Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2018 19:15 Чоп этиш версияси

Президентимиз Оқдарё туманидаги гидропоника усулидаги иссиқхона фаолияти билан танишди

Президентимиз Оқдарё туманидаги гидропоника усулидаги иссиқхона фаолияти билан танишди
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини, бозорларда тўкин-сочинликни таъминлашга Самарқанд вилояти деҳқонлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи доирасида Оқдарё туманидаги “Даромад бахт омад” масъулияти чекланган жамияти томонидан гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхона билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчилар билан суҳбатлашди.

Гидропоника – бу ўсимликларни сунъий муҳитда тупроқсиз етиштириш усулидир. Ўсимликлар озуқани илдизларини ўраб турган эритмадан олади.

d017f241-02a3-458e-8d29-2284ed91fbe5.jpg

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш мақсадида барча ҳудудларда гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, минглаб иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.

Гидропоника типидаги иссиқхонанинг яна бир афзаллиги шундаки, махсус унумдор ерга зарурат йўқ. Тўлиқ автоматлаштирилган назорат тизими билан бошқарилади. Жойдан максимал даражада фойдаланиш имконияти мавжуд. Маҳсулот етиштириш учун сарфланган энергия ресурслари анча арзон. Тежамкор усулда суғориш ва озиқлантириш тизими мавжуд. Ёритиш ва суғориш учун махсус қуёш панелларидан фойдаланиш мумкин.

Айни пайтда “Даромад бахт омад” масъулияти чекланган жамиятида 4 гектар майдонда гидропоника усулида ташкил этилган ташкил этилган иссиқхонада помидор парваришланмоқда. 22 доимий 30 дан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Шу кунгача 220 тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилиб, 90 тоннаси Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинди.

- Оқдарё туманини пахтадан озод қилдик, - деди Президент. - Туманнинг зах, тошлоқ ерларига гидропоника жуда мос. Бундай иссиқхоналарни кенгайтириш, нима бозорбоп бўлса, шуни экиш керак. Бу йўналишни ривожлантириш учун мутахассислар тайёрлаш зарур.

Шу ерда Самарқанд вилоятида паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш, мева-сабзавот етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Президент лойиҳалар қамровини ошириш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди. Тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари соя ёғи харидоргир ва соғлиқ учун фойдали экани, унинг шроти парранда учун зарур озуқа бўлишини таъкидлади. Соя етиштирувчилар ассоциациясини тузиш бўйича кўрсатма берди.

Президентимиз Оқдарё туманидаги “Муштарий Оқдарё” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик фабрикасида ҳам бўлди.

6011261c-ece1-be90-44e7-afada2e55e7e.jpg

Ўтган йили ноябрда иш бошлаган ушбу корхонада 20 хилдаги хотин-қизлар ва болалар учун трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда беш юзга яқин хотин-қизлар ҳамда коллеж битирувчилари меҳнат қилмоқда.

Табиий матодан ишлаб чиқарилаётган сифатли кийим-кечакларнинг асосий қисми Россия, АҚШ ва Қозоғистонга экспорт қилинмоқда.

e8745e8f-48ba-a3d0-7ec9-639f4ce418bb.jpg

Президент фабрикадаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, маҳсулотларни кўздан кечирди, ходимлар билан суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев бундай замонавий корхоналар иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутишини, шу каби фабрикаларни ҳар бир туманда камида иккитадан ташкил этиш, трикотаж кластерлари яратиш зарурлигини таъкидлади.

- Биринчи навбатда иқтисоди нисбатан оғир бўлган Қўшработ, Нуробод сингари туманларда бу каби трикотаж корхоналарини ташкил қилишимиз керак, - деди Президент. - Қанча кўп иш ўрни яратсак, аҳоли биздан шунча рози бўлади, турмуш фаровонлиги яхшиланади.

Шу ерда енгил саноат ва гидроэнергетика соҳаларидаги имкониятлар, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, микрогэслар барпо этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.



Зиёдулла Жонибеков, ЎзА
12 679