Tashkent City янгиланаётган Тошкентнинг замонавий маркази бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни ушбу марказ лойиҳаси билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни ушбу марказ лойиҳаси билан танишди.Tashkent City халқаро бизнес маркази бўлади. Мазкур замонавий комплекс пойтахтимизнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади. Лойиҳага мувофиқ Tashkent Cityда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади.
Бу ҳақда 2017 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Tashkent Сity халқаро бизнес маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган.
Ҳозирги кунда ҳудудни қурилишга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Марказни лойиҳалаштириш ва қуришга мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг етакчи лойиҳа институтлари, чет эллик инвесторлар жалб этилмоқда.
Президентимиз қурилиш участкасида ушбу замонавий марказ лойиҳалари ва режалари билан танишди. Буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни жойида муҳокама қилди. Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берди.