ЎзА Ўзбек

28.07.2018 16:41 Чоп этиш версияси

Президентимиз ҳарбий алоқачилар билан учрашди

Президентимиз ҳарбий алоқачилар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Тошкент шаҳри Миробод туманидаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарига Тошкент ҳарбий округини ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа билан таъминлаш, қўшинларнинг мавжуд ва истиқболдаги бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар, алоқа тармоқларини модернизация қилиш, мазкур ҳарбий қисмда амалга оширилган таъмирлаш ишлари, жанговар ва ўқув-тайёргарлик жараёнини автоматлаштиришга доир лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Мамлакатимизда янги таҳрирдаги Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Ундан кўзланган асосий мақсад миллий армиямиз жанговар қудратини янада ошириш, халқимиз тинчлиги ва мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашдир. Бундан ташқари, доктринада Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойили, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, давлатимиз суверенитетини янада мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилган.

Мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада юзага келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар асосида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил этилди. Мудофаа вазирлиги қўшинларини қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва замонавий алоқа воситалари билан таъминлаш ишлари янги босқичга кўтарилди.

– Мудофаа тизимида энг асосийси – алоқа. Бугунги ахборот асрида тезкор хабар алмашув, айниқса, ҳарбийлар учун ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бу тизимни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, алоқа хавфсизлигини чуқур эгаллаган мутахассислар тайёрлаш бўйича янги стратегия ишлаб чиқиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Аскарлар орасидан техник-муҳандислик қобилиятга эга ёшларни саралаб олиш, алоқачи мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган ўқув юртларидаги таълим ва амалиёт дастурини такомиллаштириш, ҳарбийларни замонавий рақамли технологиялар бўйича ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари мудофаа вазирлиги қўшинларида мавжуд алоқа техникаси намуналари билан танишди. Ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитни кўздан кечирди, аскар ва офицерлар билан суҳбатлашди.

Президентимиз дала шароитида жанговар бошқарув марказида мамлакатимиздаги ҳарбий округлар раҳбарлари билан мулоқот қилди. Округ раҳбарлари давлатимиз раҳбарига жойларда мудофаа тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Учрашувда ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун жойларда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.

233ee00e-574c-9902-0abd-18150bb62a98.jpg

8b6c0558-616c-a135-9a7e-0677d2c1b120.jpg

d356b616-68b1-b340-6770-e8c64c3574d7.jpg

9a543b9c-a1b1-fac7-41c3-d2b26a06a43e.jpg

c2df66a4-abed-ad5d-39e6-6e0c27bdab6e.jpg

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА
8 169