ЎзА Ўзбек

01.08.2019 22:25 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев Беларуснинг етакчи инновацион компанияларини Ўзбекистонга таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев Беларуснинг етакчи инновацион компанияларини Ўзбекистонга таклиф қилди


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Бош вазири Сергей Румас ҳамроҳлигида "Беларусь" юқори технологиялар парки фаолияти билан танишди.

Ушбу парк 2005 йилда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга қулай муҳит яратиш, шу орқали мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ташкил этилган. 2014 йилда унга қатор имтиёзлар берилиб, фаолият йўналишлари кенгайтирилган.

Бугунги кунда "Беларусь" ЮТП дастурлаш, ахборот технологиялари, иқтисодиёт тармоқлари учун инновацион ечимлар, консалтинг ва бошқа йўналишларда етакчи марказлардан бирига айланган. Бу ерда ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотларнинг 90 фоиздан зиёди экспорт қилинмоқда, 67 мамлакат компаниялари уларнинг буюртмачилари ҳисобланади.

Президентимизга Юқори технологиялар паркида банк-молия, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, экология ва бошқа соҳалар учун яратилган инновацион ечим ва ишланмалар ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур технопарк резидентлари имкониятларининг Ўзбекистонда тақдимотини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш бўйича алоқаларни кенгайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига расмий ташрифи ниҳоясига етди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.



ЎзА
9 699