ЎзА Ўзбек

12.06.2018 21:21 Чоп этиш версияси

Мактабгача таълим соҳасига янги тизим жорий этилади

Мактабгача таълим соҳасига янги тизим жорий этилади Президент Шавкат Мирзиёев Олтиариқ тумани Қапчиғой маҳалласидаги “Smart kids” нодавлат мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан танишди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида давлат-хусусий шериклик асосида янгидан барпо этилган мазкур маскан 210 болага мўлжалланган. Муассаса болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи замонавий инвентарлар, илғор педагогик технологиялар билан жиҳозланган.

Болалар кутубхонаси, ёзги ўйин майдончаси, сузиш ҳавзаси, спорт майдони, 8 гуруҳга мўлжалланган ётоқхона, машғулот ва мусиқа заллари, овқатланиш хонаси, айниқса, тарбиявий ўйинчоқлар ва ранг-баранг ўқув қуроллари кичкинтойларга болалик гаштини суриш ва муносиб тарбияланиш имконини яратади. Инглиз ва рус тиллари, ментал арифметиканинг янги инновацион услублар асосида ўргатилиши “Smart kids” фаолиятининг жаҳон стандарти талабларига мос мазмун касб этишини англатади.

Президентимиз ушбу инновацион боғчада болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 38 та шундай замонавий мактабгача таълим муассасаси ишга тушган. Жорий йилда ҳудудда яна 9 та ана шундай нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этиш мўлжалланган.

MTM 02.jpg

Шу ерда мактабгача таълим тизимида татбиқ этилаётган Интеграциялашган мониторинг электрон тизими тақдимоти ўтказилди. Ушбу тизимда болаларнинг туғилишидан то вояга етгунча бўлган ҳолати, соғлиги, ривожланиши, ўзлаштириши ҳақида маълумотлар базаси тўпланади. Бундай ёндашув таълим-тарбия тизими учун янгилик бўлиб, фарзандларимизнинг билимли, салоҳиятли бўлиб улғайишида муҳим омил бўлади. 

MTM 03.jpg

Давлатимиз раҳбари мактабгача таълим соҳасидаги маълумотларни кузатиш, таҳлил қилиш имконини берувчи мазкур янги тизим таълим-тарбияда келгуси йўналишларни белгилаш имконини беришини таъкидлади. Ушбу электрон тизимни маълумотлар билан тўлдириш, уни таълимнинг кейинги босқичларида ҳам қўллаш бўйича топшириқлар берди.

Матназар Элмуродов, Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
23 908