Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.07.2018 19:21 Чоп этиш версияси

Ички ишлар органлари чинакам халқчил тизимга айланмоғи керак

Ички ишлар органлари чинакам халқчил тизимга айланмоғи керак
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, прокуратура, ички ишлар ва мудофаа вазирликлари раҳбарлари, Миллий гвардия қўмондони ва Олий суд раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимлари иштирок этди.

Қонун устуворлигини таъминламасдан, жиноятчиликнинг олдини олмасдан халқ ишончини қозониш мумкин эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда, барча даражадаги раҳбарлардан қатъий масъулият ва жавобгарлик талаб қилинмоқда.

Шу мақсадда ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинди. Жумладан, илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, энди 35 фоизи идораларда қолдирилиб, 65 фоизи аҳолига яқин бўлиши учун маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузурида ишлай бошлади. Тизимни такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинди.

Аммо бундай чора-тадбирларга қарамасдан, жойларда ҳали жиноятчиликнинг туб илдизига тўлиқ етиб борилмаяпти. Жиноятларнинг асл сабаблари ўрганилмаяпти, маҳалла, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларидаги муҳокамалар номига ташкил қилиниб, расмиятчиликдан нарига ўтмаяпти.

Маълумотларга қараганда, 2017 йилда жиноятлар 2016 йилга нисбатан 16 фоизга, жорий йил 6 ойида эса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 фоизга камайган. Лекин қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони ҳамон юқорилигича қолмоқда.

– Ҳамма бирдек енг шимариб, муаммолардан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олган ва унинг туб моҳиятини тушунтирганида эди, бугунги аҳвол ва рақамлар умуман бошқача бўларди, – деди давлатимиз раҳбари. – Афсуски, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳанузгача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз.

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш амалиёти авж олган. Шу сабабли энди жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар бутунлай янгича тизимда ташкил этилади. Бу тизим “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланади. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Оммавий ахборот воситаларида “Жиноят ҳақиқати ва адолат” рукни ташкил этилиб, барча ишлар батафсил ёритиб борилади.

Шуни инобатга олган ҳолда, Тошкент шаҳрида жорий этила бошлаган “Хавфсиз пойтахт” концепциясини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида “Хавфсиз шаҳар” шаклида йўлга қўйиш, бунда ҳар бир ҳудуднинг ўз хусусиятларини ҳисобга олиш лозимлиги таъкидланди. Бош вазир, Бош прокурор, ички ишлар ва мудофаа вазирлари, Миллий гвардия қўмондони ва Олий суд раисига бу борада тегишли топшириқлар берилди.

Жиноятчиликка қарши курашишда ҳуқуқбузарликлар ва уларни содир этишга мойил шахслар ҳисобини юритишнинг самарали механизмини жорий этиш зарур. Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарликларнинг ягона ҳисобини юритиш, таҳлил қилиш ва ўзаро ахборот алмашувига масъул Ахборот маркази эса лоқайд масканга айланиб қолган. Бунга чек қўйиш учун Ахборот марказини Бош прокуратура таркибига ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олишнинг электрон тизимини жорий қилиш лозим. Бу ишларнинг узвий давоми сифатида ҳар бир ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти рейтингини жорий этиш керак.

Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлайдиган бошқа ташкилотлар, ҳокимликлар, ички ишлар бўлимларида ёшлар бўйича ўринбосар лавозими жорий этилди. Лекин жиноят содир бўлганда уларнинг фаоллиги кўзга ташланмаяпти. Жойлардаги масъуллар жиноят бўйича муҳокамаларни ўзлари ташкиллаштириши ва сабабларини аниқлаши, оммавий ахборот воситаларида бевосита чиқиб маълумот бериши даркор. Шундагина ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш мумкин бўлади. Акс ҳолда, ҳамма жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш ўрнига унинг оқибатлари билан овора бўлиб қолаверади.

Йиғилишда сўнгги пайтда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани билан боғлиқ муаммо муҳокама қилинди. Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга оид дастурлар доирасида психиатрия шифохоналари ва психоневрология диспансерларининг моддий-техник базаси яхшилангани, кадрлар малакасини ошириш тизими йўлга қўйилгани, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази, туман хотин-қизлар қўмиталари ҳузурида махсус марказлар ташкил этилаётгани, “хавф остидаги гуруҳ”да бўлган шахсларнинг ягона электрон базаси шакллантирилаётганига қарамай, масъулларнинг бу масалага ёндашув ва муносабатида кескин ўзгариш кузатилмаяпти. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳар бир ҳодисага “фавқулодда ҳолат” сифатида қараши, таълим муассасаларида ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймасликка қаратилган психологик дастурлар ишлаб чиқиши лозим. Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз жонига қасд қилишга нисбатан муқаддас динимизнинг муносабатини таъсирчан усулларда кенг оммага тушунтириши зарур.

Жорий йил 6 ойида рўйхатга олинган жиноятларни асосан ўғрилик, фирибгарлик, талончилик ва босқинчилик ташкил қилган. Бу ҳолат профилактика, жиноят-қидирув ва қўриқлаш хизматлари фаолияти мутлақо қониқарсиз эканидан далолат беради. Масалан, юртимиздаги хонадонларнинг 0,7, тадбиркорлик объектларининг 12 фоизигина қўриқлаш пультига уланган, оммавий жойлардаги видеокамералар ягона тизимга уланмаган. Яъни, қўриқлаш хизмати ҳамон эскича тизимда ишламоқда, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда сусткашликка йўл қўймоқда. Бундай ҳолатлар жиноятлар очилмай қолишининг сабабларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қўриқлаш хизмати фаолиятини янги тизим асосида ташкил этиш, ахборот технологияларини тўлиқ жорий қилиш, давлат-хусусий шерикликка мувофиқ сервис сифати ва кўламини ошириш лозим.

Йиғилишда ёшлар орасида жиноятчилик камаймаётгани масаласи кўриб чиқилди. Жорий йилнинг 6 ойида юртимизда қайд этилган жами жиноятларнинг 30 фоизида ёшларнинг қўли борлиги ачинарлидир. Бунинг сабаби ёшлар ягона ғоя, ягона мақсадлар йўлида жипслаштирилмаётгани, таълим-тарбия ва бандликни таъминлашда кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилмаётганидадир. Масалан, бир йилда 600 мингдан зиёд йигит-қиз мактаб, лицей ва коллежларни битиради. Олий ўқув юртлари уларнинг 10-15 фоизини қабул қилади. Демак, қолганлар эртага ким бўлиши ҳақида бош қотириш зарур. Уларга муносиб шароит яратиб берилмас экан, эртага ниманидир талаб қилишга ҳеч кимнинг маънавий ҳуқуқи бўлмайди. Шунинг учун ҳам “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури қабул қилинди, 800 миллиард сўм маблағ айнан ёшлар тадбиркорлиги, бандлиги учун йўналтирилди. Масъуллар уйма-уй юриб, ёшлар билан суҳбатлашиши, уларнинг орзу-мақсадларини билиш орқали ушбу дастурнинг тўлиқ ижросини таъминлаши лозим.

Йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайгани билан боғлиқ масала муҳокама қилиниб, бу борада энг асосий муаммо ҳайдовчи ва пиёдаларнинг билим-кўникмалари, қонунга итоаткорлик ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига ўзаро ҳурмат маданиятининг ўта пастлигида экани таъкидланди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо қўлланиляпти, лекин натижа кутилганидек эмас. Йўлларнинг аҳволи, йўл белгиларини хатловдан ўтказиш, уларни босқичма-босқич замонавий қопламали йўл белгилари билан алмаштириш борасидаги ишлар талабга жавоб бермайди. Ички ишлар вазирлиги, Автомобиль транспорти агентлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси 2018-2022 йилларга мўлжалланган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясида кўрсатилган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаши даркор. Шу билан бирга, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш, ҳудудларда магистраль йўлларни хусусийлаштириш, пуллик хизматни йўлга қўйиш, йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш чораларини кўриш керак.

Мана шундай камчиликлар туфайли ички ишлар идоралари чинакам “Халқчил ички ишлар органлари”га айланмаяпти. Ҳанузгача мурожаатларни эътиборсиз қолдириш, хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашиш ҳолатлари мавжуд. Кейинги вақтларда тизим ходимларининг номақбул ҳаракатлари, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишига доир ҳолатлар интернетда кенг муҳокама қилинаётгани ички ишлар органларининг обрўсига путур етказмоқда. Ички ишлар вазирлиги кенгайтирилган ҳайъат мажлиси ўтказиб, бундай ҳодисаларни муҳокама қилиши, келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриши лозим.

Маълумки, ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси фаолиятини самарали ташкил этиш учун 5 та минтақавий ишчи гуруҳнинг ҳар бирига тегишли ҳудуд ва масъул раҳбарлар бириктирилиб, аниқ вазифалар юклатилган. Сони ошган жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган шарт-шароит ўрганилиб, ҳар бир турдаги жиноятнинг барвақт олдини олишга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги тадбирлар қоғозда қолиб кетмаслиги кераклигини, ҳар бир тадбир, ҳар бир ҳаракат аниқ натижага қаратилган бўлиши, аҳолининг мушкулини енгил қилишга сафарбар этилиши зарурлигини қайд этди. Бунинг учун Республика комиссияси ҳар бир туман ва шаҳарга криминоген вазият нуқтаи назаридан “ташхис” қўйиб, унинг натижасига кўра мамлакатнинг криминоген харитасини ишлаб чиқиши керак.

Айни пайтда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳаммага, жумладан, судларга ҳам бирдек тегишли вазифадир. Лекин айрим судлар раислари нафақат бу ишни, балки ўзига юклатилган профессионал вазифаларни ҳам лозим даражада бажармаяпти. Шу нуқтаи назардан, Судьялар олий кенгаши, Олий суд судларда ишни тўғри ва самарали ташкил этиш, суд раислари фаолиятини баҳолашнинг аниқ мезонларини белгилаш, жиноятчиликнинг олдини олишда судларнинг иштироки ва масъулиятини ошириш бўйича аниқ тадбирлар кўриши даркор.

Муҳокама қилинган барча масалаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, ички ишлар органларининг таҳлилий-ҳуқуқий ва прогнозлаш фаолияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Таҳлил қилиш қобилиятига эга кадрларни тарбиялаш борасида Ички ишлар вазирлиги академиясининг фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Чунки, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда унинг динамикасини прогноз қилиш муҳим шартлардан ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, тегишли мутасаддиларга ички ишлар органларининг бошқарув, тизимли таҳлил, прогноз ва назорат йўналишларидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, аниқ мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

ЎзА
16 481