ЎзА Ўзбек

06.07.2018 07:55 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга жўнаб кетди

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга жўнаб кетди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этиш учун 6 июль куни ушбу мамлакатга жўнаб кетди.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик азалий қардошлик, яхши қўшнилик ва ўзаро ҳурмат руҳида ривожланмоқда. Айниқса кейинги икки йилда ўзаро алоқалар барча соҳаларда янада фаоллашди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди. Ушбу ташриф чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон мустақил тараққиёт йўлини бир даврда бошлаган. Бугун мамлакатларимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Президент Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон халқига жорий йилги мурожаатида мамлакатни модернизация қилишнинг учинчи босқичи белгилаб берилди.

Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан биридир. Ўзбекистон қўшни мамлакатга табиий газ, автомобиллар ва транспорт воситалари, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш материаллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади.

Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Қозоғистонга ташрифи доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. 

Алоуддин Ғаффоров, ЎзА
9 104