Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.12.2017 18:16 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев: Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш – энг муҳим вазифамиз

Пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасида Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий маркази барпо этилади.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда етакчи соҳа ва тармоқларни инновацион ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Мамлакатимизда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболли ютуқларини тарғиб қилиш, бу борада самарали механизмларни ишлаб чиқиш, илмий-экспериментал ихтисослашган лабораториялар, юқори технологик марказлар, технопарклар ва бошқа инновацион тузилмаларни мустаҳкамлаш янги вазирликнинг фаолият йўналишларидандир.

Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий марказида бунинг учун барча шароит яратилади. Вазирлик ҳам шу марказда жойлашади.

Ушбу муассасада илмий-консультатив, иқтисодиёт тармоқлари инновацион эҳтиёжларини ўрганиш, ёшлар инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш хизматлари, масофавий таълим курслари йўлга қўйилади. Иқтидорли ёшлар бу ерда янги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида старт-ап лойиҳаларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз. Шунинг учун ушбу фаолиятни замон талаблари даражасида ривожлантириш янги вазирлик, қолаверса, ушбу марказнинг асосий вазифаси бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари марказни ёшлар ва бутун зиёлилар қатлами учун янада қулай қилиб лойиҳалаштириш, ҳудудда инновацион ютуқлардан фойдаланган ҳолда шароитлар яратиш бўйича муҳим топшириқлар берди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
4 872






Все о погоде - Pogoda.uz