ЎзА Ўзбек

10.05.2019 18:48 Чоп этиш версияси

Шавкат МИРЗИЁЕВ: Коллеж ва лицейлардан бўшаган бинолардан унумли фойдаланиш зарур

Шавкат МИРЗИЁЕВ: Коллеж ва лицейлардан бўшаган бинолардан унумли фойдаланиш зарур

Давлатимиз раҳбари Учтепа туманидаги 238- сонли умумий ўрта таълим мактабида қурилган янги ўқув биноси билан танишди. 

Учтепа тумани Бирлик маҳалласи Чилонзор 21-мавзеда жойлашган мазкур таълим муассасаси 1969 йилда қурилган. Мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастур асосида 2006 йилда жорий таъмирланган мазкур таълим муассасасида 2 минг 600 дан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Ўқувчилар ўзбек ва рус тилларида икки сменада ўқитилади. 

1598d70c-5860-6bb2-41be-48502d2fac2f.jpg

Умумий ер майдони 25,3 гектарни ташкил этадиган муассасада қурилган янги ўқув биноси қурилишига 2 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағи сарфланди. Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган Инвестиция дастури асосида қурилган янги ўқув биноси 240 ўринга мўлжалланган. Кутубхона, мусиқа, технология, инглиз тили, тасвирий санъат каби 12 ўқув хоналари замонавий жиҳозланган. “Ёшлар театр студияси” клуби, “Ёш ижодкорлар”, “Халқ чолғулари”, “Компьютер ўйинлари”, “Дастурлаш ва компьютер сабоқлари”, “Тадбиркор қизлар”, тикувчилик ва бичувчилик тўгараклари ўқувчилар ихтиёрида. Кутубхонада Wi Fi зонаси ташкил этилган бўлиб, ўқувчилар электрон ва аудио китоблардан бемалол фойдаланиши мумкин.

ed037da4-e259-d2f7-177b-49482c68d4f3.jpg

Президентимиз янги бинода олиб борилган қурилиш ишлари ва яратилган шароитлар билан танишди. Таълим тизимига замонавий ўқув дастурларини жорий этиш бўйича тавсиялар берди. 

.Шу ерда Президентимизга Тошкент шаҳар халқ таълими муассасаларининг бугунги аҳволи ва умумий ўрта таълим мактабларининг моддий техник таъминоти ва ўқувчилар қамрови бўйича маълумот берилди. 

Тошкент шаҳрида айни пайтда 303 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд. Уларда 409 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. 217 та мактабда ўқувчилар 2-3 навабтада таълим олади. 2019-2020 ўқув йилида ўқувчилар сони 450 мингга етиб, қўшимча 140 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж пайдо бўлади.

57a7e064-db28-ee80-5a9c-a06802cf22d4.jpg

Шунинг учун 9 та маҳаллада янги мактаб, 37 та мактабда қўшимча бинолар қуриш, жумладан, жорий йилда 7 минг 350 ўринли 5 та янги мактаб қуриш таклифи илгари сурилди.

Янги мактаб қуришдан олдин бор имкониятлардан, жумладан, коллеж ва лицейлардан бўшаган бинолардан унумли фойдаланиш зурур. Уларни жойлашувини ҳар томонлама ўрганиб мактабларга бериш керак. Мактаблар қурилишига, архитектурасига янгича услубда ёндошиш, яъни эскича лойиҳалардан воз кечиш, энг асосийси 4 қаватли мактаб бинолари қуриш мақсадга мувофиқ бўлади, деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари умумий ўрта таълим мактабидаги шароитлар билан танишди. Синф хоналари, футбол, баскетбол, волейбол майдончалари, ёпиқ спорт залида ўқувчилар учун яратилган қулайликни кўрди. Ўқувчилар учун зарур шароитлар яратиш, кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ўқитувчиларнинг моддий манфаатдорлигини яхшилаш ва ўқитиш тизими самарадорлигини янада ошириш юзасидан тавсиялар берди.

Алоуддин ҒАФФОРОВ, ЎзА
5 842