ЎзА Ўзбек

26.07.2019 Чоп этиш версияси

Самарқанд халқаро аэропорти вилоятнинг туристик салоҳиятига муносиб бўлади

Самарқанд халқаро аэропорти вилоятнинг туристик салоҳиятига муносиб бўлади


Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд халқаро аэропортида мазкур мажмуани ривожлантиришга оид лойиҳа билан танишди.

1927 йилда фаолият бошлаган мазкур аэропортда 2009 йилгача бир неча марта қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Бугунги кунда бу ердан ҳафтада 37 маротаба тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий рейслар амалга оширилмоқда. Аэропортда жорий йилнинг 6 ойида 220 минг йўловчига хизмат кўрсатилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга кўпдир.

Кейинги йилларда юртимизда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли Самарқандга келадиган сайёҳлар оқими ҳам сезиларли даражада ошди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида вилоятга 1 миллион 433 минг турист ташриф буюрган. Уларнинг 227 минг нафарини хорижлик сайёҳлар ташкил этади. Ушбу рақамлар икки олдинги кўрсаткичлар билан таққосланганда, туристлар оқими тўрт баробар ошганлигини кўриш мумкин. Келгусида вилоятга келувчи сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, бунинг учун зарур инфратузилма яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар Самарқанднинг ҳаво дарвозаси имкониятларини ҳам кенгайтиришни тақозо этади.

Тақдим этилган лойиҳага кўра, мазкур аэропортда соатига 600 йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминал қуриш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, самолётлар тураргоҳини кенгайтириш, радиолокация тизимларини такомиллаштириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари аэропорт фаолиятида замонавий бошқарувни жорий қилиш, реконструкция мобайнида эса Самарқандга поезд ва автобуслар қатновини кўпайтириш, аҳоли ва туристларга муқобил қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.



6 174
Умар АСРОРОВ, Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА