Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.06.2019 22:41 Чоп этиш версияси

Сума ЧАКРАБАРТИ: Ҳамкорлик изчил давом этади

Сума ЧАКРАБАРТИ: Ҳамкорлик изчил давом этади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабартини қабул қилди.

Учрашувдан сўнг Сума Чакрабарти ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Аввало, Европа тикланиш ва тараққиёт банки мамлакатингизда кенг кўламда олиб борилаётган иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини таъкидламоқчиман.

Бу бизнинг Ўзбекистон Президенти билан учинчи учрашувимиз. Суҳбат чоғида сўнгги икки йилда эришган инвестициявий ютуқларимиз ҳақида фикр алмашдик, ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли ва истиқболли йўналишларини белгилаб олдик. Жорий йил якунига қадар ЕТТБ мамлакатингизга киритадиган инвестиция ҳажмини бир миллиард еврога етказишни режалаштирган.

Эътибор берсангиз, бу бор-йўғи икки йил ичида юзага келган рақам. Солиштирадиган бўлсак, мазкур кўрсаткич банкнинг аввалги ўн тўрт йил ичида киритган инвестициясидан анча кўп.

Биз ислоҳотлар учун янги ғоялар ҳақида суҳбатлашдик. Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш банкимиз фаолиятининг ҳам асосий йўналишларидан биридир. Бу борада қатор лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз.

Яъни мамлакатингизга инвестицияларни кенгроқ жалб қилиш, инфратузилма, коммунал тармоқ, агросаноат, энергетика, банк-молия ва бошқа соҳаларда қатор ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг иқтисодиётини барча йўналишларда ривожлантириш йўлидаги ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам изчил давом этади.

З.ЖОНИБЕКОВ, Аъло АДБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА