ЎзА Ўзбек

27.09.2018 Чоп этиш версияси

​Сувни исроф қилганлар жавобгарликка тортилади

​Сувни исроф қилганлар жавобгарликка тортилади

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланишнинг аҳамиятини тушунтиришга ҳожат йўқ. 

Бу неъматлар соғлом ҳаёт кечиришимизнинг муҳим омилларидандир. Ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш долзарблигича қолмоқда. 

Шу боис сенаторлар бу борадаги қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш, мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтиришга эътибор қаратмоқда. 

Шу мақсадда Сенат ялпи мажлисида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқуллади. 

Сенаторлар қайд этганидек, қонун мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтиришга ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда зарур ҳуқуқий асос бўлади. Бундай ҳолатларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича ҳуқуқий механизмлар янада мустаҳкамланади. 

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузганлик, сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантирганлик, улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузганлик, шунингдек, саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, зарарсизлантириш, сақлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун чоралар кучайтирилишини назарда тутадиган қўшимчалар киритилмоқда.

“Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳисобга олиш ва назорат қилиш, чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрини юритиш, чиқиндиларни трансчегаравий ташиш каби фаолият турлари ҳисобига “чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш” тушунчаси мазмуни кенгайтирилмоқда. Шунингдек,саноат чиқиндиларини ва маиший чиқиндиларни махсус техник мосламаларсиз зарарсизлантириш тақиқланмоқда.

Таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши профилактика чора-тадбирларини кучайтиришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахслар ва фуқаролар жавобгарлигини оширишга, шунингдек, махсус ваколатли давлат органларининг тезкор ва самарали фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади. 

5 261
Н.Абдураимова, ЎзА​