ЎзА Ўзбек

31.01.2019 18:13 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди

Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди Фаоллар йиғилишидан сўнг Президентимиз Жиззах шаҳридаги Мирзо Улуғбек маҳалласида бўлиб, ҳудудда қурилиши режалаштирилаётган уй-жойлар, ижтимоий объектлар, ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди.

Жиззах шаҳрини ободонлаштириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланган. Шаҳар бош режасига кўра, Кимёгар, Иттифоқ маҳаллаларида, Мустақиллик кўчасида 5 ва 7 қаватли уйлар қурилади, улар атрофида савдо мажмуалари, клиника, меҳмонхона ҳамда маҳалла идоралари қад ростлайди. Айни пайтда бу уйлар қурилиши бошлаб юборилган. Улар 2022 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Жиззахда туризмни ривожлантириш учун яхши имконият, қулай табиий шароит мавжуд. Сайёҳларда дастлабки таассурот эса шаҳар темир йўл вокзалидан бошланиши табиий. Шу мақсадда Жиззах темир йўл вокзали тубдан реконструкция қилинди. Барча зарур шароитлар яратилган вокзалдан чиқишингиз билан Мирзо Улуғбек маҳалласи бошланади. Бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилмоқда.

Хусусан, вокзал ва Тошкент кўчасини бирлаштирувчи ҳудудда 13 та 894 хонадонга мўлжалланган 7 қаватли уй қурилмоқда. Бу уйлар янги кўчанинг икки четида жойлашади, атрофи ободонлаштирилиб, ўзига хос чиройли ландшафт ҳосил қилади.

Жиззах шаҳрида вилоят қўғирчоқ театри қурилади. 250 ёш томошабинга мўлжалланган мазкур маскан жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши мақсад қилинган. Бунинг учун 12 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Давлатимиз раҳбарига вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шаҳар оқава сув тизимини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ҳозирда Зарафшон дарёсидан сув олиб келиш учун магистрал қувур ва насос станцияси қурилиши бошланган. Бу ишлар якунлангач Зарбдор, Бахмал, Пахтакор, Мирзачўл, Дўстлик, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманларидаги аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Президентимиз аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг муҳим масалалардан бири эканини таъкидлади. Режадаги ишларни тез ва сифатли бажариш юзасидан топшириқлар берди.

Лойиҳалар тақдимотида мамлакатимиз автомобиль йўллари атрофини кўкаламзорлаштириш, йўлбўйи инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам айтилди.

Йўллар бўйига қайрағоч, клён, эман, акация, япон сафораси, тут, терак, лола, каштан, сурия атиргули, ҳинд сирени, магнолия каби дарахт ва гул кўчатлари экилади.

Давлатимиз раҳбари Жиззах шаҳридаги 3-сонли ички ишлар бўлимида ҳам бўлиб, ўтган йилги топшириқлар ижросини кўздан кечирди.

7e4befa4-c7d7-44a4-5c91-d8e04d15e1f2.jpg

58692907-cde7-c0e7-aba9-0684a4fc1158.jpg


Умар Асроров, ЎзА
6 974