ЎзА Ўзбек

10.05.2019 14:18 Чоп этиш версияси

Рамазон ойида Тошкент шаҳридаги зиёратгоҳлар сони яна биттага кўпайди

Рамазон ойида Тошкент шаҳридаги зиёратгоҳлар сони яна биттага кўпайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Сузук ота мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Маърифатли ислом динининг эзгу амалларини эъзозлаш, юртимизда яшаб ўтган улуғ алломалар меросини тиклаш, қадамжоларини обод этиш борасидаги хайрли ишлар муборак Рамазон ойида эзгулик нурларини янада кўпайтиради. 

b1a2e1e6-f39a-b4f8-e263-627b40e17023.jpg

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳар йили Рамазон ойида ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этиш, илм-фанни ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, мўмин мусулмонлар учун кенг шароитлар яратиш бўйича янги-янги ташаббусларни рўёбга чиқариш эзгу анъанага айланди. Хусусан, ўтган йили Рамазон ҳайитида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига тамал тоши қўйилган эди.

Юртимизда муборак Рамазон ойи нишонланаётган шу кунларда Сузук ота мажмуаси тўла фойдаланишга топширилгани пойтахтимиз аҳолисига муносиб туҳфа бўлди.

Сузук ота зиёратгоҳини яқин-яқингача кўпчилик билмас, маҳалла ичида қолиб кетган мақбара ва эски масжид қаровсизликдан зах тортиб кетган эди.

14560215-70d7-8827-ae74-aeb0f02788fc.jpg

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 26 май куни Сузук ота мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган эди. 2018 йил 9 февралда қурилишнинг бориши билан танишиб, мажмуа ёнида ҳунармандлар маркази ва кутубхона барпо этиш зарурлигини таъкидлаганди. Шундан сўнг амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тарихий обидаларга янги ҳаёт бахш этди.

Мақбара ва эски намозхона тубдан таъмирланиб, янги масжид, унинг ёнида иккита минора барпо этилди. Мажмуага кириш биносида музей, кутубхона, маҳалла идораси ва бошқа объектлар жойлаштирилди. Фавворалар ўрнатилиб, қарийб 8 гектарлик майдон ободонлаштирилди. Мақбаранинг икки томонида ҳунармандлар учун ҳар бири 4,5 сотихли ўттизта коттеж барпо этилди.

bf90ba1d-21fc-7acb-fa34-4998d0f656ad.jpg

Ҳудудда бу ерга келганларнинг дам олиб, ҳордиқ чиқариши учун айвонлар қад кўтарди. Айвонларнинг ёғоч устунлари, равоқлари нафис ўймакорлик намуналари билан безалди. Мақбара ва бинолар сирти, эшик-ромлар, тоқиларга турфаранг бўёқларда миллий нақшлар билан зеб берилди.

Хўжа Аҳмад Яссавийнинг суюкли невараси бўлган Сузук ота илм билан бирга ўймакорлик билан шуғулланган. Юзлаб шогирдлар тарбиялаб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда буюк бобокалонимиз Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида бебаҳо ёдгорлик ўзининг тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда муҳташам ошиёнга айланди. Бугун бу ерга келган зиёратчилар мажмуанинг бетакрор салобатидан улкан маънавий-руҳий қувват олади.

Ташриф чоғида Президентимиз ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишди. Мақбара зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

a9a32cbf-d39b-7f6d-6cc7-650da1cf5152.jpg

Шу ерда маҳалла оқсоқоллари, диний уламолар билан суҳбат бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари уларни Рамазон ойи билан яна бир бор табриклаб, янгиланган мажмуанинг шундай улуғ айём кунларда очилиши хайрли эканини таъкидлади.

Шайхонтоҳур қадимдан Тошкентнинг ҳунармандчилик ривожланган масканларидан бўлиб келгани, аждодларимизнинг эзгу анъаналарини бардавом сақлаш юртимизда қадимий ҳунармандчилик турлари билан бирга, сайёҳлик ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

– Бошқа давлатлар йўқ тарихини бор қилишга ҳаракат қилади. Биз буюк тарихимизни, алломаларимиз меросини халқимизга, ёшларимизга тўлиқ етказиб беролмадик. Ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан шундай жойларга эътибор берсак, бунга ҳамма эътибор қаратади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз ҳунармандлар уйларини, ёғоч қирмачилик ва хаттотлик устахоналарини кириб кўрди. Икки қаватли бу хонадонларнинг биринчи қавати устахона ва дўкон учун ажратилган. Бу ўзига хос ҳунармандчилик маркази бўлиб, мажмуа билан бирга ноёб туризм масканига айланади.

– Ҳунармандчилик – ҳалол касб. Бугунги кунда энг катта вазифамиз – иш жойлари яратиш. Ҳунармандларга шароит яратсак, ҳам ўзини боқади, ҳам бошқаларни иш билан таъминлайди. Шогирдлар тарбияласа, қанча ёшлар ҳунарли бўлади, ўз тадбиркорлигини очиб, даромад топади, – деди давлатимиз раҳбари.

bb8c2625-307e-f975-22cd-e16447460dda.jpg

2e9725d1-6367-5e8c-3a33-da632c02800c.jpg

5b5295dd-a3a4-940c-9318-55104947fe97.jpg

4c390986-7566-4cb8-8db3-35026f433de9.jpg

1ac23b3d-1d7a-cb73-b8f9-4e66c314f658.jpg

2c4feacf-9b79-5887-8b3b-3820aa970b42.jpg

d9d569f3-f168-b0ba-ba83-597b001d79bb.jpg

57d887be-5ed4-a054-a68e-f1ecb8273f5a.jpg

0e85570e-5426-2bbd-6569-2b58371f2109.jpg

2e867d87-ed55-1809-2698-934aa44c21ba.jpg

Матназар Элмуродов, ЎзА
4 384