Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 14:41 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев Наманганга келди

Шавкат Мирзиёев Наманганга келди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 май куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Наманган вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳар ва қишлоқлари қиёфаси кун сайин ўзгариб, обод бўлиб бормоқда, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январ-март ойларида вилоятда 2 триллион 121 миллиард 300 миллион сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,4 фоиз ўсиш қайд этилган. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 784,5 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,2 фоизга ўсишга эришилган.

Вилоятни ҳудудий риворжлантириш дастурларига асосан, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида 107 лойиҳа амалга оширилиб, минглаб янги иш ўрни яратилган.

Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Наманганга ташриф буюриб, вилоятда қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди.

Вилоятда олиб борилаётган бу каби ишлар, белгиланган вазифаларнинг ижроси ва лойиҳаларнинг амалий натижаси Президентимизнинг доимий эътиборида. Бу галги ташриф давомида давлатимиз раҳбарининг янги лойиҳалар билан танишиши, тадбиркор ва инвесторлар ҳамда аҳоли вакиллари билан учрашиши кўзда тутилган. Шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинади.

Акромжон Сатторов, ЎзА
10 307