Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 15:48 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида бўлди

Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида бўлди Илгари тадбиркорликни бошламоқчи бўлган одам ойлаб, йиллаб сарсон бўларди. Сабаби, тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун жуда кўп ҳужжат, қоғозбозлик талаб қилинарди. Уларни тўғрилаш учун турли-туман идораларга қатнаш, соатлаб навбат кутишга тўғри келарди. Бундан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлиб, ишини ташлаб кетарди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, унинг шаҳар ва туман марказлари ташкил этилди, “ягона дарча” марказлари Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият кўрсатувчи давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Авваллари “ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, 2018 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари марказлари аҳолига ҳам хизматларни тақдим этиши белгилаб қўйилди.

Чунки Халқ қабулхоналари қисқа муддатда одамларнинг миллионлаб муаммосига ечим топиб, давлат ва аҳоли ўртасида ўзига хос кўприкка айланди. Энди Халқ қабулхоналари билан бир жойда фаолият олиб борадиган давлат хизматлари марказларида жисмоний ва юридик шахсларга тез, қулай, шаффоф давлат хизматлари кўрсатилади. 

9e78a6cc-384e-5b70-0283-7846bfa2c432.jpg

Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига “Карбонам” МЧЖ тасарруфидаги фойдаланилмай турган тўрт қаватли бино берилди. 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига амалга оширилган реконструкция ва жиҳозлаш ишларидан сўнг бино замонавий қиёфа касб этди.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, кунига 800-1000 фуқаро ва тадбиркорга 50 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шохобчаси жойлашган. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида биринчи қаватда болалар майдончаси, кафе ташкил этилган.

fbfcf5a7-a53b-6073-3dc9-4d45a5f91a83.jpg

Давлатимиз раҳбари марказдаги шарт-шароитлар билан танишди, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш жараёнини кўздан кечирди. Тўлиқ электронлаштирилган мазкур тизим орқали фуқароларга 5 дақиқада янги тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

– Биз бу хизматни нима учун ташкил қилдик? Адолат бузилмаслиги, коррупция бўлмаслиги, одамлар қийналмаслиги учун, – деди Президентимиз. – Ушбу муассаса давлат хизматлари марказлари фаолиятини ташкил этишнинг Наманган тажрибаси, одамлар билан мулоқотнинг янги намунаси бўлади. Энг катта ютуғимиз бундай идораларда энди фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади.

Муассасанинг учинчи қаватида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолият кўрсатмоқда. 

628769cf-1b3b-f945-c938-40ff500bce27.jpg

Президентимиз хотин-қизлар муаммоларини бартараф этиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасида Республика хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази олдида турган масалаларга эътибор қаратди. Оилаларнинг ижтимоий аҳволини вилоятнинг ҳар бир тумани бўйича ўрганиш ва илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, хотин-қизлар бандлиги, тиббий маданияти бўйича таҳлиллар олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

– Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари энди йиғилишма-йиғилиш юрмайди, ўз участкасидаги аёллар муаммолари билан шуғулланади. Бу соҳадаги энг катта иллат – хотин-қизлар қўмиталари ўз ортидан ҳеч кимни эргаштиролмайди. Бунга барҳам берилсагина жамиятимиздаги маънавий муҳит ўзгаради, хотин-қизлар муаммолари камаяди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Хотин-қизлар ишсизлигининг олдини олиш, кўрсатилаётган тиббий хизматни, уй-жой шароитини яхшилаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари ташрифидан сўнг “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Наманган шаҳар ва 11 туман бўлимларига “Spark” русумли автомобиллар топширилди.

Матназар Элмуродов, Акрамжон Сатторов, ЎзА
7 605