Шавкат Мирзиёев: ички ишлар идораларини халққа яқинлаштириш аҳолининг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашга хизмат қилади
Президентимиз Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси 8-шаҳар ички ишлар бўлими фаолияти билан танишди.
Президентимиз Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси 8-шаҳар ички ишлар бўлими фаолияти билан танишди.Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, ички ишлар органлари тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ички ишларни халқимизга янада яқинлаштириш, жиноят содир этилишининг олдини олиш, профилактика тадбирларини кучайтириш мақсадида пойтахтимиз туманлари ички ишлар бошқармалари қошида шаҳар ички ишлар бўлимлари ташкил этилмоқда.
Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси 8-шаҳар ички ишлар бўлимида вояга етмаганлар ва ёшлар бўйича инспектор, тезкор вакил, суриштирувчи, паспорт инспектори, профилактика инспектори фаолият кўрсатади. Ички ишлар бўлими соҳага оид энг замонавий компьютер ускуналари билан жиҳозланган. Бу Алишер Навоий, Бобур, Шукур Бурҳонов номидаги, "Гулзор", "Янги ҳаёт", "Катта қорасув", "Шўртепа" маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 32 мингдан ортиқ аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда ўз самарасини беради. Ҳудуд аҳолиси турли масалаларда туман ички ишлар бошқармасига мурожаат этмасдан шу ерда ўз муаммоларини ҳал қилиши мумкин.
Президентимиз 8-шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари билан мулоқот қилди, замонавий технологиялар бўйича амалга оширилаётган иш жараёни билан танишди.
Ички ишлар идораларини халққа яқинлаштиришдан мақсад жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг асл сабабларини аниқлаш, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва тинч ҳаётини таъминлашдан иборат, деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда "Автокон" – автомашиналарнинг давлат рақамларини автоматик аниқлаш ва қоидабузарликларни қайд этиш махсус аппаратининг тақдимоти ўтказилди. Йўл ҳаракати инспектори машинасига ўрнатиладиган ушбу махсус қурилма қоидабузарлик содир этиб, жарима тўламай юрган транспорт воситаларини бевосита ҳаракат жараёнида аниқлаш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари ушбу қурилмани янада такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.