хорижий мутахассисларнинг фикрича мазкур лойиҳа тўлиқ ўзини оқлайди. Унинг амалга оширилиши мамлакат иқтисодиёти ривожида, жумладан, қора металл ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш кўламини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шавкат Мирзиёев хорижий компаниялар мутахассислари билан суҳбатлашди. Мажмуа қурилишига илмий жиҳатдан пухта ёндашиш, металлдан маҳсулот ишлаб чиқариш соҳасида ўзига хос мактаб яратиш кераклигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини мукаммал ишлаб чиқиш, уни амалга оширишга ёшларни кўпроқ жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.


8 750
Алоуддин ҒАФФАРОВ, ЎзА