ЎзА Ўзбек

10.01.2018 19:55 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев «Ўзбеккимёмаш заводи» акциядорлик жамиятида бўлди

Шавкат Мирзиёев «Ўзбеккимёмаш заводи» акциядорлик жамиятида бўлди Президентимиз Чирчиқ шаҳридаги «Ўзбеккимёмаш заводи» акциядорлик жамиятида янги қуюв цехи ва йирик ҳажмли ускуналарни ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

«Ўзбеккимёмаш заводи» акциядорлик жамияти 1941 йил ташкил этилган. Корхона 1999 йил “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти таркибига ўтказилгач, маҳсулот турлари ва ишлаб чиқариш самарадорлиги янада ошди.

Бугунги кунда заводда нефть-газ, кимё ва озиқ-овқат саноати учун иссиқлик алмашиниш жиҳозлари, компрессорлар, насослар, нефть ва газни қайта ишлаш, кимёвий, бурғулаш ва ҳаво билан совутиш ускуналари, бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.

Корхона маҳсулотлари мамлакатимизнинг “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз” акциядорлик жамиятлари, “Шўртангазкимё” мажмуаси каби йирик саноат корхоналари, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украинага етказиб берилмоқда.

Ўтган йили 1,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 2 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.

Шу мақсадда корхонани модернизация ва диверсификация қилиш орқали замонавий технологиялар асосида металлни эритиш ва қуйишга мўлжалланган янги қуюв цехини барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Умумий қиймати 18,9 миллион долларлик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида заводда турли номенклатурадаги қуйма маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми йилига 4 минг тоннага етказилади.

Цех Европа мамлакатлари ва АҚШдан келтирилган ускуналар билан жиҳозланади. Лойиҳа 2019 йилнинг учинчи чорагида ишга туширилади.

Давлатимиз раҳбари корхона маҳсулотлари намуналарини кўздан кечирди. Заводнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришда бундай лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Шу ерда 2018-2019 йилларда Чирчиқ шаҳрини иқтисодий ривожлантириш дастури, шаҳарнинг бош режаси, Чирчиқ деҳқон бозорини қайта қуриш, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва Чирчиқ давлат педагогика институтлари жойлашган биноларни реконструкция қилиш, Бўзсув канали қирғоғини ободонлаштириш, Тошкент-Қибрай-Чирчиқ-Ғазалкент ва Чирчиқ-Ғазалкент автомобиль йўлларида тирбандликни камайтириш, Пскем ГЭСи ва тўғонини қуриш, Чорвоқ ГЭСи хавфсизлигини ошириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президентимиз ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Завод фаоллар залида ишчи-мутахассислар, Чирчиқ шаҳри жамоатчилиги, нуронийлар, ёшлар билан ўтказилган учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ёшлар бандлиги масалалари хусусида сўз юритилди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
14 549