ЎзА Ўзбек

12.06.2018 11:29 Чоп этиш версияси

Фарғона анори – юрт ифтихори

Фарғона анори – юрт ифтихори
Президентимиз Фарғона вилоятига ташриф буюриб, дастлаб Фарғона-Қува йўналишида янги барпо этилган “Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини, айниқса, боғдорчиликни ривожлантириш, мева-сабзавотлар экспорти салмоғини ошириш борасида истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, аграр соҳа маҳсулотлари етиштириш ва уни экспорт қилишда салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Бу заминда етиштирилаётган анорлар ўзининг мазаси билан дунёга машҳур. Айни кунларда анорнинг серҳосил ва иқлим шароитига мос янги навларини яратиш, анорзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Фарғона анорчилик” агрофирмасида амалга оширилаётган ишлар бунга яққол мисолдир.

Анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда экотуризм хизматлари кўрсатишга ихтисослашган агрофирманинг умумий майдони 300 гектардан ортиқ. Айни пайтда шундан 289 гектарига 15 навга яқин 272 минг тупдан зиёд анор кўчатлари экилиб, парваришланмоқда. Беш юзга яқин кишининг бандлиги таъминланган. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Шундан сўнг, анорзор тўлиқ ҳосилга киргач 10 минг тонна маҳсулот етиштирилади.

54f78f5e-4caf-50b1-0a15-c59c39db8500.jpg

Агрофирмага 2018-2020 йилларда инвестиция киритиш йўли билан Исроил давлатидан қадоқлаш, Италиядан маҳсулот қабул қилиш, ювиш ва саралаш ускуналари, Нидерландиядан музлатгич агрегатлари келтириб ўрнатиш мўлжалланмоқда. Натижада 2 минг 400 тонна шарбат маҳсулоти, 3 минг 600 тонна сараланган анор доначалари, 4 минг тонна қадоқланган анор тайёрланади.

Шу ернинг ўзида вилоятда агрологистика маркази, анорзорлар ташкил этиш, паррандачилик, эчкичилик, қорамолчилик, туячилик, балиқчилик, лимон, уруғлик картошка етиштириш, асаларичиликни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

a049c2e3-c062-ff86-dbe3-6b3f25818c3e.jpg

Анор бу – даромад манбайи. Бугунги кунда мамлакатимизда анорчиликни биладиган кадр йўқ. Фарғона давлат университетида анорчиликни ривожлантириш кафедрасини очиб, янги навлар яратиш, мутахассислар тайёрлаш керак. Шунда бу соҳадан кўпроқ даромад олиб, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш мумкин, деди Президентимиз.

Умар Асроров, ЎзА
9 073