ЎзА Ўзбек

23.01.2019 Чоп этиш версияси

Ташриф доирасида эришилган келишувлар Ўзбекистон манфаатига хизмат қилади

Ташриф доирасида эришилган келишувлар Ўзбекистон манфаатига хизмат қилади

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги ислоҳотлари, барча мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлини танлагани юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи давомида бу яна бир карра исботини топди.

Ташриф давомида Берлин ва Мюнхен шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Бу Ўзбекистондаги ислоҳотлар Германияда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани, ушбу мамлакат юртимиз билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига илғор технологияларни янада кенг жорий этишга интилаётганининг яққол намоёни бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи доирасида Мюнхен шаҳрида ушбу мамлакат етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашуви бу борадаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга янги суръат бағишлайди.

Учрашувда “Сименс”, “Тиссен Круп”, “Фольксваген”, “Кнауф”, “Клаас”, “МАН”, “Линде Груп”, “Фальк Порше Текник”, “Атлас Интернешнл”, “Тенова”, “Гизике-Дэвриэнт”, “Паппенбург”, “Ойлер Гермес”, “Дойче банк”, “Коммерцбанк” каби Европа ва жаҳон бозорининг етакчи компаниялари, молиявий тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.

Унда бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб янгиланиш ва ислоҳотлар, айниқса, иқтисодиётнинг эркинлаштирилаётгани мамлакатимизнинг изчил ривожланиши ва аҳоли фаровонлигининг юксалиши учун шарт-шароит яратаётгани таъкидланди.

Германия дунёнинг юксак ривожланган, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга давлатларидан биридир. Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, юқори даражадаги инсон капитали, тармоқланган инфратузилмаси, қулай инвестиция муҳити Германия билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга жиддий асос яратмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиёда нафақат қулай географик жойлашуви, балки ижтимоий-сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлиги билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, германиялик ҳамкорлар Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан модернизация ва диверсификация қилишга йўналтирилган пухта ўйланган сиёсий интилишини юқори баҳолайди.

Мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай имкониятлар яратилаётгани алоҳида қайд этилди. Инвесторларнинг фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнес ривожи йўлидаги тўсиқлар бартараф этилди, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезиларли қисқартирилди.

Хорижий инвесторлар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, долзарб масалалар, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Эксперт кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларини ушбу кенгаш ишида фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Самарали савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашда Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди.

Ташкил этилаётган Инвестиция ва технологиялар қўмитаси ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг янги механизмига айланиши лозимлиги қайд этилди.

Германия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, валюта ва солиқ тизимларининг либераллашуви, виза олиш тартиби соддалаштирилгани, жумладан, 30 кунгача муддатга визасиз тартиб жорий этилгани Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш учун қўшимча қулайликлар яратишини таъкидлади.

14 январь куни Берлин шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форумда қиймати 8 миллиард евродан зиёд шартнома ва келишувлар имзолангани бунинг далилидир.

Учрашувда Ўзбекистон ва Германия молиявий ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш, инвестиция ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистонда Германия инвесторлари иштирокида ташкил этилган 110 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда, улардан 30 га яқини тўлиқ Германия капитали эвазига ташкил этилган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президентининг ушбу ташрифи мамлакатларимиз ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янги босқичга кўтаришига ишонч билдирилди.

Германия Ўзбекистоннинг стратегик муҳим инфратузилмасини такомиллаштиришда ҳам фаол иштирок этмоқда. Шу ўринда Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортни реконструкция ва модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 50 миллион евро миқдоридаги йирик лойиҳани алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Германия «Навоий» эркин иқтисодий зонаси, унинг қулай имкониятларига ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда.

Мамлакатимизда Германиянинг машҳур саноат гигантлари – “МАН”, “Клаас”, “Кнауф” ва бошқа компаниялар билан ҳамкорликда ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Автомобилсозлик соҳасида икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. АҚШнинг енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи “Женерал моторс” ҳамда Япониянинг кичик автобуслар ишлаб чиқарувчи “Исузу” компанияси қатори мамлакатимизда Германия автогигантларидан бири бўлган “MAН” компанияси билан ҳамкорликда юк автомобиллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани фикримиз далилидир.

Биз бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз. Ўзаро ишончга асосланган истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, деди давлатимиз раҳбари.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Германия молия муассасалари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимизнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи самарали бўлди. Ушбу ташриф, унинг доирасида эришилган барча келишувлар Ўзбекистон манфаати, иқтисодиётимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.



16 531
ЎзА