ЎзА Ўзбек

30.01.2019 Чоп этиш версияси

Сифатли тиббий хизмат кўрсатиш – муҳим вазифа

Сифатли тиббий хизмат кўрсатиш – муҳим вазифа Шавкат Мирзиёев Мирзачўл туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника фаолияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Айтиш мумкинки, мазкур тиббиёт муассасаси мамлакатимизда намунавий кўп тармоқли марказий поликлиника сифатида иш бошлади. 1974-1976 йилларда қурилган бу поликлиника шу кунга қадар капитал таъмирланмаган эди. “Обод қишлоқ” дастури асосида муассаса учун янги бино қурилди. 250 қатновга мўлжалланган поликлиникада 125 иш ўрни яратилди. Замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган поликлиникада жарроҳ, педиатр, УТТ шифокори, стоматолог, терапевт, ЛОР, офтольмолог, травматолог, невропотолог, психиатр каби мутахассислар томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади.

Кўп тармоқли марказий поликлиника “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида велоэргометр, ЭхоЭЭГ, ЭХО, Гастрофиброскопия, рақамли рентген, УТТ аппарати, биохимик анализатор, автоклаф, центрафуга, ЭКГ, стоматологик жамланма, аудометр, офтарефроктометр каби замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Янги бинода аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида электрон рўйхатга олиш тизими жорий қилинди. Аёллар маслаҳатхонаси, кундузги стационар, ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилди.

Президентимиз поликлиникадаги шароитларни кўздан кечирар экан, аҳолини касалликлар профилактикаси билан тўлиқ қамраб олиш, одамлар бошқа жойга даво излаб бориб овора бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, шифокорлар малакасини ошириш юзасидан зарур тавсияларини берди.

d73d7636-173d-d3cf-f7bd-427592a4f4ed.jpg


12 097
Улуғбек Асроров, ЎзА