Ташқи ишлар вазирлигида учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 15 апрель куни Франция Республикаси ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазири Жан-Марк Эро билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 15 апрель куни Франция Республикаси ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазири Жан-Марк Эро билан учрашди.Мулоқот чоғида 2017-2018 йилларга мўлжалланган вазирликлараро Ҳамкорлик дастури Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кенг қамровли алоқаларни тизимли асосда ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон билан Франция ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашди.
Учрашувда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, июнь ойининг бошида “МEДEФ Интернешнл” Франция корхоналари ҳаракати бошчилигидаги ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи муваффақиятли ўтишидан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Шу куни Франция делегацияси вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказди, Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуида бўлди.